Оилавий бахт борасида Қуръондан ўн сабоқ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  Қуръони карим шунчаки ажойиб қиссалар ва воқеалар баёнидан иборат китоб эмас. Унинг ҳар бир ояти, ҳар бир ҳарфи дақиқ, лўнда ва чуқур маъно билан ифодаланган. Унинг ҳар бир сурасида ажойиб ҳаётий сабоқлар олиш мумкин. Тоҳа сураси бу борада ўзига хосдир.

Бугун биз Мусо алайҳиссалом қиссасидан олишимиз мумкин бўлган сабоқлар ҳақида фикрлашамиз. Муфассирлар Тоҳа сурасида Мусо алайҳиссалом қиссаси биринчи бўлиб баён қилинганини таъкидлайдилар.

Қуръони Каримдан чексиз ҳаётий дарслар олиш мумкин. Унга чин юрак ва очиқ қалб билан қанча кўп мурожаат қилсангиз, Аллоҳ таборак ва таоло билан алоқаларингиз шунча мустаҳкамланиб боради. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло:

«Сенга Мусонинг хабари келдими? У оловни кўрган чоғида ўз аҳлига: «Туриб туринглар, мен оловни кўрдим, шояд, сизга ундан чўғ келтирсам ёки олов бошида йўл кўрсатувчини топсам», деди», дея марҳамат қилади (Тоҳа сураси, 910-оятлар).

Мусо алайҳиссалом Мисрдан Мадянга бориб, Шуайб алайҳиссаломнинг қизларига уйланиб, оила қурган эдилар. Энди никоҳ пайтида қайноталари Шуайб алайҳиссалом билан келишган муддатлари тугаб, аҳлларини олиб, Мадяндан Мисрга қайтиб кетмоқдалар. Бепоён саҳрода кетаётиб, адашиб қолдилар. Ҳайрон бўлиб, йўл топа олмай турган Мусо алайҳиссалом кечаси узоқдан оловни кўрдилар. Саҳроликларнинг одати бўйича кечалари баланд жойга одамларга кўринадиган қилиб, зиёфат борлигини билдириш ёки йўл қаёқда эканини кўрсатиш учун олов ёқиб қўйиларди. Мусо алайҳиссалом узоқдан ана шу оятни кўрдилар:

«У оловни кўрган чоғида ўз аҳлига: «Туриб туринглар, мен оловни кўрдим, шояд, сизга ундан чўғ келтирсам ёки олов бошида йўл кўрсатувчини топсам», деди».

Мана шу битта оятда ҳаётимизда керакли бўлган кўплаб муҳим ибратлар бор. Бу ибратларнинг сони чегараланмаган бўлса-да, биз сиз билан улардан ўнтасига тўхталиб ўтамиз.

1. Оила ҳақида ғамхўрлик энг муҳими.

Мусо алайҳиссалом ўз аҳли оилаларига хавфсизлик ва қулайликни таъминлаш мақсадида уларни хавфсиз жойда қолиб, кутиб туришни тайинладилар. Бу сўзлардан хулоса қилиш мумкинки, оилани ҳеч қачон мажҳуллик ва хавф-хатар остида қолдирмаслик керак.

2. Яққол хавф яширин хавфдан афзал.

Мусо алайҳиссалом уларни қоронғуда саҳрода қолдириш эмин эмаслигини билганлар. Бироқ бу ҳар ҳолда«тушунарлироқ», олдиндан нима бўлишини тахмин қилиш мумкин бўлган хавф эди. Чунки узоқдан кўринган ёнаётган олов қароқчилар ёққан гулхан бўлиши, яқинлашишса, уларни ўмариб, ўлдиришлари ҳам эҳтимолдан холи эмасди. Яъни, иккинчи хавф яширин, номаълум ва мажҳул эди.

3. Кўпчиликни тахликага қўйгандан кўра бир киши жафо кўргани афзал.

Мусо алайҳиссалом бир гуруҳ одамларни хатарга қўйишдан кўра хавфни ёлғиз қаршилашга қарор қилдилар ва бир ўзлари йўлга тушдилар.

4. Агар келишув ноаниқ ва мажҳул бўлса, қимматга тушиш мумкин.

Мураккаб вазиятларда, ҳолат чигаллашиб кетганда аниқ ва тушунарли келишувлар тузиш муҳим. Баъзан тушунмовчилик ёки келишувга амал қилмаслик битта ҳаётнинг бошига ҳам етиши, бундан бошқа кишиларнинг соғлиги, мулки ва руҳий ҳолати азият чекиши мумкин. Шунинг учун келишувларни аниқ қилиб, унга риоя қилиш лозим.

