Ота-онага вафотларидан сўнг яхшилик қилиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввалги ҳадис ва ривоятларда ота-онага уларнинг ҳаётлик даврларида яхшилик қилиш ҳақидаги таълимотлар ўрганилган эди. Ушбу ҳадисда эса улар вафот этиб кетгандан кейин ортларидан яхшилик қилиш ҳақидаги таълимотларни ўрганамиз.

Абу Усайддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам:

«Ё Расулуллоҳ! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими?» – деб сўради.

«Ҳа! Тўрт хислат қолди: уларга дуо қилиш; уларга истиғфор айтиш; уларнинг аҳдига вафо қилиш; уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш», – дедилар».

 Шарҳ: Аслида, вафот этган одамнинг бу дунёда қилган амаллари асосида охиратдаги мақоми белгиланади. Унинг заррача яхшилиги ёки ёмонлиги бўлса ҳам, ҳисобга олинади. Аммо Аллоҳ таоло уммати Муҳаммад алайҳиссаломга раҳим кўрсатиб, уларнинг ўлимларидан кейин ҳам ортларидан савоб етиб борадиган этиб ва уларнинг охиратдаги мақом ҳамда даражаларининг ортиб боришига йўл очиб қўйган.

Ана ўша йўллардан тўрттаси ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилмоқда.

Фарзанд ота-онаси тириклигида уларнинг хизматини қилиб, розилигини олиб, яхшиликлар қилиб ўтишга тарғиб қилинади. Лекин ота-она вафот этганидан кейин ҳам, ушбу ҳадисда келган таълимотга биноан, уларга тўрт хил яхшилик қилса бўлар экан.

 1. Дуо қилиш.

Ота-оналарнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб дуо қилиш фарзанднинг ота-онасига уларнинг вафотларидан кейин қиладиган яхшиликларидандир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, аъмоли хайрларига қўшилиб туради. Худди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

 2. Истиғфор айтиш.

Ота-онасининг гуноҳини кечишни Аллоҳ таолодан сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд ўтиб кетган ота-онасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиб турган бўлади.

Ўтиб кетган ота-онасига мағфират сўрайдиганларнинг энг яхшиси намозхонлардир. Намозхон ҳар намозининг охирида, дуо қабул бўладиган бир мақомда, салом беришдан олдинги дуосида ота-онасига мағфират сўрайди.

 3. Ота-онанинг аҳдига вафо қилиш.

Ота-она ким биландир аҳд тузган бўлса, берган ваъдаси бўлса, мажбуриятлари бўлса, шуларнинг ҳаммасини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам ота-онанинг орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига кирар экан. Худди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

 4. Ота-онанинг дўстлари, яқин кишилари ва қариндошларини икром қилиш.

Шу йўл билан ҳам фарзанд ота-онасига улар ўтиб кетгандан кейин ҳам яхшилик қилиши, орқаларидан шундай савобларни етказиб туриши мумкин экан. Худди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

 Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон фарзандлар ота-оналарига уларнинг вафотидан кейин ҳам яхшилик қилиш ҳаракатида бўлганлари.

2. Ота-онага уларнинг ўлимидан кейин ҳам яхшилик қилиш мумкинлиги.

3. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига дуо қилиб туриши кераклиги.

4. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига истиғфор айтиб туриши кераклиги.

5. Фарзанд вафот этган ота-онаси аҳдига вафо қилиб туриши кераклиги.

6. Фарзанд вафот этган ота-онасининг дўстлари, яқинлари ва қариндошларига яхшилик қилиб туриши кераклиги.

 Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Маййитнинг ўлганидан кейин даражаси кўтарилади. Бас, у:

«Эй Роббим, бу нима?» – дейди.

«Боланг сенга истиғфор айтди», – дейилади».

