Қадр сурасининг тафсири

0 259

(Маккада нозил бўлган)

بسم الله الرحمن الرحيم

انا أنزلناه في ليلة القدر١ و ما ادراك ما ليلة القدر٢ ليلة القدرخير من الف شهر٣ تنزل الملائكة والروح فيها باذن ربهم من كل امر٤ سلام هي حتي مطلع الفجر٥

1. Албатта, Биз уни (Қуръонни)Қадр кечаси нозил килдик.

2. Қадр кечаси не эканини сенга нима билдирди?

3. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.

4. Унда фаришталар ва Руҳ Роббларининг изни билан барча ишлар учун тушади.

 5. У то тонг отгунича салом бўлиб туради.

Аллоҳ таоло Қуръонни Қадр кечасида нозил қилганини айтиб, шундай марҳамат қилади:

 انا أنزلناه في ليلة مباركة

«Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик» (Духон сураси, 3-оят).

Бу муборак кеча – Рамазон ойидаги Қадр кечасидир.

شهر رمضان الذي انزل فيه القرءان

«Қуръон нозил қилинган Рамазон ойи» (Бақара сураси ,185-оят).

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалардан шундай ривоят қилинади:

«Аллоҳ Қуръонни Лавҳул-Маҳфуздан дунё осмонидаги Байтул-иззага бирданига нозил қилган. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йигирма уч йил мобайнида воқеликларга кўра бўлак-бўлак ҳолда нозил қилиб келган».

Мужоҳид айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Исроиллик бир кишининг Аллоҳ йўлида минг ой қилич кўтаргани (жиҳод қилгани) ҳақида гапириб берган эдилар, мусулмонлар бунга ҳайрон қолишди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла Қадр сурасини нозил қилди».

Ибн Жарир айтади:

«Ибн Ҳумайд Ҳикам ибн Саллам бизга Мусанна ибн Сабоҳдан, у Мужоҳиддан ҳадис айтди:

«Бану Исроиллик бир киши кечаси тонг отгунча қоим бўлар, кундузи эса кеч тушгунча жиҳод қиларди. Энди Аллоҳ таоло «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» оятини нозил қилди. Бу кечада қоим бўлиш ўша кишининг амалидан яхшироқдир».

Алий ибн Урвадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бану Исроил пайғамбарларидан тўрттасини – Айюб, Закариё, Ҳузайқил ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни эсладилар. Улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилиб, бир кўз очиб юмгунча ҳам осий бўлишмаган экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бунга ниҳоятда ҳайрон қолишди. Шунда у зотнинг ҳузурларига Жаброил келиб, «Умматинг шунга ҳайрон бўляптими? Аммо Аллоҳ таоло сизларга ундан ҳам яхши нарсани нозил қилди», деди ва у зотга «Иннаа анзалнааҳу фии лайлатил Қодр»ни тиловат қилиб берди. Сўнгра: «Бу сенинг умматинг ҳайрон қолган нарсадан афзал», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у зот билан бирга турган одамлар ҳам масрур бўлдилар».

Суфён Саврий айтадилар:

«Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир, яъни у кечанинг амали, рўзаси, қиёми минг ойдан яхшироқдир».

 Ибн Жарир ривоят қилган.

Ибн Журайж Мужоҳиддан ривоят қилади: «Қадр кечаси Қадр кечаси бўлмаган минг ойдан яхшироқ».

Амр ибн Қайс Малаъий айтади:

«Бу кечада қилинган амал минг ойда қилинган амалдан яхшидир. Бу худди жума намозига чиройли кўринишда, солиҳ ният билан чиққан кишига бир йилнинг амали, рўзаси ва қиёмининг ажри ёзилади дейилгани каби, бир-бирига ўхшаш маънодадир».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Рамазон ойи кирса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дер эдилар: «Сизларга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, (барча яхшиликлардан)батамом маҳрум бўлибди».

Насоий ривоят қилган.

Қадр кечасида қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатларга тенг келади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қадр кечаси иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, аввалги ўтган барча гуноҳлари кечирилади», дедилар».

«Унда фаришталар ва Руҳ Роббиларининг изни билан барча ишлар учун тушадилар» (Қадр сураси, 4-оят).