5. Раҳбар маслаҳатлашади, қарорларини тушунтириб беради.

Мусо алайҳиссалом уларни нима учун ташлаб кетаётганини, мақсади нима эканини батафсил тушунтириб бердилар, мулоҳаза ва аниқлик билан иш тутдилар. Жуда кўп ҳолларда киши нима учун нариги эмас, бу йўлни тутгани бошқаларга мавҳум бўлиб қолганидан норозиликлар ва хафагарчиликлар келиб чиқади. Шунинг учун қарор куч билан эмас, балки ақл ва бошқаларга ғамхўрлик билан қабул қилинганини билдириб ўтиш керак. Шунда инсонлар ўз раҳбарларига ишонадилар. Зеро,ишонч кўпинча ёмон қарор оқибатида эмас, балки мазкур қарорни қабул қилувчи бу борада маслаҳатлашишга фурсат топмаганидан йўқолади.

6. Қарорингизга тааллуқли бўлган барча билан маслаҳатлашинг.

Мусо алайҳиссалом фақат завжаларига эмас, балки бутун аҳли оилаларига мурожаат қилдилар. Фарзандлар билан маслаҳатлашиш ҳам жуда муҳим, айниқса, улар ўзларини англаш ёшида бўлсалар. Бу ишончни келтириб чиқаради, оилавий алоқаларни мустаҳкамлайди, уларни масъулият ва жавобгарликка ўргатади. Агар болажонларингиз фикрини рад қилишга ўрганган бўлсангиз, улар сиздан ўз ташвиш ва муаммоларини яширишларига, ўз қарорларини сизга билдирмай қабул қилишларига тайёр туринг.

7. Қилмайдиган ишингизга ваъда берманг.

Мусо алайҳиссалом: «...шояд, сизга ундан чўғ келтирсам...» дедилар, ваъда бермадилар, фақат имкониятга ишора қилдилар. Ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги муносабатни бажарилмайдиган ваъдаларчалик ҳеч нарса бузмайди. Бундай ваъдалар туфайли никоҳлар ҳам дарз кетади. Шундай экан, ҳақиқатни айтинг, муболаға ҳам қилманг, яширманг ҳам.

8. Ҳатто энг ночор вазиятларда ҳам имкон қадар кўп яхшиликни кўзланг.

Мусо алайҳиссалом: «...шояд, сизга ундан чўғ келтирсам ёки олов бошида йўл кўрсатувчини топсам», демоқда. Ташқаридан ночор кўринган вазиятда ҳам у имкон қадар фойда изламоқда. Бу ҳаётда ғолиб кишиларнинг хислатидир, улар ҳамма зарарни кўрган ҳолатларда ҳам яхшиликни кўра оладилар.

9. Энг муҳимини танлай билинг.

Чўғ олиб келиб, аҳлини иситишни Мусо алайҳиссалом йўл кўрсатувчини топишдан аввал зикр қилмоқда. Чунки у оиласи учун нима муҳимроқ эканини, аҳлининг эҳтиёжларини яхши билади ва уларни зарурат даражасига кўра қондиришга уринади.

10. Жавобгарликдан қочманг.

Оиланинг боши сифатида Мусо алайҳиссалом унинг ҳолати учун масъулиятни ўз зиммасига олмоқда. У барчаси яхши бўлишини кафолатлай олмайди, бироқ бу ҳолатда масъулиятдан қочмай, қўлидан келган барча ишни қилади. Раҳбар бўлиш фақат хотиржамлик ва қулайлик пайтида гуруҳ устида туриб беришдан эмас, балки қўрқмай қарор қабул қила олиш, хатарли вазиятда зарбани ўзига ола билишдан иборат.

Зарнигор Аҳмадалиева,

рус тилидан эркин таржима

Мавзуга оид мақолалар
Фарғона вилояти бўйича ўтказилаётган яна бир Қуръон мусобақаси Бешариқ, Ўзбекистон ва Фурқат туманлари давоми...

07:05 / 07.02.2018 2127
   Халқимизга маълумки, шу кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан юртимизда Қуръони давоми...

12:08 / 10.02.2018 2557
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим  Қалам билан илм ўргатган, инсонга билмаган нарсасини ўргатган Аллоҳ субҳанаҳу давоми...

07:03 / 31.01.2017 3281