Нусайба бинти Каъб бин Амр умму Аммораҳ ансорий

0 596

Нусайба бинти Каъб бин Амр умму Аммораҳ ансорий

«Қачон ўнгимга ёки сўлимга қарасам, мени ҳимоя этиш учун жанг қилаётган Нусайбани кўрардим”

Нусайба розияллоҳу анҳо эртанги кунини ўйлаб, ўзида йўқ хурсанд ва ширин хаёллар оғушида ўтирар эди. Эртага Ясрибнинг кўзга кўринган йигитларидан бири Зайд ибн Осим билан никоҳ тўйлари бўлади.

Эр-хотин бахтиёр кун кечирардилар. Бу орада Абдуллоҳ ва Ҳабиб исмли икки ўғил кўришди. Нусайба розияллоҳу анҳо фарзандларини жуда севар, уларни кўз қорачиғидек авайлаб-асрар эди.

Эр-хотин чексиз қувонч билан бир-бирини табриклаб иймон келтирдилар. Келгуси ҳаж мавсумида ясриблик мусулмонлар карвони билан Маккага бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат этишга қарор қилдилар.

Мусъаб ҳам бир гуруҳ ясриблик мусулмонларга бош бўлиб, Маккага кириб келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузури саодатларига кириб, салом берди ва хушхабар билан келганини айтди. Ясриб халқининг Ислом даъватини очиқ юз билан қабул қилиб, байъат этиш учун келганларини эшитган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларида табассум кўринди. Ясриблик мусулмонлар билан бўладиган учрашув жойи ва пайтини тайин қилдилар.

Макка шаҳри узра сукунат ҳукмрон. Бироқ ана шу осудалик ичида кўзлари уйқусиз, кўнгиллари буюк бир мулоқотнинг соғинчи билан ёнаётган инсонлар ҳам бор. Бу инсонлар ясриблик мусулмонлар эди. Улар тун қўйнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кутяптилар. Ақаба тупроғининг ҳар бир зарраси бу кеча инсоният тарихида энг улуғ келишув ва буюк вафодорликнинг шоҳиди бўлади.

Кечанинг тенг ярмида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббос билан биргаликда Ақабага келдилар. Ясрибликлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат этиб, моддий ва башарий барча имкониятларини сарф этиб, Ислом дини ва Пайғамбарини мудофаа этишга сўз бердилар. Нусайба ва эри Зайд ҳам байъат этганлар орасида эди.

Ҳамма қатори эр-хотин ҳам Ясрибга қайтди. Бироқ бу сафар уларнинг қалблари қувват ва жасорат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидан кўчиб ўтган кучли иймон билан тўла эди. Ислом нури Нусайбанинг бутун руҳини, вужудини қамраб олди.

Нусайба розияллоҳу анҳо Уҳуд жангида ҳамширалик вазифасини зиммасига олган эди. Жангчиларга ёрдам берар, ярадорларнинг жароҳатини боғларди. Аммо мусулмонлар ичида пайдо бўлган парокандаликни кўргач, қўлидаги мешни ташлаб, қиличга ёпишди ва жанг қила бошлади.

Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қўриқлаб турган ҳалқа тобора торайиб борарди. Нусайба эри Зайд ва ўғли Абдуллоҳ билан биргаликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мардонавор ҳимоя қилиб турардилар. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нусайба розияллоҳу анҳонинг бу қаҳрамонлиги ҳақида шундай деган эдилар: «Қачон ўнгимга ёки сўлимга қарасам, мени ҳимоя этиш учун жанг қилаётган Нусайбани кўрардим».

Ҳа, Нусайба розияллоҳу анҳонинг кўрсатган қаҳрамонлиги ҳар қандай эр йигитнинг қўлидан келмасди! У сувсаганларга сув тутар, яраланганларнинг жароҳатини боғлар, мардонавор жанг қиларди. Бу иймонли аёлнинг буюк жасоратига лойиқ мукофотни фақат Жаноби Аллоҳ тақдирлай олади!

Бу жангда Нусайба розияллоҳу анҳо турли жойларидан ўн учта жароҳат олган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳга: «Онангнинг олдига бор ва ярасини боғла!» — дедилар.

Сўнг: «Эй Нусайба оиласи! Аллоҳ сизни муборак қилсин. Онангнинг мақоми фалон-фалон кишиларнинг мақомидан устунроқдир. Аллоҳ оилангизни паноҳида сақласин!»  дедилар.

Нусайба розияллоҳу анҳo ўзи ва оиласи ҳақига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуо сўради. «Ё Расулаллоҳ! Жаннатда сиз билан бирга бўлишимиз учун Аллоҳга дуо этинг».

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Жаннатда уларни менга дўст қил!»  дея дуо қилдилар.

Шундан сўнг Нусайба розияллоҳу анҳо: «Ортиқ дунёда ҳар қандай алам чексам ҳам, аҳамияти йўқ», деди ва янада кучли азму ирода билан мужодалани давом эттирди.

Нусайба розияллоҳу анҳо ўғиллари Абдуллоҳ ва Ҳабибни кўнгилларида Аллоҳ йўлидаги фидокорлик севгиси билан ўстирди. Ислом байроғининг юксалишида ихлос ва садоқат билан хизмат қилишга ўргатди.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг, Нусайба розияллоҳу анҳо қолган умрини Пайғамбаримизни соғиниб, жаннатда у Зот билан учрашадиган кунни кутиб ўтказди. Ҳаётининг охирида иймони берган буюк ҳузур ичида руҳини улуғ Роббига таслим этди.

Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин ва уни ҳам рози қилсин

Манбалар асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply