Намозда қандай қилиб хушуъ қиласиз?

0 4 188

    Намоз Исломнинг энг муҳим рукнларидан бири эканлиги барчамизга маълум. Шу сабаб хушуъ масаласида турли қийинчиликларга дуч келинади. Намоз банда билан Роббиси орасидаги боғланишдир. Холиқимиз азза ва жалла намоз тўғри ва мақбул бўлиши учун бизларга уни рукнлари, шартлари билан батамом суратда адо этишимизни амр қилган. Лекин минг афсуски, кўпчилигимиз намозимизда хушуъ даражасига ета олмаймиз, диққат қила олмаймиз. Балки намозда у ёқ-бу ёққа ўтлаб, фикримиз қочиб, ҳаттоки қайси ракъатдалигимизни унутадиган даражага келиб қоламиз. Баъзан намозни қайта ўқишга ҳам тўғри келиб қолади. Шу билан бирга биз билишимиз керак бўлган нарса шуки, шайтонни энг маҳзун қиладиган нарса, банда намозини диққат ва хушуъ ила батамом адо этишидир. Шу сабаб шайтон намозларимизда бизни чалғитмоқчи бўлади. Намоз учун махсус шайтон бор бўлиб, унинг исми Ханзаблиги ворид бўлган. Имом Муслимнинг саҳиҳларида Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, шайтон мен билан намозим ва қироатим орасида тўсиқ бўлди. У мени қироатда илтибосга солаяпти», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўша Ханзаб деб номланадиган шайтондир. Қачон уни ҳис қилсанг: «Аъузу биллаҳи»ни айтгин-да, чап томонга уч марта туфлагин», дедилар.
У: «Мен ўшандоқ қилган эдим, Аллоҳ мендан уни кетказди», деди», дейилгани ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рост сўзлаганлар. Ханзаб намоз ўқиётганимизда бизларга васваса қилади. Ўй фикрларимизни бошқа нарсалар билан машғул қилади.
Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда сиз азизларга намозларингиз хушуъ ва диққат билан мукаммал бўлиши учун баъзи тавсияларни тақдим қилмоқчимиз.
1. Намоз учун тайёргарлик:
Аввало намозни адо этадиган ерингизга эътибор беринг. Агар у шовқинли ер бўлса, бошқа тинч жойни танланг. Эркаклар учун энг яхши жой, масжид, жамоат ичида намоз ўқишдир. Аёллар эса, уйидаги энг тинч хонани ўзига намозгоҳ тутсин. Турли шовқин ва чалғитувчи нарсалардан узоқда бўлсин. Масалан: телевизор, телефон, болаларнинг шовқини ва ҳк. Мана шу омилга эътибор берилса, секин аста ўз таъсирини кўрсатади.
Шу билан бирга намознинг маъносини яхши англаш лозим. У фақатгина қуруқ ҳаракатлардан иборат бўлган нарса эмас, балки у Ислом шиорларларидан биридир. Шунингдек, намоз асносида тиловат қилинадиган оятларнинг маъносини ҳам яхши англамоқ керак. Токи ўқилаётган Қуръони Карим қуруқ сўзлардан иборат бўлиб қолмасин. Уни ҳар бир ҳарфини фаҳмлаб,  ўзда сингдириш керак. Имомдан тингланаётганда ҳам шундай ҳолатда бўлиш керак. Ақл ҳаким оятларга огоҳ бўлиши даркор. Мана шу омиллар намоз ўқувчини хушуъ оламига олиб боради.
Эркаклар намозни масжидда адо этишга ҳарис бўлмоқлари лозим. Намозни жамоатда, мусулмонлар билан бирга адо этиш ўзгача руҳ бағишлайди. Шу билан бирга жамоат намозига иқома айтиб бўлинганидан кейин шошиб келиб қўшилмасдан, намоз бошланишидан аввал келиб, намозни кутиш керак. Бундай қилиш намознинг руҳониятини ҳис қилишга ёрдам беради. Ўзингизни Аллоҳ таолонинг рўпарасида эканлигингизни  ҳис қилишга фурсат беради.
Намозингизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ равишда адо этишни батафсил ўрганинг. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларида: «Мени намоз ўқиётганимни кўрганингиздек намоз ўқинг», деганлар. Бунинг маъноси, намознинг ҳар бир ҳаракатига ўз миқдорини, вақтини беришдир. Айниқса, рукуъ, сажда ва ташаҳҳуд пайтида шошмасликдир. Қироатни ҳам ўрнига қўйиб адо этишдир. Набавий суннатига амал қилиш, намозда хушуъ ҳосил бўлишига олиб бориши шубҳасиздир.
Намоз вақти киришидан аввал, дунёнинг шовқин суронидан узилиб, ақлингизга бироз дам беринг. Ўйингизни намозга қаратинг. Руҳиятингизни намозга ҳозир қилишингиз жуда ҳам муҳимдир. «Ҳозир имтиҳондан ўтаман», деб хаёл қилинг. Шунда онгингизда намозга нисбатан бутун диққатни жамлаш учун тайёргарлик бошланиши аниқ. Шунингдек, сиз шайтон билан, нафсингиз билан, дунё билан курашга киришасиз. Роббингиз азза ва жалла олдида хушуъингиз зиёда бўлиши учун таҳорат олишингиз ва намоз ўқишингиз орасида беш дақиқа ажратинг. Унда Аллоҳнинг зикрини қилинг, истиғфор айтинг. Шунда сиз турли ўйларни, қийинчиликларни ва дунё ташвишларини бир четга сурасиз ва ўзингизни намоз учун ҳозирлаган бўласиз.
Шу билан бирга руҳий босимлардан ҳам халос бўлиш керак.
Намозга муносиб, Аллоҳ таолонинг олдида туришга муносиб гўзал ва тоза либосларни кийинг.
Намозингизда тиловат қиладиган сураларингизни ёки оятларингизни аввалдан тайин қилинг. Ҳадеб бир хил маълум қисқа сураларни такрорлайверманг. Бу ҳолат одатга айланиб қолса, бора-бора тиловат қилинаётган сўзларга нисбатан эътибор пасаяди. Кўп сура ёдламаган бўлсангиз, намоз учун тўрт оят бўлса ҳам ёдланг. Ушбу оятлар ўзингизга ёққан, сизга таъсир қиладиган, маъносини тушунадиган бўлсангиз, янада яхши.
Намозга ният қилганингизда уни холис Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун эканлигини, У зотнинг розилиги учунлигини ҳис қилинг. Хўжакўрсинлик аралашиб қолмасин. Шунда намозингизда хушуъ бўлиши осонлашади.