Шарҳ: Албатта, инсон ўлгандан кейин унинг ўзи амал қилиш имконидан маҳрум бўлади. У ҳеч нарса қила олмайдиган, кутиб туришдан бошқа нарсага ярамайдиган ҳолда бўлади.

Аммо ўлганидан кейин бир кишининг даражаси кўтарилади. Бундан ўша банданинг ўзи ҳам ҳайрон. Қандай қилиб ўлимидан кейин унинг даражаси кўтарилиши мумкин? Бу ажабланиш уни Аллоҳ таолога савол беришга ундайди. Бас, у:

«Эй Роббим, бу нима?»–дейди».

Унинг ажабланиш ила берган бу саволи жавобига:

«Боланг сенга истиғфор айтди»,–дейилади».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гапларидан боланинг истиғфори – мағфират сўраши туфайли унинг вафот этиб кетган ота-онасининг охиратдаги даражаси кўтарилиши билиб олинади.

Шунинг учун ота-онасига уларнинг ўлимидан кейин яхшилик қилмоқчи, уларнинг ортидан савоб етказмоқчи ва охиратдаги мақомининг яхшиланиши, даражаси юқорилашини истаган фарзанд уларга мағфират сўраб, дуода бўлиши лозим.

 Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

  1. Банда ўлганидан кейин ҳам унинг даражаси кўтарилиши мумкинлиги.

2. Маййит охиратда ўзининг даражаси кўтарилганидан ўзи ҳайратга тушиб, Роббидан бу ҳақда сўраши мумкинлиги.

3. Фарзанднинг дуоси маййитнинг охиратдаги даражаси кўтарилишига сабаб бўлиши.

 Муҳаммад ибн Сириндан ривоят қилинади:

«Бир кеча Абу Ҳурайранинг ҳузурида эдик. У: «Аллоҳим! Абу Ҳурайрани ва онамни мағфират қилгин ҳамда икковларига истиғфор айтганларни мағфират қилгин» – деди.

Муҳаммад (ибн Сийрийн): «Биз Абу Ҳурайранинг дуосига кириб қолайлик, деб унга ва онасига мағфират сўраб турамиз», – деди».

Шарҳ: Ушбу ривоятнинг бу бобга киритилишига сабаб ҳам вафот этиб кетган ота-онанинг орқасидан дуо қилиш яхши эканидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзлари оналарига мағфират сўраб дуо қилишлари билан бирга, бошқалар ҳам уларга мағфират сўраб дуо қилишини таъминлашга чора излаган эканлар.

 Ҳар бир мўмин-мусулмон фарзанд ўзи ота-онасига мағфират сўраб дуо қилиши билан бирга бошқалардан ҳам улар ҳаққига дуо бўлишини таъминловчи чоралар кўриши матлуб бўлади.

1. Кишининг ўзига ва онасига мағфират сўраб дуо қилиши яхшилиги.

2. Бошқаларнинг ўзига истиғфор айтишига эришиш учун ҳаракат қилиш яхшилиги.

3. Улуғ кишиларнинг дуосига қўшилиб қолишга ҳаракат қилиш яхшилиги.

4. Улуғ кишилар ҳаққига бошқаларнинг дуо қилиб туришлари борлиги.

 Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Банда вафот этганда унинг учта амалидан бошқа амаллари кесилади. Садақаи жория, манфаат берадиган илм ва унга дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд» – дедилар».

Шарҳ: Ҳар банда тирик экан, унинг иймон ва эътиқод ила қилган ибодати ва солиҳ амали унинг номаи аъмолига ёзилиб туради. Лекин банда вафот этиши билан унинг фойдасига ёзиладиган амаллари кесилади. Чунки энди унинг ўзи амал қила олмайди.

Аммо Аллоҳ таоло марҳамат кўрсатиб мўмин-мусулмон бандаларига уларнинг ўлимларидан кейин ортларидан фойда берадиган амаллар етиб бориши учун эшикларни очиб қўйган.

 Ушбу ҳадиси шарифда мазкур амаллардан учтаси зикр қилинмоқда.