Бу кечанинг баракоти кўплигидан фаришталар барака ва раҳмат билан тушадилар. Улар Қадр кечасида ҳам худди Қуръон тиловат қилинаётганда тушганлари каби, зикр ҳалқаларини ўраб олганлари каби тушадилар. Оятдаги «руҳ»дан мурод Жаброил алайҳиссаломдир.

Мужоҳид «салаамун ҳия» қавли ҳақида шундай деганлар:

«Бу кеча – тинчлик, омонлик кечасидир. Бу кечада шайтоннинг бирор ёмонлик ёки зиён етказишга кучи етмайди».

Қатода айтади:

«(Бу кечада барча) ишлар ҳисоб-китоб қилинади. Ажаллар, ризқлар белгиланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади:

فيها يفرق كل امر حكيم

«Унда (бу муборак кечада)ҳар бир ҳикматли иш ажратилиб, ҳал қилинур…» (Духон сураси, 4-оят)

 سلام هي حتي مطلع الفجر ояти ҳақида Шаъбий айтадилар:

«Қадр кечасида тонг отгунча фаришталар масжид аҳлларига салом йўллайдилар».

Қадр кечасига оид ажойиб бир хабар зикр қилинган. Бу сураи кариманинг тафсирида Имом Абу Муҳаммад ибн Ҳотамдан шундай ривоят қилинади:

«Каъб айтди: «Сидратул мунтаҳо еттинчи осмоннинг четида, жаннатнинг яқинида, яъни дунё ва охират ҳавосининг чегарасидаги дарахтдир. Унинг учлари жаннатда, илдиз ва шохлари Курсининг тагидан бошланган. Сидратул Мунтаҳода (жуда кўп) фаришталар бор бўлиб, уларнинг ададини фақат Аллоҳ азза ва жалла билади. Улар унинг (дарахтнинг) шохларида Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қиладилар. Унинг ҳар бир соч толасидек жойида фаришта бор. Жаброил алайҳиссаломнинг мақомлари унинг ўртасидадир.

Аллоҳ таоло ҳар Қадр кечасида Жаброил алайҳиссаломга Сидратул Мунтаҳода яшайдиган фаришталар билан бирга ер юзига тушишни буюради.

Бу фаришталарга мўминлар учун раҳмат ва шафқат берилган. Жаброил алайҳиссалом бошчилигидаги фаришталар Қадр кечаси қуёш ботгунча ерга тушадилар. Бу кечада фаришталар тушмаган бирор жой қолмайди. Улар ё сажда қилган, ё рукуъ қилган ҳолда мўмин ва мўминаларнинг ҳаққига дуо қилаётган бўладилар. Фаришталар черковларга, яҳудий ёки мажусийларнинг ибодатхоналарига, бутхоналарга, шунингдек, ахлатхоналарга, маст киши ё маст қилувчи ичимлик бор уйга, бут ўрнатилган уйга, (насронийлар) қўнғироғи осилган уйга, ҳожатхона каби жойларга тушмайди.

Фаришталар бу кечада мўмин ва мўминаларнинг ҳаққига тинмай дуо қилиб турадилар. Жаброил алайҳиссалом ҳар бир мўмин билан қўл бериб кўришади. Жаброил қўл бериб кўришганининг аломати шуки, кишининг бадани титрайди, қалби юмшаб, кўзларидан ёш оқади. Жаброил қўл бериб кўришганининг белгиси мана шудир».

Каъбул Ахбор зикр қиладилар:

«Ким Қадр кечасида уч марта «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деса, биринчисида Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини мағфират қилади, иккинчисида дўзахдан нажот беради, учинчисида эса жаннатга киритади».