2. Намоз асносида.
Қиёмда турганингизда тўғри туринг, қалбингиз Аллоҳ таолодан қўрқиб турсин, кўзларингиз очиқ турсин, сажда ўрнига қараб туринг.
Намозни шошиб ўқиманг, намозингизнинг ҳар бир бўлагига ҳаққини тўла адо этиб ўқишингиз керак. Ўзингиз эса сокин ва ҳушёр бўлишингиз зарур. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошилиш шайтондандир», деганлар.
Эсда тутингки, сиз халойиқ билан учрашиб турганингиз йўқ, балки халойиқнинг Холиқи  билан учрашаяпсиз.
Намозингизда Қуръони Каримни тажвид ила тиловат қилинг. Яъни тўғри тартил қилиб тиловат қилинг. Мана шундай қилиш ҳам хушуъ ҳосил бўлишига сабаб бўлади.
Агар жамоат намозида бўлсангиз, бошқа намозхонларни чалғитиб юбормайдиган даражада Қуръони Каримни пастроқ овозда ўқинг. Овозингизни кўтариб ўқишингиз ўзгаларнинг хушуъига халал бериши мумкин.
Агар намозингиз асносида хаёлингиз қочаётганини сезсангиз, «Аъузу» ни айтинг ва диққатингизни жамланг.
3. Намоздан сўнг.
Намозни тугатгач, дарров ўрнингиздан туриб кетманг. Балки бир муддат ўтириб, намозингизнинг нуқсонларини тўлдириш учун зикр қилинг, тасбеҳ айтинг,
Аллоҳга ихлос ила намозингиз мақбул бўлишини сўраб дуо қилинг. Намоздан кейинги энг муҳим дуо: «Аллоҳумма аъинни ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатик»дир.
Шунингдек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган зикрларни айтиш керак. Мисол: «Аллоҳумма антассаламу ва минкассаламу табарокта ва таалайта я Залжалали валикром». Шу билан бирга набавий суннатдаги тасбеҳларни ҳам, «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ» ва «Аллоҳу Акбар», ларни 33 мартадан айтиб хотимасига «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ, лаҳулмулку ва лаҳулҳамду юҳйи ва юмит, ваҳува ала кулли шайин қодир» ни айтиш керак.
Дўзах азобидан Аллоҳдан паноҳ сўранг, У Зотдан сизни жаҳаннамдан озод қилишини тиланг. Хоссатан шом ва бомдод намозларингиздан кейин ва «Аллоҳумма қини азабака явма табъасу ибадак» ни айтинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга тавсия қилиб ўргатган саловатларини кўпроқ айтишимиз лозим. «Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммадин кам соллайта ала Иброҳим ва ала али Иброҳим. Аллоҳумма барик ала Муҳаммадин ва ала али Муҳаммад кама барокта ала Иброҳима ва ала али Иброҳим иннака ҳамудун мажид».
Аллоҳ таолодан ижобат бўлишига ўта ишонган ҳолингизда эҳтиёжларингизни сўранг ва дуони кўпайтиринг.
4. Намоздан ташқарида
Намозга уни фақатгина ибодат деб қараманг, балки уни ҳаётингизнинг асосий бир қисми деб билинг. Намозингиз тўғри бўлган сари ҳаётингиз ҳам тўғри бўлиб боради, акси бўлганда, бу ҳолатнинг терси бўлади.
Ҳаётингизни Аллоҳни ғазаблантирадиган нарсалардан узоқда, тўғри ва пок бўладиган қилиб муҳофаза қилинг. Ҳалол касбга, ҳалол луқмага ҳарис бўлинг, ҳаром нарсалардан узоқда бўлинг. Чунки гуноҳ қилиш қалбни ўлдиради ва кишидан ҳушёрлиги ва хушуъини тортиб олади.
Вақтингизни намоз пайтларига қараб тартибга солишингиз керак. Аксини эмас. Ишингиздан бўшаб олгунингизгача намозни кечиктирманг. Ишингизни шундай режалаштирингки, намозни ўз вақтида ўқишга тайёр бўлинг.
Уйқуга эртароқ ётишга урининг. Шунда бомдод намозини ўз вақтида қоим қилишга қодир бўласиз. Қолган намозлар ҳақида ҳам шу гап айтилади. Аллоҳ таоло: «Албатта намоз мўминлар учун ўз вақтида фарз бўлган», деган.
Узоқ вақт телевизор томоша қилиш ёки узоқ вақт мусиқа тинглаш каби ақлни машғул қиладиган нарсалардан узоқда бўлишга ҳаракат қилинг. Чунки ушбу ишлар намоз ичида хаёлингизни олиб қочади.
Ҳар бир мусулмон ва муслима намозда хушуънинг энг юқори даражасига етишишга ўта ҳарисдирлар. Ушбу кўрсатма ва тавсияларга эргашган ҳолда Аллоҳ азза ва жаллани рози қиладиган кўринишда намозингизни қоим қила оласиз деган умиддамиз, иншааллоҳ.

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Баҳам кўринг

Leave A Reply