Ота-она бўлишга тайёрмисиз?

0 1 893

Университетни тамомлаб иш фаолиятимни бошлаганимга бир йил бўлган эди. Дастлаб иш жойимда тўсиқларга дуч келдим. Аста-секин тажрибам ортиб, ўз касбимнинг устасига айландим. Психолог мутахассис сифатида танила бошладим.

 Бир куни мудирамиз яқин дўстининг қизи жонига қасд қилмоқчи бўлганлиги тўғрисида гап очди. Дўсти ва унинг қизи билан суҳбатлашиб, ёрдам беришимни сўради. Мен рози бўлдим. Эртасига улар хузуримга етиб келишди. Дастлаб ота-онаси, сўнг қизи билан алоҳида сухбатлашдим. Қизнинг исми Сила булиб, 16 ёшда эди. Лицейда иккинчи босқичда ўқир экан. Хушруй, фаросатли ва тиришқоқлигини юз-кўзи айтиб турарди. Отаси мактаб раҳбари, оиласи иқтисодий томондан яхши таъминланган экан. Суҳбат давомида Силанинг оилада тўнғич фарзанд эканлиги, укаси борлиги маълум бўлди.

Силага, ота-онаси билан суҳбатлашганим, улар қизларини ардоқлашлари, Истамбулнинг энг машхур мактабларидан бирида ўқитаётганликлари, оғзидан чиққан нарсасини мухайё қилишга тайёр эканликларини, айтдим. Сила аста-секин уни азоблаётган дардларини тушунтиришга ҳаракат қила бошлади. У йиғламоқдан бери бўлиб, ота-онаси ўқиши учун яхши шароит яратганлари, айтган нарсасини олиб беришлари, аммо Силани тушунмаганлари, севмасликлари, қизларига вақт ажратмасликларини айтди. Худди шунинг учун хам ота-онасига қасдма-касд, уларга маъқул бўлмаган инсонлар билан дўстлашгани, натижада, кайф берадиган моддалар қабул қила бошлаганини ошкор қилди. Оиласи бундан хабар топгач, улар томонидан кўрсатилган тазйиқ туфайли ўзини икки марта ўлдирмоқчи бўлганини ҳам яширмади.

Психологик суҳбат натижасида фарзандининг маънавий камолига бепарво бўлган, уни фақат моддий томондан тўла таъминлаган ота-онанинг саъй харакати қандай оқибатларга олиб келишига гувох бўлдим.

Сила исмли бу қиз  ўзини фарзандига бахшида қилганини доимо таъкидлайдиган она ва фақат ўз ишини ўйлайдиган отанинг фарзанди бўлиб улғайганди. Ҳа, кўп ютуқларга эриша оладиган Сила ҳаддан зиёд тазйиқ ва бепарволик, эътиборсизлик ва мехрсизлик қурбони бўлди. Суҳбат давомида ота мактабни бошқариш билан банд бўлиб, фарзандига етарли вақт ажрата олмаганини тан олди. У мактабдаги болаларга меҳр бергани-ю, бирок уйидаги дилбандига керакли меҳр, севгини бера олмаганини ҳам айтиб ўтди.

Мазкур оила билан олиб борилган психологик суҳбатлар якунида ота-она сифатида фарзандга вақт ажратиш, вақтида ва ўрнида меҳр кўрсатиш, боланинг ҳар бир ҳаракати, руҳиятидаги ўзгаришларни эътиборга олиш лозимлигини таъкидладим.

Боланинг ёши ва истакларига қараб муомала қилиш керак. Акс ҳолда бола қалбидаги орзу, севги, ҳурмат гуллари сўлади.

Ота-она сифатида шуни унутмайликки, оила асосий эҳтиёждир. Ҳузур, бахт, қувонч фақат оилада бўлади. Оила бир чаман бўлса, фарзанд унинг энг нафис гулидир. Боғимизда парваришланган гуллар рангимиз, ифоримиз ва яшаш тарзимизни ифодалайди. Оила қуриш бизни ота-она деган улуғ номга сазовор қилади. Баъзи ёшлар ота-оналик вазифасига тайёр бўлмасдан оила қурадилар. Ота-оналик масъулияти билан юзма-юз келганда эса довдираб қоладилар. Замон лаҳза сайин ўзгармоқда. Фарзанд улғайтиришда аввалги тарбия анъаналарининг баъзилари ҳозирги замонга мос келмаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Ота-она боланинг биринчи устозидир. Бола ота-онасидан кўриб, ўрганиб улғаяди. Бола тарбиясида ота-онанинг жавобгарлиги катта. Шу сабабдан фарзанд тарбиялаш санъат десак хато бўлмайди.

Боланинг кишилар билан муносабати бошланғич синф ўқувчиси давридаёқ шаклланади. Шахснинг ижтимоийлашуви — инсонлар ўртасидаги муносабат ва муомала маданиятини ўрганишидир. Ота-онанинг болага гўдаклик чоғидан севги, мехр бериши, тўғри парвариш ва тарбия қилиши унда ишонч туйғусини шакллантиради. Бу даврда ота-она ва фарзанд ўртасида илик., ёқимли таассурот уйғонади. Бола бошқалар билан ҳам шундай муносабатга киришади. Ота-она доим болани тинглаши, уни рағбатлантириши, унда севги, меҳр, ҳурмат, сабр-қаноат ва ишонч туйғуларини уйғотиши лозим. Боланинг ўзига ишониши, ўзини ҳурмат қилиши муҳим саналади.

