Ойнасига мавжудотларнинг суратлари тамғаланиб қолган қалб ҳақида

0 335

Ойнасига мавжудотларнинг суратлари тамғаланиб қолган қалб қандай қилиб ёришсин? Мазкур ойнада инсоннинг қалбидаги нарсалар акс этиб туради. Ёки у шаҳватлари ила кишанланган бўлса, қандай қилиб Аллоҳ томон сафар қилсин? Ёки у ғафлатларнинг жунублигидан покланмаган бўлса, қандай қилиб Аллоҳнинг ҳузурига киришни таъма қилсин? Ёки хатоларидан тавба қилмаган бўлса, қандай қилиб нозик сирларни фаҳмлашни орзу қилсин?

Бу ҳикматларни тушунишимиз учун дастлаб ақл билан қалб ҳақида тушунча ҳосил қилишимиз керак бўлади. Биз уларнинг вазифаси нимадан иборат эканини билиб олишимиз лозим. Маълумки, инсон жисм ва руҳдан – моддий ва маънавий қисмдан ташкил топган. Моддийлик – бу бизнинг вужудимиздир, у бошқа жисмлар каби жисман иштирок этади, худди ҳайвонларники каби. Агар ақл ҳамда руҳ бўлмаса, бу жисмларнинг ҳайвонларникидан ҳеч қандай фойдали ҳамда фарқли жойи қолмайди. Улар билан бир хил бўлиб қолади. Ҳайвондан инсонни фарқлаб турадиган нарсалар ақл билан ҳиссиёт экан. Ҳайвонларга ўзига яраша инстинктлар берилган, инсонларда эса улардан фарқли равишда ҳиссиёт бор, ҳаттоки инсонни фаришталардан фарқлаб турадиган нарса ҳам мана шу. Ақл ва қалбни Аллоҳ таоло инсондаги энг асосий нарса қилиб қўйган. Буларсиз инсон қуп-қуруқ жасадга айланиб қолади.

Ақл ўзи нима, қалб-чи? Аллоҳ таоло ҳамма инсонларга бандалигига яраша ақл ато этган, у одатда ҳаммада бир хил бўлади, лекин баъзиларни Ўзининг ҳикмати билан ақлсиз ёки ақлан заифроқ ҳам қилиб қўяди. Шу билан бирга Аллоҳ таоло инсонга қалбни ҳам ато этган. Бу ерда қалбдан мурод кўксимизнинг чап тарафида жойлашган бир парча эт эмас, маънавий маънодаги қалб, яъни ўзида бир неча ҳиссиётларни ушлаб турадиган аъзодир. Улар иккисининг нисбати бўлади. Қачонки ақл кучайиб кетса, инсон ҳиссиз қолиб, қуруқ роботга ўхшаб қолади. Бу ҳолат ҳам маломат қилинади, чунки ҳиссиёт ҳам бўлиши керак. Аксинча ҳиссиётларга берилиб кетилса, ақл ишламай қолиб, бундай киши шаҳвати ортидан югурадиган ёки адолатга хилоф иш қиладиган бўлиб қолади. Бу ҳам мазаммат қилинган ҳолат.

Шунинг учун ҳам эркак ва аёл ўртаси фарқ қилинганида эркаклар кўпроқ ақлга таянгани учун тўғри ишлари кўпроқ бўлиб, аёллар ҳиссиётга берилувчанлиги учун уларнинг хатолари кўп бўлади. Адолат масаласи, ҳукм чиқариш масаласида ҳам аёлларнинг шу жиҳатлари ҳисобга олиниб, бундай ишлар аксарият эркакларга юклатилади. Мен шу пайтгача мезон тўғри бўлиши керак, элликка эллик яъни ақл ҳам эллик фоиз, ҳиссиёт ҳам эллик фоиз ишлаб турса, ҳаммаси тўғри бўлади, деб ўйлардим. Лекин катта бир ҳақиқат кашф бўлдики, ақл камроқ – яъни 30 фоиз ишлар экан, ҳиссиёт 70 фоиз экан. Бу дегани ҳиссиётнинг роли янаям муҳимроқ экан, одам ўзини муҳосаба қилганда кўпроқ ҳиссиётга куч ташлаши керак экан, чунки ақл гўё чироққа ўхшайди, йўлни ёритиб беради. Ақлда маълумотлар бўлади, лекин бажарилаётган амаллар, ишлар ҳиссиётнинг қўлида бўлади, яъни ҳиссиёт бамисли двигатель (ҳаракатга солувчи асбоб). Ташқаридан келган маълумот ақлда тўпланади, уни ҳиссиёт ҳисобот қилади. Демак, инсон аввал ақл нима, ҳиссиёт нима тушуниб олиши, кейин эса ҳиссиётини тўғри бошқаришга ҳаракат қилиши керак. Агар ҳамма ақл билан иш қилса эди, барча нарса тўғри бўларди, қоидага биноан бўларди, лекин Аллоҳ таолонинг ҳикмати шундай экан, ҳиссиётга боғлаб қўйган ва у туфайли камчиликлар юзага чиқади.

