Оилани инқироздан қутқарамиз

0 564

Бугунги кунда ажримлар одатий ҳодисага айланди. Бунинг сабабларидан бири сифатида никоҳдан муҳаббатнинг кетиши ва бир-биридан зерикиш айтилмоқда.

Кўп ҳолларда ўткир туйғулар ўрнини вақт ўтгани сайин тинч, бир текис ҳаёт эгаллайди. Баъзи оилалар учун бунинг ёмон жойи йўқ бўлса, бошқа ҳолатларда бундай бир хиллик ғашга тегиши, бундан ҳам ёмони уруш ва жанжалларга сабаб бўлиши мумкин. Оила кемасини қандай қутқарса бўлади? Қандай қилиб замонавий ҳаёт океанида унинг чўкишига йўл қўймаслик мумкин? Ўзаро ҳурмат ва нафосатни йиллар оша сақлаб қолса бўладими? Бу ва шу каби саволларни бугунги мақолада ёритишга ҳаракат қиламиз.

Исломда оила тушунчасига алоҳида эътибор қаратилади. Бизни яратган Зот – Аллоҳ таоло инсонларга никоҳни раҳмат ўлароқ нозил қилди. Эркак киши оилада ўзини эр ва ота сифатида, аёллар эса хотин ва она сифатида кашф этишади. Агар ҳамма бир-бирининг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларига тўғри риоя қилса, бошқаларга ўзаро ҳурмат билан муносабатда бўлса, оила барча ташвишу муаммолар унутиладиган, руҳий босим ҳамда чарчоқни оладиган, инсон ҳамиша яна ва яна қайтгиси келадиган гўшага айланади.

Энди эса оилани инқироздан қутқариши мумкин бўлган бир нечта амалий маслаҳатлар билан бўлишамиз.

  1. Ўзингизни турмуш ўртоғингизнинг ўрнига қўйиб кўринг.

Аёллар ва эркаклар оила, никоҳ ҳамда муҳаббат каби масалаларга турлича кўз билан қарашади. Аёл киши эрида ёқимли ҳамсуҳбатни, ишончли суянчиқни, садоқатли дўстни кўргиси келади. Эркак киши эса аёлидаги жозиба ва саранжомликни қадрлайди. Аёл киши эри билан сирли суҳбатлар қуришни истаб турган пайтда эркаклар вақтини дўстлари билан ўтказишни хоҳлаётган бўлиши ҳам мумкин.

Аёл куни билан болаларга қарайди, кир ювиб, уй тозалайди. Эркак эса нима учун аёли барча нарсага вақт топиб, унга келганда «чарчаб қолиши»га тушунмайди. У ҳамиша уйдалигида аёли юзида табассум билан юришини, унинг риоясини қилишини кутади. Аёли унинг садоқати ва ҳимоясига муҳтож бўлгани каби эркак ҳам аёлнинг меҳр-муҳаббати ва унга бўлган ишончига муҳтож бўлади. Бир-бирига муҳаббатли жуфтлар бундай эҳтиёжларни англаб олишлари ва бир-бирларининг хоҳиш-истакларини инобатга олишлари лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, агар эркак кишига аёлининг бирор жиҳати ёқмаса ҳам, бошқа ёқадиган кўп хислатлари бўлиши мумкин. Шундай экан, келинг, бир-биримизга доимий шикоятларни бас қиламиз-да, завқли онлардан баҳра оламиз.

  1. Мослашувчан бўлинг.

Эр ҳам, аёл ҳам кўпинча ўзининг жуфти ҳалоли қандай юкни кўтараётганини ўйлаб кўришни унутиб қўяди. Ишдан чарчаб келган эр уйга келиб, тинч ва осуда шароитда дам олишни истайди. Бутун кунини хўжалик ташвишлари ва югур-югурлари билан ўтказган аёлнинг эса турмуш ўртоғининг кўнглини олишга шунчаки кучи қолмаган бўлади. Бундай пайтда ҳамма ўзининг ҳолати ҳақидагина ўйлайди. Хўш, нима учун бир-биримизга нисбатан бағрикенгроқ бўлиб, муросага бора олмаймиз (айниқса, майда-чуйда масалаларда)? Ҳа, аёл кўйлакка вақтида дазмол босишга улгурмади – эр уни ўзи қилса ҳам бўлади. Ҳа, эр картошка олиб келишни эсдан чиқарди – аёл бошқа таом тайёрлаши ҳам мумкин. Ва ҳоказо…

Бахтга қарши, кўпчилик бундай ҳолатда ўзини хўрлангандек ҳис қилади. Улар вазиятга бироз бўлса-да, ён босишни исташмайди. Шуни унутмаслик керакки, биз турмуш ўртоғимиз билан ҳамиша гапимиз бир жойдан чиқишини кутмаслигимиз лозим. Уларни ҳам ўз дидлари ва хоҳиш-истакларига эга бўлган шахсият сифатида қабул қила билишимиз керак. Модомики, шариатдан четга чиқмаган ҳолда иш қилар экан, унинг ҳақларини ҳурмат қилиш вазифамиз. Агар биз баъзи масалаларда мослашувчан бўлиб, хайрихоҳлик кўрсатмасак, бу уйда стрессли ва таранг муҳит юзага келади.

  1. Хулоса чиқаришга шошилманг.

Оилада бирор қарор қабул қилишда кўпинча четдагилар «ёрдам бериб юборишади». Яқинлар ва қариндошларнинг аралашиши оқибатида баъзан оилавий муносабатлар жар ёқасига ҳам келиб қолади. Эр-хотин юмшоқлик билан, тўғриликча яқинларига уларнинг маслаҳатлари улар учун муҳимлигини, бироқ муаммоларини ўзлари ҳал қилишларини тушунтира билиши керак. Акс ҳолда, эр тарафдан ҳам, аёл тарафдан ҳам яқинлар бараварига бир-биридан кескин ечимларни таклиф қилишлари ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Бироз юмшоқлик ва оқилона йўл тутиш билан сиз барчасини ўзингиз уддалайсиз!

  1. Ён беришни ўрганинг.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – ўзини оилада қандай тутиш борасида мусулмон жуфтлар учун энг ёрқин намунадирлар. У зот алайҳиссаломнинг аёллари баъзан бироз қизишса ёки рашк оқибатида бир-бирларини хафа қилишса, Набий алайҳиссалом ҳеч қачон уларга таъна тошини отмас, ким ҳақ, ким ноҳақ, дея муҳокама қилмас эдилар. У зот сабр этар, марҳамат кўрсатар, баъзан шунчаки жилмаяр, баъзида эса қисқа насиҳат қилардилар. Бироқ бугунги кунимизда Расулуллоҳдан ўрнак оладиган, оилада ўз ўрнини тўғри қўя биладиган эркаклар кам. Кўп ҳолларда эркаклар тезроқ аёлининг попугини пасайтириб қўйишни истайдилар, ким хўжайин эканини кўрсатиб қўйишга шошиладилар. Агар ҳолат шундай бўлса, аёл ўзини қўлга олиб, эркак билан баҳслашмаслиги лозим. Оқилалик билан ғазаб оловини ўчирадиган, хўжайинини тинчлантирадиган юмшоқ сўзларни танлай билиши керак. Энг асосийси жанжални чўзмасликка ҳаракат қилиш лозим. Уни ҳазилга айлантириб юбориш ёки паст келиш, кейинроқ эса вазиятни хотиржам кўриб чиқиш мумкин.

  1. Кўпроқ бирга вақт ўтказишга ҳаракат қилинг.

Бугунги технологик ривожланиш ва умумжаҳон глобализация даврида инсон моддият ортидан қувиб, аксар вақтини оиладан ташқарида ўтказмоқда. Электрон жиҳозлар ҳам, ижтимоий тармоқлар ҳам ўзига яраша эътибор талаб қилади. Ҳаттоки «Телефон – кундошим», деган ҳазил-да пайдо бўлди. Тавсия қилинадиган нарса шуки, ҳар бир бўш дақиқангизни ғанимат билиб, бирга ўтказишга ҳаракат қилинг. Кўрасиз – муносабатларингиз гуллаб-яшнайди, янгича тус олади.

  1. Исломда оилавий қадриятларни батафсил ўрганинг.

Аллоҳ таолога муҳаббат билан мустаҳкамланган никоҳлар бошқаларига нисбатан анча мустаҳкамдир. Иймон бахтли оилавий муносабатларни қуришда, Яратганнинг розилиги учун оила фаровонлиги йўлида ўз манфаатларини қурбон қила билишда, ҳар бир инсоннинг ижобий фазилатларини кўришда ёрдам беради. Кўплаб мўминлар ўз муносабатларини Ислом талаблари асосига қурганлари учун оилавий жанжаллардан холи юрадилар. Биргаликда ибодат, Қуръон тиловат қилиш, дуо қилиш ўзаро муносабатларни барқарор ва мустаҳкам қилади. Ислом таълимотларига риоя қила бошлашнинг ўзи кифоя – ўша кунданоқ муносабатларингиз яхшилашганини, ўзингиз ҳам сабрли, меҳрибон бўлиб бораётганингизни пайқайсиз.

 Хулоса ўрнида

Ҳар қандай, ҳатто энг мустаҳкам оила ҳам кунларнинг бирида чидамлилик синовидан ўтиши мумкин. Бироқ агар никоҳ иттифоқи турли хил муаммолар қаршисида туриб бера олса, турмуш ўртоқлар юзага келган қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишга тайёр бўлсалар, Аллоҳ таоло, албатта, уларга мадад беради.

Бахтиёр оилани ҳамма орзу қилади. Қалбларни Аллоҳ таоло бирлаштиради, уларни муҳаббат билан боғлайди. Уйга хотиржамлик ато қиладиган, раҳматини нозил этадиган ҳам У Зотдир. Шундай экан, келишмовчиликларда Ундан ҳимоя излаш, хаёлларимиз ва амалларимизни ислоҳ қилишни Ундан сўрашимиз лозим. Зотан, аслини олганда оилавий саодатимизга рахна соладиган ҳам ўзимизнинг гуноҳларимиз ва камчиликларимиздир. Барча жуфтларга қарата айтамизки, ато этган неъматлари учун Аллоҳ таолога улардан маҳрум бўлиб қолмай туриб шукр қилинг. Ҳаётингизни заҳарлайдиган гуноҳлардан узоқ бўлинг. Бир-бирингизга меҳр-муҳаббат ва эътиборингизни аяманг. Барча оилаларга чин қалбдан ҳақиқий бахтга биргаликда етишишни тилаймиз!

 

Манба: musulmanka.ru

Баҳам кўринг

Leave A Reply