4.Пайғамбарларга иймон.

0 140

4.Пайғамбарларга  иймон. «Пайғамбар» форсча сўз бўлиб, «хабар етказувчи» деган маънодадир. Арабчада «расул, набий» деб аталади. Иймоннинг шартларидан яна бири Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларига истисносиз ишонишдир. Пайғамбарларнинг вазифаси иймон келтириб, тоат-ибодат қилган инсонларга жаннат башоратини қилиш, куфр ва исёнда бўлган инсонларни дўзах азобидан огоҳ этиш, инсонларга дунё ва дин ишларида улар муҳтож бўлган нарсаларни баён этишдир.

Пайғамбарларнинг аввали Одам алайҳиссалом, охирлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Одам ва Муҳаммад алайҳимуссаломлар ораларидаги даврда ўтган пайғамбарларнинг адади ҳақида ­қатъий далил бўлмаганидан уларнинг умумий саноғи аниқ эмас. Шунинг учун улар ададини маълум бир сон билан чегаралаш жоиз бўлмайди.

Қуръони Каримда йигирма беш пайғамбарнинг номи зикр этилган: булар Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Зулкифл, Шуайб, Мусо, Хорун, Довуд, Сулаймон, Илёс, Алясаъ, Юнус, Закариё, Яҳё, Исо ва охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳимуссаломлардир. Қуръонда Узайр, Луқмон, Зулқарнайн деган исмлар ҳам келган, улардан баъзилари набий, баъзилари валийдир. Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад алайҳимуссалом шариат соҳиблари бўлишгани учун «улул-азм» пайғамбарлар дейилади. Китоб ва шариат берилган пайғамбарлар «расул», ўзидан олдинги пайғамбарнинг шариатини давом эттирувчи бўлиб келган пайғамбарлар «набий» дейилади.

Баҳам кўринг

Leave A Reply