Она ва завжанинг оилада ўрни
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жамиятнинг бўғини бўлмиш оилаларнинг тинч-тотув, хонадонларимиз файзли бўлиши ва турмушимиз осудалигида муҳтарама оналаримиз билан бир қаторда, аҳли аёлимизнинг ҳам ўрни каттадир. Улар фарзандларимиз тарбиячиси, бизларнинг меҳрибонимиз ва суянчиғимиз, кези келганда доно маслаҳатчимиздир. Хўш, оналар ва  хотинлар оилада муҳим ўринга эга эканлар, биз эркаклар уларга қандай муносабатда бўлишимиз керак? Бу иккисидан қай бирининг ҳаққи улуғроқ? Бу каби саволларга жавоб топиш учун муқаддас динимиз кўрсатмаларига назар солинса, етарли маълумотларга эга бўлинади.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ: قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ أَبَرُّ قَالَ: أُمَّكَ قَالَ: ثُمَّ مَنْ قَالَ: أُمَّكَ قَالَ: ثُمَّ مَنْ قَالَ: أُمَّكَ قَالَ ثُمَّ مَنْ قَالَ: أَبَاكَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الأَدَبِ الْمُفْرَدِ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «(Бир киши томонидан:) «Эй Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай», дейилди. У Зот: «Онангга», дедилар. У: «Кейин кимга (яхшилик қилай)», деб сўради. У Зот: «Онангга», дедилар. У: «Кейин кимга (яхшилик қилай)», деди. У Зот яна: «Онангга», дедилар. У:«Кейин кимга (яхшилик қилай)», деганида, у Зот:«Отангга», дедилар».

(Бухорий[1], Абу Довуд, Термизий, Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Ушбу ривоятдан маълум бўладики, онанинг фарзанддаги ҳаққи отаникидан улуғроқ экан. Энди қайнона ва келиннинг эркакдаги ҳаққи бир-биридан қанчалик фарқ қилишини тасаввур қилиб кўринг. Биз, эркаклар, мана шу ривоятдан келиб чиқиб, энг кўп яхшиликни онамизга қилишимиз, шу билан бирга, аёлимиз ҳаққини ҳам унутиб қўймаслигимиз талаб этилади. Онанинг ҳаққи ҳар нарсадан устун. Келин қанчалик чиройли, доно, уддабурон, қўл-оёғи чаққон бўлмасин, муштипар онамиздан ортиқ ва афзал бўлолмайди. Шуни ёддан чиқармаслик лозим. Динимиз Ислом бизларга энг биринчи навбатда онага, сўнг отага яхшилик қилишга чақирган. Зеро, ота-онанинг ҳаққи улуғдир. Аҳли аёлимизга қандай муносабатда бўлиш кераклиги борасида қуйидаги ривоятда набавий таълим берилган.

وَعَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لأَهْلِي وَإِذَا مَاتَ صَاحِبُكُمْ فَدَعُوهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَاللَّفْظُ لَهُ وَابْنُ مَاجَهْ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَزَّارُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхши (муносабатда) бўлганингиздир. Мен сизларнинг ичингизда ўз аҳлига энг кўп яхшилик қиладиганингизман. Агар соҳибингиз(дан, яъни оила аъзоларингиздан биронтаси) вафот этса, унга дуо қилинглар».

(Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Баззор ривояти. Ҳадис лафзи Термизийга тегишли ва унинг ривояти санади саҳиҳ)

Ҳадисдаги «аҳл»дан мурод кишининг оила аъзолари, хусусан, аёлидир. Бошқа ривоятда «Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхшилик қиладиганингиздир», деб очиқ-ойдин баён қилинган. Ушбу ривоятда тирикларга ҳам, вафот этиб кетганларга ҳам бирдек яхши муомалада бўлиш, тирикларга яхши сўз, ширин муомала билан эзгулик улашиш, вафот этиб кетганлар ҳаққига дуои хайрлар қилиш, улар ҳақида ёмон гап айтмаслик, ғийбат қилмаслик лозимлиги таъкидланмоқда. Мазкур ривоятга кўра, мусулмонлар ичида қайси бир эркак оила аъзоларига, хусусан, завжасига яхши муомалада бўлса, ўша банда уммати муҳаммадиянинг энг яхшиларидан бири бўлар экан. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши бу масалада ўртача йўлни танлаши лозим. Онасини рози қиламан, деб фақат онага яхшилик қилиб, завжани хорлаш, унга ёмон муносабатда бўлиш, хотинини одам ўрнида кўрмаслик ҳам нотўғри. Аксинча, завжага ортиқча эътибор бериш, уни либос ва таом борасида кам-кўстсиз қилиб, онани бир бурда нонга зор қилиб, оч-наҳор, юпун ҳолда ташлаб қўйиш –  катта гуноҳ. Балки киши энг биринчи навбатда уни дунёга келтириб вояга етказган онасини эъзозлаб, унинг ҳақларини адо қилиб, кейин завжасига яхши муносабатда бўлиши, умуман олганда, оила тинчлиги, фаровонлиги йўлида имкони борича ҳаракат қилиши керак. Сабаби ҳар бир мўмин-мусулмон эркакнинг оиладаги масъулияти катта ва қайнона ҳамда келин ўртасидаги муносабатлар яхши бўлишида ҳам, асосан, унинг ўрни муҳим саналади.

[1] Бухорий ушбу ривоятни «Ал-адабул-муфрад»да келтирган.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов

 
Мавзуга оид мақолалар
Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи билан бошлайман.       Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар ва Муҳаммад давоми...

14:38 / 24.02.2017 4679
Соғлом танда соғ ақл Ҳаракат нафақат мушакларни мустаҳкамлаш учун, балки хотирани ривожлантириш учун ҳам давоми...

08:49 / 24.12.2016 6128
«Муслимаат.уз» аёлқизлар сайти яна бир хайрли ишни амалга оширди. Сайт ходималари тегишли жойга мурожаат давоми...

10:28 / 31.10.2017 3639
Муборак Рамазон ойи рўзаси холис Аллоҳ учун тутилишини ҳаммамиз яхши биламиз. Меҳрибон Аллоҳ бизга бу давоми...

14:00 / 16.05.2018 1549