Чўпон пироги

0 1 896

Чўпон пироги

Англия ошхонаси таоми, лекин номи ажойиб. Бу ҳеч қандай пирог эмас, оддий духовкада пишадиган таом (запеканка). Қўй гўшти қиймаси билан тайёрланганда «Shepherd Pie» – чўпон пироги дейилади, агар мол гўшти қиймаси бўлса «Cottage Pie» – қишлоқ пироги дейилади.

МАСАЛЛИҚЛАР:

500 гр қийма, 1 та пиёз, 1 та сабзи майда тўғралган ёки қирғичнинг катта тишидан ўтказилган. 1 банка помидор консерваси (ёки 2 ош қошиқ томат пастаси, ёки 5-6 та помидор). 1 ст шўрва (гўштли, сабзавотли, қайнаган сув). 1 дона саримсоқ (чеснок), туз, мурч, зираворлар. 5-6 та картошка, сут, сариёғ, туз, мускат ёнқоғи

ТАЙЁРЛАНИШИ:

Товага 1-2 қошиқ ёғ солиб пиёзни кизартириб оламиз. Кетидан қийма, сабзи ва саримсоқ солиб озроқ қовурамиз. Сўнг помидорни ҳам солиб бироз қовуриб шўрвани соламиз. Шўрва қайнаб чиққач устини ёпиб 20 дақиқалар атрофида димлаймиз, суви камайиб озроқ қуюлади.

Картошкани кайнатиб олиб, сариёғ, сут қўшиб пюре килиб оламиз.

Духовкада пиширишга мосланган идишга қиймали соусни соламиз, устидан картошкали пюрени чиройли килиб қуйиб чиқамиз. 200 С даражагача қизиган духовкада 25-30 дақиқа давомида пишириб оламиз(ёки усти чиройли сарғиш тусга киргунча).

Қўшимчалар:

Бу таомни бир неча хил вариантлари бор, менга шу – юқорида келтириб ўтган вариантим ёқади.

Гоҳида қийма ўрнига майда тўғралган гўшт ҳам солишади.

Яшил нўхот, селдерей, қўзиқорин ва ўзингиз истаган масаллиқларни қўшишингиз мумкин.

Меҳмондорчиликлардан сўнг овқатлар, салатлар қолса, уларни мана шу усулда қиймали соусга қўшиб юбориш мумкин, баҳонада 2 кун кетма-кет бир хил таом емасдан янги таомга айлантириб юбориш мумкин.

Пюре доимгига нисбатан суюқроқ қилиб тайёрланади. Истасангиз, духовкага солишдан олдин устига пишлоқ сепишингиз ҳам мумкин.

Баҳам кўринг

Comments are closed.