Пуфакдаги ҳаёт

0 527

        Лайло Наталья Баходиридан Гўзал таржимаси

  Киши оғир мусибату чорасиз қийинчиликларни ёки илҳомбахш бахту омадни мультфильмдаги пуфак ичида яшовчи қизча каби қарши олиши керак. Қизча билан нимаики содир бўлмасин, келаётган ҳар бир нарса пуфак деворларига урилиб, қайтиб кетаверади. Шар ичига кира олмагани учун қизчага ҳеч қандай зарар етказолмайди.

Ҳар бир мўмин киши ҳам ана шундай пуфакка эга бўлиши мумкин. Унга эришиш учун эса шукроналик, сабр, итоаткорлик, Яратган Аллоҳга муҳаббат қилиш ва буюрган амрларига сўзсиз риоя этиш илмларини ўрганиш даркор.  

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир гуруҳ ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нарса сўрашган эди, у зот уларга бердилар. Кейин яна сўрашди. Уларга яна бердилар. Ниҳоят, у зотнинг ҳузурларидаги нарсалар тугади. У зот: «Ҳузуримда бирор яхшилик бўлса, уни сизлардан сақлаб қолмайман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилади. Ким ўзини беҳожат тутса, Аллоҳ уни беҳожат қилади. Ким сабр қилса, Аллоҳ уни сабрли қилади. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхши ва кенг қамровли ато берилмаган», дедилар».

Изоҳ: «иффат» сўзи ҳаром, номақбул ишлардан ўзини тийишни англатади. Бу ўринда ҳаромдан ҳамда бировнинг қўлидаги нарсани сўрашдан ўзини тийиш, таъмагир бўлмаслик назарда тутилмоқда. Бу ерда ҳозирги ўзбек тилида аёлларга нисбатан ишлатиладиган ҳаё, уятчанликдан кўра кенгроқ маънолар кўзда тутилган.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир хурсандчилик иш(нинг хабари) келса ёки у ҳақда башорат берилса, Аллоҳга шукр қилиб, саждага йиқилар эдилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).

Имом Термизийнинг лафзида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хурсанд бўладиган ишнинг (хабари) келган эди, Аллоҳга сажда қилиб йиқилдилар», дейилган.

Юқоридаги ҳадислардан кўриниб турибдики, мўмин кишининг икки хислати: сабрлилик ҳамда шукроналик – доимий бахтиёрлик ҳиссини таъминловчи йўриқномалар. Бахт – барқарордир. Чунки унинг туганмас булоғи кишининг ўзининг ичида, ташқарида эмас.

Сабр – кишининг янги ўзлигига эшикларни катта очади. Аммо сабр ҳам турлича бўлади: мажбурий ва ихтиёрий. Мажбурий сабрни гўёки сабр қилишдан бошқа йўл йўқ, деб хулосага келганлар қиладилар. Ва уларнинг сабрлари худди жазирама саҳрода адашиб, тўхтовсиз ташналикдан қийналаётган йўловчиники кабидир. Чунки улар сабрларида тоқатли бўлолмай, ғазаб ва тушкунлик ўртасида ўзларини қаерга қўйишни билмайдилар. Ихтиёрий сабрда киши ўзининг эркини англаган ҳолда Аллоҳ учун сабр қилади. Ва шу билан бирга нохуш вазиятдан эсон-омон чиқиб кетиш ниятида ҳолатни доимий назорат қилиб, яхши имкониятларни ишга солади. Бундай одам бугунги кунига рози бўлади, чунки уни Аллоҳ учун қабул қилган. Кўрилаётган чоралар мавжуд вазиятни енгиллаштирмаса-да, эртасидан ҳам рози бўлади. Айнан мана шунга “хотиржамлик пуфаги” дейилади. Руҳий ҳамда ёруғ дунёда мустаҳкам ирода ила турган ҳолда турли йўналишларда ҳаракатланиш – турли ҳолатларни енгиб ўтиш демакдир.

Бахт муюлишнинг ортида

Ўша, кейинги муюлишнинг ортида бахт излашни бас қилинг. У ерда нимаики бўлмасин, бу – бахт, ундан олдингиси ҳам бахт эди. Биз бутун умр бахтни келажакда кутамиз, натижада бир-икки кун уни ҳис қиламиз-да, яна кутишда давом этамиз. Мана шуларни англаганимиз заҳоти ҳар куни ҳаммаси яхши бўлади. Муюлиш ортидаги «яхшилик» қанчалик ажойиб бўлмасин, у тезда одатийга айланади ва биз ҳар доимгидек кейинги кўча бурилишидаги янгиликни кута бошлаймиз. Агар киши бахт ҳақидаги қарашларини ўзгартира олса, ҳаётда юз берадиган ноҳақлик, йўқотишлар, аламларга қарамасдан бахтли бўла олади. Ҳар бир муюлишда уни енгилликлар эмас, қийинчиликлар кутиб турса-да, бахтиёрлик ҳиссини йўқотмайди.

Илоҳо, барчамиз ҳаётимизнинг ҳар бир сониясига шукроналар келтириб, рози бўлиб, сабр ила яшашни ўрганайлик. Ахир, «яхшиликлар» эрта-индинда эмас, бугун – ҳозир яшаётган кунимиздадир.   

Манба: musulmanka.ru

Баҳам кўринг

Leave A Reply