Шунинг учун руҳий тарбия муҳим бўлиб, у ҳиссиётни мувофиқлаштириб туради.

Тарбия, ислоҳот, мавъиза, ваз, насиҳат ҳаммаси ҳиссиётга қаратилган, чунки унинг бу нарсаларга эҳтиёжи бор, чунки уни тўғрилаш керак.

Ақлни одатда Аллоҳ таоло берган бўлади, ишлаб туради, маълумотини олади, ўзининг вазифасини бажариб беради. Жуда кам ҳолатларда ақлда ноқислик бўлади, бундай пайтда муолажаси қилиниши лозим.

Кўп қилинаётган нарсалар, инсоннинг амалларини айнан ҳиссиётлар бошқаришини кўрсатади.

Эрталаб туриб ҳамхонангизга салом бермоқчи бўлсангиз, юрагингиздан майлингиз келиб меҳрингиз ошиб, яхшиликни хоҳлаб турган бўлсангиз, “Ассалому алайкум!” дейсиз. Ақлимиз билан биламизки, салом бериш – суннат.

Инсонда шундай ҳолатлар ҳам бўладики, гоҳо салом берилса, алик олгиси келмайди. Ақл билиб турса ҳам ҳиссиётимиз бошқаради, яъни қалб мойил бўлсагина салом берамиз ёки алик оламиз.

Аёлларда ҳам бу борада жуда иллат кўп учрайди. Аллоҳни ягона деб билади, қадарга иймон келтирган, суннатни билади, лекин амалда ҳавои нафсига эргашади. Рашк, араз, гина-кудурат сақлайди.

Ҳиссиётларга берилиб, ақлнинг айтганини қилмаса, қалб ойнасида ўша нарса акс этиб туради. Ойна қайси тарафга бурилса, у ўзида акс этган нарсани кўрсатади. Киши яна иймоним бутун бўлмаяпти, қалбим холи бўлолмаяпти, Аллоҳга етиша олмаяпман дейди, нимага? Чунки қалб ойнасини Аллоҳга бурмасдан бошқа тарафга қаратиб қўйган. Ойна шундай нарсаки, зулмат кечада қудуқнинг қаърига қаратилса, у қоронғуликни акс эттиради. Чарақлаб турган қуёшга тутилса, ундан нур таралади. Қалб ҳам худди шундай. Қалб Аллоҳ томонга бурилса, унда Аллоҳнинг муҳаббати акс этади, олий мақсадлар акс этади. Дунёвий нарсалар билан машғул қилиб қўйилса, ўша нарсалар акс этади. Агар қалбни ҳасад эгаллаб олган бўлса-чи? Унда янаям ёмон нарсалар акс этади.

Шунинг учун ҳам қалбимизда Аллоҳнинг муҳаббатига етиштирадиган уруғни экишга жой очишимиз лозим. Биз қалбни бошқа нарсалар билан тўлдириб қўйсак, у ҳолда Аллоҳга муҳаббат уруғига жой қолмайди-ку?..

Ҳозир деярли ҳамманинг аҳволи шундай. Қалбимиз бошқа нарсалар билан тўлган. Бола-чақа, уй-рўзғор, айниқса тўй қилаётганлар унинг харажатлари, маросимни қандай ўтказиш; ёшларда эса янги нарсалар, жиҳозлар олиш ва шу каби нарсалар билан тўлиб-тошган! Бошқа нарсалар билан машғул бўлиб қолган қалб Аллоҳга қандай юзлансин? “Аллоҳ, Аллоҳ” деймиз, унга яқин бўлишни хоҳлаймиз, лекин ўзимиз бошқа нарсалар билан овворамиз, ғафлатдамиз. Ғафлат – ҳиссиз бўлиб қолиш, деганидир. Қалбни Аллоҳдан машғул бўлиб қолиши айни ғафлатдир. Ғафлатда қолишнинг сабаби шуки, майда хатолар йиғилиб-йиғилиб, ғафлатга сабаб бўлади. Кўзимиз илғамайди, эътибор бермаймиз, ҳаммамиз бемалол кичик хатоларни қилаверганмиз, улар ҳаммаси йиғилиб ғафлатни ҳосил қилган.

Ушбу ҳикмат бизга иллат ҳамда унинг сабабларини поғонама-поғона баён қилиб берди.

Одинахон Муҳаммад Юсуф

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply