Оилавий ҳаёт ва унинг моҳияти

0 2 663

Одам Ато ва Момо Ҳаво яратилган вақтлардан бошлаб

қанчадан- қанча оилалар вужудга келган.

Аммо қайси оила идеал,

қайси оиладан намуна олишимиз керак?

 Намунали ва идеал оилалардан бири – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларидир.  У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари дунёвий осудалик, гўзалликка тўла эди.  Ҳаттоки, уйда овқат бўлмаган кунлари ҳам оилада бахтиёрлик  ҳисси  ҳамда муҳаббат аримаган.

Асосийси  оилада  доим ўзаро  тотувлик, сабр ва садоқат ҳукм сурган. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбия усули оиланинг ҳар бир аъзосининг юракларини соф меҳр билан тўлдирар  эди. Ҳеч бир аёл ўз завжини бизнинг оналаримиз  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни севганчалик севолмайди. Ҳеч бир эркак ўз завжасига Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз завжаларига муҳаббат қилганчалик  муҳаббат қила олмайди. Ҳеч бир фарзанд  ўз отасига  Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима  онамиз розияллоҳу анҳочалик  боғланиб қола олмайди. Ва албатта, ҳеч бир ота ўз фарзандига Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари онамиз Фотима розияллоҳу анҳога меҳр берганчалик меҳр бера олмайди.

  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма завжаларига нисбатан адолат қилишга ҳаракат қилганлар. Бу йўлда қўлларидан келган барча нарсани  қилганлар. Аммо Аллоҳ таолога бу каби ишда адолат сақлаш нақадар қийинлигига иқрор бўлганлар.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлари орасида тақсимни адолат билан қилар эдилар ва: «Аллоҳим! Бу ўзим эга бўлмаган нарсадаги тақсимим. Сен Ўзинг эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарсада мени маломат қилмагин», дер эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Оилада тинчлик ва тотувликни

сақлаш учун нималарга эътибор бериш лозим?

 Оиладаги ўзаро ҳамжиҳатлиликни ҳам маънавий, ҳам руҳий муҳитда сақлаш лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оиладаги бахтни қуйидагича таърифлаганлар.

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб намоз ўқисалар, зокир ва зокиралар қаторига ёзиладилар», дедилар».

 Бу эса улуғ саодатдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда зокир ва зокираларга мағфират ва улуғ ажр тайёрлаб қўйганини айтган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон эркак кечаси хотинини уйғотиб, икковлари бир бўлиб, таҳажжуд намози ўқиб турсалар, ниҳоятда яхши бўлади.

 Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаси туриб, намоз ўқиган ва хотинини уйғотган, агар турмаса, юзига сув сепган эрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Кечаси туриб, намоз ўқиган ва эрини уйғотган, агар турмаса, юзига сув сепган хотинга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дедилар».

Иккисини Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари мақбул эканига ҳеч шак-шуб­ҳа йўқ. Ҳар бир мусулмон эр-хотин учун ушбу дуода сўралган Аллоҳнинг раҳматига эришиш қи­йин эмас. Бунинг учун кечаси қайси бирлари аввал уйғониб, ибодат ҳаракатига тушса, жуфти ҳалолини ҳам бу улуғ ишга таклиф қилиши керак, холос. Агар уйғотилган киши қийналиб, тургиси келмаса, юзига сув сепиш ҳам жоиз экан. Мусулмон эр-хотинлар ана шундай бўлишлари керак. Ибодатга, кечалари туриб, таҳажжуд намози ўқишга интилишлари, бир-бирларидан ор­қада қолмай, бир-бирларини бу ибодатга ундаб туришлари лозим.  Бу муқаддас ҳадисларнинг пурмаънолиги  шундан иборатки, инсон бахти қуйидаги икки шарт: эр-хотин орасидаги самимийлик ҳамда бир-бирларини тақвога ундашига боғлиқдир.

Хулоса қилиб айтганда, оилавий тотувликка эркак ва аёлнинг қадр-қийматларини сақлаш орқали эришса бўлар экан. Икки томон ҳам авваламбор  ўзаро далда бўлиш ҳақида унутмаслиги лозим. Бу эса нафақат яхши ва бахтиёр кунларда, балки ғам-ташвишда  ҳам суянчиқ бўлишни талаб қилади.

  Ҳаёт доимо  ёрқин ранглардан иборат бўлавермайди. Келажак кутилмаган совғаларга: парвоз ва қулашлар, кескин бурилиш ва ўнқир-чўнқирликларга тўла. Тақдир  –  беназир бир сир. Қадарга ишониш  – Аллоҳга иймон келтириш демакдир. Бу эса куч ҳамда мададнинг энг катта чашмаси.  Бошқа бир улкан куч – бу бир-бирига жон-дилини берган, қалбларини  бир маромда уришига эришган эр-хотинлардир.

Эътибор бериш лозимки, бошларига кулфат тушган вақтда, ожиз ва руҳи тушган инсонлар оиласида  кўмак топа олмасалар, янада руҳлари тушиб, заифлашиб қолади. Ёки оиласидан ташқарида тасалли қидириб, залолат ботқоғига биринчи қўйган қадамлари бўлади. Аммо иймони мустаҳкам, онгли инсонлар эса оиласидаги ҳамжиҳатлилик ила қийинчиликларни осон енгиб ўтадилар. Оилавий ҳамжиҳатлик  эътиқод камолоти билан бир қаторда эр-хотиннинг ўзаро эҳтиёжларига ҳам боғлиқдир.

Рус тилидан Гўзал Дадамуҳамедова таржимаси.

Баҳам кўринг

Leave A Reply