Биз Каъбул Ахборга: «Эй Абу Исҳоқ, буни чин дилдан айтсами?» дедик. Каъб: «Инсон Қадр кечасида «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни чин ихлос билан айтмайдими? Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, Қадр кечаси кофир ва мунофиққа жуда оғир келади, ҳатто улар ўзини худди елкасига оғир тоғ юкланган одамдек ҳис қилади. Бу кечада фаришталар тонг отгунча тинмай тушиб турадилар. Сўнгра биринчи бўлиб Жаброил алайҳиссалом кўтарилади. У қуёшдан баланд уфқнинг юзигача кўтарилиб, икки қанотини ёзади. Унинг икки яшил қаноти бор бўлиб, уларни фақат шу соатдагина кенг очади. Шунинг учун ўша пайтда қуёш нурсиз бўлиб қолади. Сўнгра у фаришталарни чақиради. Шунда икки қанотининг нури билан фаришталарнинг нурлари бирлашиб кетади. Бу кунда Жаброил ва у билан бирга бўлган фаришталар дунё осмони билан ер орасида мўмин ва мўминалар учун ва Рамазон рўзасини ихлос ила тутганлар учун, «Келаси йилгача яшасам, Аллоҳ учун Рамазон рўзасини тутаман», деганлар учун дуолар қилиб, уларнинг ҳаққига истиғфор ва раҳмат айтиб, қоим бўладилар. Кеч кирганда дунё осмонига кирадилар ва ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтирадилар. Уларнинг олдига дунё осмонининг фаришталари тўпланадилар, сўнг дунё осмони фаришталари улардан эркак ва аёллар ҳақида сўрайдилар. Гаплашиб ўтириб, «Фалончи нима қилди?», «У бу йил нима қиляпти?» деб сўрайдилар. Улар: «Фалончини аввалги йиллардаги Қадр кечасида ибодат қилган ҳолда топган эдик, бу йил эса ибодатдан узоқ ҳолда топдик. Фалончини ибодатдан узоқ ҳолда топган эдик, бу йил эса ибодат қилган ҳолда топдик», дейдилар. Аввалгисидан истиғфорни тўхтатадилар, бунисига истиғфорни бошлайдилар. Яна айтадилар: «Фалончи билан фалончини Аллоҳни зикр қилган ҳолда топдик, фалончини рукуъда, фалончини эса сажда қилган ҳолда топдик, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилган ҳолда топдик», деб айтадилар. Улар кечаю кундуз шундай давом этиб, сўнг иккинчи осмонга кўтариладилар. Ҳар бир осмонда кеча ва кундуз бўлади. Шундай қилиб, шу тарзда Сидратул Мунтаҳодаги ўз маконларигача етиб оладилар. Сидратул Мунтаҳо уларга шундай дейди: «Эй менда яшовчилар, менга инсонлар ҳақида гапириб беринглар, менга уларнинг исмларини айтинглар. Зотан, зиммангизда менинг ҳаққим бор. Аллоҳни яхши кўрганни мен ҳам яхши кўраман».

Каъбул Ахбор айтади: «Улар эркак ва аёлларни исми ва отасининг исми билан бирма-бир санаб, гапириб берадилар. Сўнг жаннат Сидратул Мунтаҳони қабул қилиб олиб, «Сенда яшовчи фаришталаринг сенга хабар берган нарсаларини менга ҳам айтиб бер», дейди. У бор гапни айтиб беради. Шунда жаннат: «Фалончи эркакка Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, фалончи аёлга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Аллоҳим, уларнинг (киришини) тезлатгин», дейди. Жаброил ўз маконига улардан олдин етиб келади. Аллоҳ унга илҳом қилади, сўнг Жаброил: «Фалончини сажда қилган ҳолда топдим, уни мағфират қилгин», дейди. У мағфират қилинади. Жаброил ҳамма фаришталарнинг шиддат билан «Фалончига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», «Фалончига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», «Фалончига У Зотнинг мағфирати бўлсин», деяётганини эшитади. Сўнг: «Роббим, фалончи бандангни аввалги йиллари суннатда, ибодатда топгандим, аммо бу йил уни ўзгарган ҳолда, ўзига буюрилганидан юз ўгирган ҳолда топдим», дейди. Шунда Аллоҳ: «Эй Жаброил, агар у тавба қилса ва ўлишидан уч соат олдин Мени рози қилса, мағфират қилинади», дейди. Жаброил: «Илоҳим, Сенга ҳамд бўлсин, Сен жамики яратганларингдан, бандаларингнинг ўзидан ҳам раҳмлироқсан», дейди. Шунда Арш ва унинг атрофидаги нарсалар ларзага келади. Тўсиқлар, осмонлар ва улардаги барча: «Раҳмли Зот бўлмиш Аллоҳга ҳамд бўлсин, раҳмли Зот бўлмиш Аллоҳга ҳамд бўлсин!» дейдилар.

Каъб айтади: «Кимки Рамазон рўзасини тутиб, ўзига ўзи: «Рамазондан кейин гуноҳ-маъсият қилмайман» деса, савол-сўроқсиз ва ҳисоб-китобсиз жаннатга киради».

Ибн Касирнинг «Тафсир»
китобидан Озода Содикова
таржима қилди.

Баҳам кўринг

Leave A Reply