Онанинг дуоси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тш-ш-ш... тинчлан, суюклигим, жимгина ухла... Сенинг уйқудаги чиройли кўзчаларингни ўпар эканман, тез-тез ва бир текис олаётган нафасингни, дукиллаб ураётган юракчангни эшитаман, Аллоҳга ҳамд айтаман, қўлчаларингни силаб, уйқунгни қўриқлайман. Онанг шу ерда, онанг ёнингда, тинчгина ухла...

Аллоҳ энг яхши қўриқчи ва ҳимоя қилувчидир!

Сен оғриб қолсанг, йиғласанг, сенга қўшилиб мен ҳам йиғлайман. Мен сенга қандай ёрдам беришни билмайман, лекин Аллоҳ билади. Бас, Унинг ўзидан сенга шифо сўрайман, ҳар доим сўраганимдан кўра кўпроқ ёлвориб ...

Сен қувониб кулсанг, мен ҳам куламан. Ҳар доим шундай қувноқ бўлишингни хоҳлайман ва бир лаҳза, доимо шундай бўладигандай туюлади... Аллоҳдан ўзга ҳеч ким сенинг бахтингни узайтиришга қодир эмас...яна ичимда пичирлайман:«Ҳеч ғам кўрмагин» дея...шунчалик ўтинч билан дуо қиламанки, авваллари У Зотга юзланиб қилган дуоларим ҳам ҳеч нарса бўлмай қолади...

Ухла, жигаргўшам, ухла дўмбоғим. Сени олдинда кутаётган ҳамма ёмонликлардан қанчалик ҳимоя қилишни хоҳлашимни билсанг эди! Афсуски, мен ҳатто ўзимни ҳам ҳимоя қила олмайдиган ожиза... Яна Унинг ўзига ёлвориб сўрайман, мени сен учун сақлашини, бу беғубор кўзларинг аччиқ ёшлар билан тўлмаслигини...чунки ҳеч ким онангдай мулойим сўзламайди сенга... онанг каби бағрига боса олмайди...сен учун онангдай дуо қилмайди... сенга ҳеч ким онангдайин бўла олмайди...

Мен сенга нима ҳам бера олардим, Аллоҳга иймондан бошқа.

Суюклигим, агар бу дунёда сенинг ҳеч нарсанг қолмаган тақдирда ҳам, қалбингда Аллоҳга бўлган иймон бор экан, билгинки, сенинг қўлингда бутун олам ва олдинда эса абадий гўзал ҳаёт кутмоқда!

Сенга қандай яхшилик қила олардим, Исломни ўргатишдан бошқа.

Мен ёнингда бўлсам ҳам ёки бўлмасам ҳам,сени барча хатолардан фақатгина Ислом қутқаради, гул юзим.

Ҳар биримизнинг ҳаётимизда шундай лаҳзалар бўладики, ҳеч кимдан ёрдам сўрай олмайсан. Қаердан, кимдан нажот кутасан... Ҳамма қариндошларинг ҳам, дўстларинг ҳам айнан сен уларга муҳтож бўлган чоғингда, ўзларининг ишлари кўплиги ёдига тушса... Кечагина улар билан хурсандчилик қилиб кулаётгандинг, бугун эса ёлғизликда йиғлаётирсан...

Сен эса йиғлама, азизим, жоним, Аллоҳга шундайин қаттиқ боғлангинки, худди сўнгги нафасингга тирмашган каби. Шунда сенинг ҳаётингда ҳеч қачон ундай аянчли дамлар бўлмайди. Шунда сен ҳеч киминг ва ҳеч нарсанг қолмаса ҳам, ўзингни ёлғиз ва ожиз сезмайсан. Чунки сен билан бирга, сен кўриб ва сезиб турган бутун борлиқни яратган буюк Зот Аллоҳ бўлади...

Мен сенга бу дунё бойликларини бера олмайман, гарчи сен ҳар қадамда бой ва тўкис яшаётганларни кўрарсан ва уларга ҳавас ҳам қиларсан. Балки бир кун келиб бу дунё матоҳлари учун елиб югурарсан ҳам...

Лекин унутма, болажоним: бу дунёда елиб-югуриб эришилган ҳар бир нарса, хоҳ у бир бурда нон бўлсин, еб битирилади, хоҳ бир қултум сув бўлсин, ичиб тугатилади, агар кийим-кечак бўлса, кийиб тугатилиб, охири қийқимларга айланиб парча-парча бўлади.

Бу дунё ҳаётидан қўлингда қоладиган ҳамма бойлик – бу, ибодат...қайсики, кийимларинг ямоқ бўлса-да, сендан қабул қилинадиган холис ибодат...

Ҳаётинг давомида юзингга қарс этиб эшик ёпувчи, сенга яхшиликни раво кўрмайдиган кимдир топилади. Аллоҳ сени катта-кичик турли синовлар билан синайди. У бу cиновлар ила сени кучли қилади.

Лекин Аллоҳ Ўзининг ҳузурига умид, қўрқув... муҳаббат ва гўзал ибодатлар билан келганнинг юзига илоҳий даргоҳи эшигини асло ёпмайди...Асло!

Кеча менинг юзим, нафақат юзим, балки юрагим ҳам ёришди. Сен менинг олдимга оҳиста келдинг ва сени қанчалик яхши кўришимни сўрадинг. Кимни кўпроқ яхши кўришимни: сеними ёки акангними...ёки...ними...

Мен сенинг хавотирли нигоҳинга қараб жилмайиб: «Албатта, сени ҳаммадан кўра кўпроқ яхши кўраман, ширинтойим, чунки сен менинг кенжатойимсан, кейин акангни...кейин...ни ...»

«Онам мени яхши кўрмайди деб хавотирландингми, болажоним-а?».. деб ўйладим мен. Нодон, нодонгина онанг-а...

Сен бўлсанг менга жуда жиддий қараб туриб: «Мен эса Аллоҳни сиздан кўра кўпроқ яхши кўраман...ҳаммадан кўра кўпроқ. Мана шу тўғри жавоб, ойижон...», дединг...

Аллоҳим! Ўзинг энг яхши асрагувчи ва ҳимоя қилувчидирсан. Ўзинг фарзандларимизни барча ёмонликлардан ва аччиқ кўз ёшлардан асрагин. Биз ожиз бандаларингни Ўзинг барча бало-қазолардан сақлагин, Ўзингдан бошқа ҳимоячимиз йўқ..

Фарзандларимизнинг биз билан бўладиган бахтли, хотиржам кунларини Ўзинг узайтир ва уларга, Сен билан бирга бўладиган кунлари, бутун оламдаги нарсалардан ҳам, ота-оналари ғамхўрлигидан ҳам аълороқ эканини тушунишларини ва буни унутмасликларини насиб эт...

Омиин...

                                                                                                                                                                                                         Малоҳат Анвар 

Мавзуга оид мақолалар
Абу Дабида турли миллат, маданият ва диндаги инсонлар шаҳар бўйлаб ўрнатилган ифторлик чодирларида бир давоми...

09:45 / 13.05.2019 2624
14 февраль куни пойтахтдаги Фаровон тўйхонасида аёлқизлар ўртасида ўтказилган Қуръон мусобақаси жуда давоми...

05:50 / 15.02.2018 3741
Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси Жунайд СУАВИ Чақалоғимни кўришим мумкинми илк маротаба фарзанд давоми...

05:53 / 05.08.2018 3456
Никоҳ кечасидаги ва ундан кейинги жинсий алоқалардан кейин эр ва хотин кечиктирмасдан ғусл қилишлари давоми...

06:23 / 23.02.2017 33489