  • Бола тарбияси қачон бошланади?
  • Болани неча ёшдан бошлаб тарбия қилиш керак?
  • Унинг тарбиясига қаерда кўпрок эътибор берилиши керак: уйдами ёки мактабда?

Бундай саволлар бизни ҳамиша ўйлантиради. Мазкур мавзуда кўплаб китоблар ёзилган. Ягона ҳақиқат шуки, тарбия қанча эрта бошланса, шунча яхши. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ҳар бир бола алоҳида гавҳар ва ранг, бошқа-бошқа гулдир. Ота-оналик бахти бизга инъом этилган энг муқаддас, бебаҳо ҳадядир.

Гўдак она вужудида нишона берган кундан бошлаб, бўлажак ота-онага қуйидаги саволлар тинчлик бермайди:

  • Фарзандим қизми ёки ўғил?
  • Соғлом туғиладими?
  • Оиламизда қандай ўзгаришлар бўлади?
  • Болам қандай инсон бўлиб улғаяди?
  • Мактабда фанларни қандай ўзлаштиради?
  • Қайси касбни танлайди?

Бу каби саволлар билан боламизнинг келажагини тасаввур этишга ҳаракат қиламиз.

Болаларнинг маънан етук, жисмонан соғлом бўлиши ота-она ва ўқитувчиларга боғлиқ. Мактаб боланинг иккинчи уйи ҳисобланади. Болани тарбиялашда унинг жисмоний, психологик ва генетик ривожланиш хусусиятларини эътиборга олиш керак. Масалан, 3 ёшдаги боладан ўз уйинчоғини ўртоғи билан уйнашни талаб қилиш тўғри эмас. Сабаби, бу ёшдаги болаларда бирор нарсасини яқинлари билан баҳам кўриш кўникмаси ҳали шаклланмаган бўлади.

Гарчанд ота-оналар фарзанди ўзларининг бир бўлаги эканлигини ўйласалар ҳам, бола ота-онанинг айнан нусхаси эмас. Ҳар бир бола – алоҳида характер соҳиби бўлган шахс. Шунинг учун ҳам бола тарбиясида қуйидагиларга эътибор бериш лозим:

  1. Ота-она болага керагича меҳр, севги берса, унда ўзига бўлган ишонч ортиб, кайғу ва қўрқувлари камаяди.
  2. Оилада етарли меҳр ва самимийликни кўрган бола ахлокий қадриятларни ўзида мужассамлаштиришга интилади. Агар уйда катталар бақириб-чақиришса, бундай оилада улғаяётган болага сокин ва сабрли бўлишни ўргатиш қийин. Ахир қуш уясида кўрганини қилади.
  3. Уйда тез-тез калтак билан жазоланиб, доим айбдор саналган болалар ўзларини ота-онасини ранжитган ярамас фарзанддек ҳис қиладилар. Улар ўзларини арзимас нарсага ҳам айбдор деб ҳисоблайверадилар.Бу туйғу уларнинг сабабсиз асабийлашишларига,сўзга қулоқ солмайдиган одобсиз фарзанд сифатида уйи ва оиласидан кўнгли қолишига олиб келади. Бундай салбий  хислатга эга бола фахм-фаросати ва соғлиғи яхши бўлган ҳолда, ота-онасига нисбатан юрагидаги норозилик уни дарсларни вақтида бажармай, бирор ишни қилишда қайсарлик қилиб, ноқобил фарзанд сифатида оила аъзоларини ранжитишига сабаб булади.
  4. Ота-она фарзанди билан имкон қадар осойишта ва сабрли муносабатда бўлса, унга ортиқча ўгит ва эслатма беришга ҳожат қолмайди. Зотан, қуруқ насиҳат бола тарбиясида яхши фойда бермаслиги маълум.
  5. Яхши ота-она бўлиш учун ортиқча уринишга ўрин йўқ. Бу борада самимийлик етарли. Зеро, ҳаддан зиёд меҳр ва эътибор болани худбин килиб кўяди.
  6. Бола нотўғри иш қилганида уни койиб: «Сен ҳеч айтганни қилмайсан, қачон одам бўласан, бизга доим ташвиш келтирасан» сингари одатий танбеҳ бериш, зарда қилиш тўғри эмас. Болани айблаш ўрнига, уни сабр билан сўзининг охиригача тинглаш энг маъқул йўлдир. Сабаби, ота-онаси унга ён босмоқчилигини кўриб, боланинг оиласига бўлган меҳри ортади ва қилган нотўғри ишини тан олиши осонлашади. Шундай қилинганда, бола барчасини очиқ айтиб беради ва хатоларини бошқа такрорламасликка ўзига ўзи сўз беради.
  7. Ота-она аксинча йўл тутса, бола оиласига ишонмайди, дилидаги аламлар, муаммоларни биргаликда ҳал қилишга интилмайди. Фарзандини тинглаган ва уни тушунишга ҳаракат қилган ота-она бола кўз ўнгида ҳурматини сақлаб қолади.
  8. Фарзандлар ўртасидаги тушунмовчилик ёки келишмовчиликда қай бири ҳақ-ноҳақ эканини билмасдан танбеҳ бериш нотўғри. Агар иккови ҳам жазоланса, айби йўқ фарзанднинг ота-онага бўлган ишончи сусаяди, укасига гина назари билан қарай бошлайди. Шу сабабдан жиддий вазиятлар юзага келмаса, ўртага тушмаслик, орадаги келишмовчиликларни болаларнинг ўзлари ҳал қилишларига имкон яратиш лозим. Бу уларнинг самимий, софдил инсон бўлиб улғайишларига ҳам ёрдам беради.
Баҳам кўринг

Comments are closed.