 1. Садақаи жория.

Бу атамани сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «оқиб турувчи садақа» деган маънога тўғри келади. Бунда дунёдан ўтган шахсга атаб, савоби унга тегсин дея қилинган хайрия ишлар–вақфлар кўзда тутилади.

Мисол учун, жамоатчилик фойдаси учун қурилган кўприк, чиқарилган сув, тузатилган йўл, қурилган масжид кабилар. Бунга ўхшаш жорий садақалардан одамлар фойда олиб турар экан, уларнинг савоби кимга аталган бўлса, ўшанга етиб туради.

 2. Манфаат берадиган илм.

Банда ёруғ дунёда яшаб турганида одамларга манфаат берадиган илм қолдирган бўлса, модомики ўша илмдан кишиларга фойда етиб турар экан, ўз эгасига савоби етиб туради. Бундай илм яхши шогирд, ёзилган китоб, қилинган ихтиро ва шунга ўхшаш нарсалар бўлиши мумкин.

 3. Унга дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд.

Фарзанд аҳли солиҳ–диндор ва ибодатли бўлиб, бу дунёдан ўтиб кетган ота-онаси ҳаққига дуо қилиб турса, унинг дуоларидан ва қилган солиҳ амалларидан ота-онасига манфаат, яъни савоб етиб туради. Бунинг учун ота-она тириклик чоғларида фарзандларининг аҳли солиҳ бўлиши учун иш олиб боришлари керак.

Уламолар: солиҳ фарзанд хайрли амаллар қилса, дуо қилмаса ҳам, ўша амалнинг савоби ота-онасига бориб туради, деганлар.

 Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Банда вафот этганидан кейин унинг амаллари кесилиши.

2. Садақаи жориянинг фойдаси ўз эгасига ўлимидан кейин ҳам бориб туриши.

3. Манфаатли илмнинг фойдаси ўз эгасига ўлимидан кейин ҳам бориб туриши.

4. Солиҳ фарзанднинг дуоси ва хайрли амалларининг савоби ота-онасига уларнинг ўлимидан кейин ҳам бориб туриши.

 Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Бир одам:

«Ё Расулуллоҳ! Онам вафот этди. Васият қилмади. Унинг номидан садақа қилсам бўладими?» – деди.

«Ҳа», – дедилар».

Шарҳ: Демак, фарзандларда вафот этиб кетган ота-онанинг орқасидан яхшилик қилиб, савоб етказиб, даражаларини кўтариб туришнинг имконияти бор экан.

Бунинг учун фарзанд аҳли солиҳ бўлиши, ибодатли бўлиши керак ва доимий равишда ота-онанинг ҳаққига дуо қилиб, уларга истиғфорлар айтиб турса, ота-онасига улар вафот этиб кетгандан кейин ҳам яхшиликларни етказиб турар экан.

Ана ўша ишлардан бири фарзанднинг ота-онаси номидан, савобини уларга атаб садақа қилиши экан. Фарзанд садақа қилиб савобини ота-онасига бағишласа, савоби уларга тегади.

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ «Ҳалқумидан ҳаром луқма ўтган боладан яхшилик кутма», деган ҳикматли сўз бугунги давоми...

00:45 / 09.02.2017 3250
gallery linkfile ids9426,9427,9428,9429 2 сентябрь куни Ўзбекистоннинг барча мактабларида биринчи қўнғироқ жаранглади.  Бу  қўнғироқ бу йил биринчи марта мактаб остонасига қадам давоми...

08:40 / 12.02.2017 8287
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Муҳтарама сайтимиз мухлисалари Сизларга маълумки, бир неча кун аввал сайтимизда янги давоми...

10:01 / 13.12.2016 2611
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким Бомдод намозидан кейин оёғини йиққан ҳолида туриб, гапирмасдан олдин ўн давоми...

10:28 / 11.11.2017 20923