Отамдан ҳам азиз инсон
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳини таниганимга ҳали энди тўрт йилдан бироз ошди. Ўша вақтлардан бошлаб китобларини ўқиб, «islom.uz» порталидаги сайтлардан фойдаланиб у зотни таний бошлаган эдим. Қанча таниганим сайин меҳрим, ҳурматим ортиб бораверди. Қисқа вақтда у кишини ўз отамдан ҳам кўра кўпроқ яхши кўриб қолдим.

«Savollar.islom.uz» сайти орқали ҳазратга берган илк саволимга жавоб келганда роса ҳайратга тушган эдим. Шундай улуғ киши, элга илм зиёсини таратиш ила банд бўлган аллома менинг ҳам саволимга эътибор қилиб жавоб берганларидан қувончим ичимга сиғмай кетган эди.

Кейинчалик «islom.uz» порталида ўтказилган турли танловларда, тадбирларда иштирок этиб ҳазратнинг қўлларидан мукофот олиш ҳам насиб қилди, алҳамдулиллаҳ.

Ҳазратнинг ҳайбатлари бор эди. Тадбирларда бўлсин, қабулларида бўлсин, у кишининг ёнида бўлганда кишини ҳайбатлари босар эди. Мен тадбирларда кузатиб шунга амин бўлдимки, ҳазрат ўз ўрнида суннатга мувофиқ ҳазил ҳам қилиб турар эдилар. Бундан тадбир иштирокчилари кулиб юборар ва бу кишига анча енгиллик бахш этар эди.

Ҳазратимиз кишиларга жуда эътиборли эдилар. Бир тадбирда уч марта мукофот олиш учун чиққанимда ҳазрат «Бугун учинчи марта чиқишингиз-а?» деб жилмайиб қўйган эдилар. Сўнгги марта қабулларига борганимизда кўзи ожиз биродарларимиз ҳам бор эди, улар ҳазратга савол берганларида ҳазрат жим туриб эшитмадилар ёки имо-ишора қилиб турмадилар, уларнинг аҳволини эътиборга олиб, саволни эшитиб турганларини «Ҳа», «Ҳм» дея билдириб турдилар. Биродарларимиз учун бу алоҳида эътибор эди.

Ҳазратимиз ҳаётликларида бир-икки ойда бир кўра олмасам ҳам ёки сайтдан битта савол беришга қунт қилмасам ҳам, у кишининг борликларидан мамнун бўлиб яшар эдим. Кўнглим хотиржам эди. Китобларини ўқир эканман, бирор тушунмаган жойим чиқса, «шуни ҳазратдан сўрашим керак экан» деб ўйлар эдим, лекин бир кун келиб сўрай олмай қолишимни ўйламаган эканман...

Ўзим вилоятда яшаганим сабабли баъзида ҳамшаҳарларим билан биргаликда қабулларига бориб турар эдим. Жуда муҳим саволимиз бўлмаса ҳам, дуо истагида ва у зот билан кўришиш учун борар эдик. Бу билан соғинчимиз бироз қонар, шундай солиҳ, олим, обид инсонни кўриб, динга амал қилишга ғайратимиз, илм ўрганишга иштиёқимиз ошар эди.

Қачон қабулларига борган бўлсам, доимо қўлларида тасбеҳ олиб, зикр қилиб турганларини кўрганман. Ҳаттоки, саволни эшитаётганларида ҳам зикр қилиб турганларини кузатганман.

Ҳар йили Рамазон ойида шайх ҳазратларининг маърузаларига қатнашиш учун пойтахтга икки-уч кунга бўлса ҳам борар эдим. Маърузаларини тинглаб илм олиб, дуоларидан баҳраманд бўлиб келар эдим. Бу йил ҳам бориш ниятим бор эди, афсус, насиб қилмаган экан...

Ҳазратимиз вафот этганлари ҳақида эшитиб, ишонмадим, албатта, бу барчамиз учун кутилмаган хабар эди. Ҳаттоки, бу суиқасд эмасмикан деган хаёл ҳам келди... Шундай улуғ зотнинг орамизда йўқ эканликларига ҳали-ҳамон кўника олмаяпман... Юз йилда бир марта дунёга келадиган бундай инсон билан бир замонда, бир маконда яшаганимга Аллоҳ таолога ҳамдлар айтаман.

Сўзим сўнгида ҳазратимизнинг фарзандларига, шогирдларига ҳазратнинг ишларини давом эттиришларида муваффақиятлар тилаб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу ишда уларга мададкор бўлсин, деб қоламан.

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Бошни фидо айла ато қошиға Жисмни садқа қил ано бошиға... Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ давоми...

05:55 / 08.02.2017 4064
Айтилган сўз, отилган ўқ Йигит кўр, пес ва бошқа дардларни даволайдиган бўлди. Йигит пайғамбар эмас эди давоми...

10:03 / 31.01.2017 3187
 Имконияти чекланган тўрт нафар фарзандни тарбиялаётган муслима аёл Садет Живил Замонамиз онаси дея давоми...

12:58 / 15.05.2018 2813