Ўн ёшинг муборак!

0 1 121

Зулматда вужудинг нурфошинг сенинг,

Ҳилолсан, Исломдир қуёшинг сенинг,
Порламиш ҳам ичинг, ҳам тошинг сенинг,
Ўн баҳор кўрибди бу бошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Йигирма сайёра тутмиш фазойинг,

Фалакда сузарсан, ортар зиёинг,
Нажот нуқтасидир сўнг борар жойинг,
Иймону маърифат йўлдошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Беназир саҳифанг – бу, Uzwebiston,
Ўзбек миллийятин қилмиш намоён,
Ўзлигин ўзгага сотмаган ўғлон,
Ўз юзинг, ўз кўзинг, ўз қошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Qur’on.uz саҳифанг кўнгилларга нур,
Кўрган, тинглаганга руҳоний ҳузур,
Кимга Қуръон маҳбуб, сен унга манзур,
Адашмассан, Қуръон – йўлбошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Расул ҳадислари Ислом таянчи,
Иймону ахлоқу маърифат ганжи,
Hadis.uz хизмати – элнинг юпанчи,
Чунки ҳадис аҳли – юртдошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Буюкларни буюк аёл туғармиш,
Келажак ғиштини она қўярмиш,
Muslimaat.uz буюк она йўнармиш,
Тарбиядир умр йўлдошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Oilam.uz сендан гўзал бир парча,
Саодат қасрига очилган дарча,
Бахту саодатга муҳтождир барча,
«Бахтиёр оила»дир издошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Динбузар, эътиқод душманлари бор,
Улар миллатга ёв, ёвуз мардикор,
Hilol.com сарҳадда турар жанговор,
Дин, юрт ҳимояси талошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Оламларга раҳмат Расул ҳаёти,
Нажот харитаси, «Сийрат»дир оти,
Siyrat.uz парвозда толмас қаноти,
Сийратинг кўрсатар бардошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Info.uz сайёранг ғоят серсамар,
Оламда не аҳвол, огоҳ, бохабар,
Сен ўзинг бир олам, айтсам мухтасар,
Ахборот аҳлидир сирдошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Ислом аҳкомлари оламга раҳмат,
Унинг ҳар қонуни айни ибодат,
Fiqh.uz бу йўлда элга ҳидоят,
Ҳанафий фиқҳидир қарошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Тарихсиз келажак кутмоқ – хом орзу,
Миллатинг тарихи буюк ва мангу,
Тарих чеҳрасига tarix.uz кўзгу,
Жонкуяр, виждонли ҳақфошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Адабий майдонда adabiyot.uz,
Ўхшаши йўқ жавлон кўрсатар ҳануз,
Насру, назм, наво, бармоғу аруз,
Ўз тилинг ўргатар қондошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Ҳалоллик, покликнинг рамзисан тамом,
Ҳалоллик бўлмаса, ҳаётдир ҳаром,
Halol.org ҳалолга йўлдошдир мудом,
Ҳалоллик тарозинг, ҳам тошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Арабийдир Қуръон, ҳадис забони,
Ислому маърифат, ҳикмат уммони,
Кўза керак бўлса, қонмоқ замони,
Ўзбекка arabic.uz дошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Инсон ижтимоий бир жонзот эрур,
Мулоқот унинг-чун ҳаводек зарур,
«Forum»инг инсонлар ҳожатин берур,
Эзгу бўл, бўлмасин авбошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Оламни қопламиш дарду жаҳолат,
Элнинг нажотига керак табобат,
Tib.uzинг кўрсатар бунда жасорат,
Вужуд тарбияси тарошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Savollar.uz сенинг энг қизғин қисминг,
Конларни кашф этар нодир тилсиминг,
Миллат-чун бебаҳо бойликдир жисминг,
Илм хазинаси дурпошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Инсонда табиий моддий эҳтиёж,
Қулоғи сўз туймас, қорни бўлса оч,
Тана таъминоти руҳ учун илож,
Bozor.uz бел тутар нон-ошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Бепоён гулшансан, гулларинг бисёр,
Ҳар гулнинг ўз ҳиди, ўз рухсори бор,
Ҳар бир боғбон учун очиб бир гулзор,
Blog.uz, камалак рангдошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Нафақат ўзбекка элтасан жонлар,
Саноқсиз халқларга очарсан конлар,
Сенда ҳақни топар русийзабонлар,
Islam.ru бир русий отдошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Ўзбек миллийлиги – мусулмончилик,
Намозу ниёзсиз эл бўлар ўлик,
Масжидлар харита ичрадир битик,
Masjid.uz йўл узра фирошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Бугунги урушлар фикр жангидир,
Башарни маст этган сўз оҳангидир,
«Media»нг бу жанггоҳ ичра янгидир,
Ақл майдонида савошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Спорт бугун олмиш дил тўридан жой,
Кимлар ҳаётига бахш этар чирой,
Sport.uz, зулматда сен бўлиб бир ой,
Фақат ёғду сочсин чорбошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Бор икки қанотинг — ихлос ва иймон,
Эркин парвоздасан мангулик томон,
Ўзгалар ортингдан етолмай ҳайрон,
Арши Аълодандир маошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Islom.uz ажойиб шоввозларинг бор,
Беминнат хизматкор, жонбозларинг бор,
Шунга элдан кўрар эъзозларинг бор,
Гўзалсан, Устоздир наққошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Ҳусайн бир ходиминг, тилар камолинг,
То абад яшнасин бахтинг, иқболинг,
Завол топсин, кимки истар заволинг!
Қувончдан қуйилсин кўз ёшинг сенинг,
Islom.uz муборак ўн ёшинг сенинг!

Ўн ёшда шунчалар топибсан камол,
Яна ўн асрлар кўрсатгин жамол,
Ўзидан қўймасин сени Зулжалол,
Қиёматга қадар қўлдошинг сенинг,
Islom.uz, муборак ўн ёшинг сенинг!

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид.
17.10.2013/1434.12.12. Тошкент

Баҳам кўринг

Leave A Reply