Насиҳат одоблари

0 338

НАСИҲАТ ОДОБЛАРИ.

 Ўзингиз билганингиздек Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мусулмонлар ичида барча замон ва маконларда одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарадиган амри маъруф, наҳйи мункар қилувчи кишилар бўлишини ва умматга эса айтилган насиҳатларни бажаришни амр қилган.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз сўзини рост айтган;

«Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф, наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир». Оли Имрон, 104.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз сўзини рост гапирганлар.

У зот; «Дин бу насиҳатдир» — дедилар.

Биз: «Ким учун»? — деб сўрадик.

«Аллоҳ учун, Унинг Китоби учун, Расули ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун», — деб жавоб бердилар.

Лекин насиҳатгўйлар ва амри маъруф, наҳйи мункар қилувчилар бажариши лозим бўлган насиҳат ишининг одоблари бор. Улар бу билан зийнатланишлари керак. Мен сизларга ва ўзимга ушбу одобларни қисқача тушунтириб ўтаман.

Биринчи навбатда амри маъруф, наҳйи мункар қилувчининг билими қанчалик аниқ, Аллоҳнинг динидаги маълумотлари қанчалик кенг ва Аллоҳнинг тўғри йўлига қанчалик мувофиқ бўлса ҳам у ўз насиҳатларини улуғ билиб, қилаётган мавъизасини эшитувчилардан ўзини юқори тутган ҳолда ва уларнинг барчасини ўзидан паст деган тасаввурда йўлламаслиги лозим. 

Шунингдек, у Аллоҳ эслатилаётган ва яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарилаётган ушбу гуноҳкорлар ичида кейинроқ бўлсада ундан оқибати яхшироқ кишилар ҳам бўлиши мумкинлигини билиши лозим.

Шунинг учун у насиҳат ёки амри маъруф, наҳйи мункар қилганида одамларни кофир ва фосиққа чиқармаслиги ва ёмонликдан қайтарилаётган бу одамни куфр ва бидъатга, ёки фосиқ ва иймонсизликка нисбат бермаслиги лозим. Балки бу уни Аллоҳ таоло тургазиб қўйган бир вазифа эканини билиши керак.

Эҳтимол иш ушбу гуноҳкорни эртага ундан яхшироқ киши бўлиб кетишига бориб етар, эҳтимол ушбу насиҳат қилувчи Аллоҳнинг ғазабига учрайдиган иш қилиб қўйиши мумкин.

Насиҳат қилувчи умматга бадбинлик, яъни келажакдан умидсиз бўлган одамнинг қарашидек ва «бу уммат ҳаммаси фосиқ, улар ҳеч қачон яхшиликка қайта олмайди», деб ўйлайдиган кишининг қарашидек назар солмаслиги лозим. Бу насиҳат қилувчиларни васваса қиладиган шайтоний қарашдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади;

«Бандаларимга хабар бергил: Албатта, Менинг Ўзим ғофуру роҳиймдирман». Ҳижр, 49.

«Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир», деб айт». Зумар, 53.

Икки шайх ривоят қилган ҳадисда Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар; «Ким ширк келтирмай Аллоҳга рўбарў бўлса жаннатга киради».

Яна айтадилар:

«Агар бир киши; «Одамлар ҳалок бўлди», деса, унинг ўзи энг биринчи ҳалок бўлибди».

Ҳа, насиҳат қилувчи ўзининг бошида айланаётган насиҳатидан маст бўлиб қолмаслиги лозим. Яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтараётган киши ўзини Аллоҳ таоло жойлаб қўйган юқори ва баланд мартабада турибман деб ўйламаслиги, балки даъват қилинаётган ушбу гуноҳкорнинг якуни эҳтимол ундан яхши бўлиши мумкинлиги, эҳтимол Аллоҳ таоло унга ўз авлиёларидан бирини йўлиқтирган бўлишини ўйлаши лозим. Мана шу яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарувчи насиҳатгўйлар зийнатланиши керак бўлган одобдир.

Насиҳатни қабул қилаётганлар ҳақида нима дейилади?

Аллоҳ таоло уларга ҳам зийнатланишлари керак бўлган гўзал одоб ҳақида гапирган ва эслатган. 

Агар мен насиҳат қилувчидан бирор насиҳатни эшитсам, мен энгашиб унга қуллуқ қилмоғим лозимдир ва мен ўзимни хато қилиши мумкин бўлган башар эканимни эслашим, фаришта эмаслигим ва тез хато қилиб қўйишимни ҳамда тўғри йўлдан адашиб кетишим жуда осон эканини ёдда тутишим лозим.

Шунинг учун менга насиҳат қилаётган одамга қулоқ солишим ва унинг насиҳатларини миннатдорчилик билан қабул қилишим керак ҳамда Аллоҳдан кечирим сўрашим, ўзим билган ва билмаган гуноҳларимни кечиришини сўраб Аллоҳга истиғфор айтишим лозим.

Агар бирортаси; «Мен ўзимга назар солиб ўзимни хато қилмаганимни ва бирор гуноҳга аралашмаганимни ҳис қилаябман, нима учун истиғфор айтишим керак»? — деса. Мен унга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини эслатаман;

«Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар». Нур, 31.

Бу Анбиё ва Расулларга ҳам тегишли бўлган умумий хитобдир.

Ва мен унга яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларини ҳам эслатаман;

«Менинг қалбим ҳам (зикрдан тўхтаб) тўсилиб туради. Албатта мен ҳам ҳар куни Аллоҳга юз марта истиғфор айтаман».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир аёл келиб; «Эрим мени ўзидан зиҳор қилди, энди нима қилишим керак? — деб сўраганида, у аёлга; «Сизни бу ўринда эрингизга ҳаром бўлганингиздан бошқа нарсани кўрмаябман», деган жавоблари, кейинроқ унинг эрига ҳаром бўлмагани ва бу талоқ эмас, зиҳор экани, зиҳорнинг алоҳида ҳукми ва масаласи борлиги баён бўлганидан сўнг Расулуллоҳнинг аёлга айтган жавоблари ҳақ бўлмай, Аллоҳ таоло унинг хабарини бергани Расулуллоҳнинг камчиликлари эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам адашишдан ва хатога йўл қўйишдан пок ва олий зотдир. («Зиҳор» шариатда эрнинг ўз хотинига “сен мен учун онамнинг орқа бел томони кабисан” дейишига айтилади. Бунда эр каффорат бермагунича аёлига яқинлаша олмайди. Бу ҳақида Мужодала сурасининг 3-4 оятлари нозил бўлган. Тарж.н.)

Лекин бу бизга у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим бўлган эди. Мен ва менга ўхшаш кишиларга Расулуллоҳ томонидан тушунтириш эди.

Агар мен шу ўринда бирор бир хатога йўл қўйсам кейин бир ёш бола келиб менга хато қилганимни эслатса мен келган жойимда тўхташим ва хато қилганимни, болани тўғри айтганини билдиришим лозим ва яна Аллоҳ таоло мени хатодан уйғотиш учун бу болани юборганини ва эҳтимол бу Аллоҳнинг менга бўлган муҳаббати белгиси эканини айтишим лозимдир.

Агар айтувчи; «Мен хато қилмасам ҳам насиҳат қилиниб эслатилдим-ку»- деса, мен унга ҳулафои рошидийнларни эслатаман. Мўминлар амири Умар ибн Хаттобни бош эгиб насиҳатчилар насиҳатини қандай қабул қилганини айтиб бераман. У кишининг «сен хатокорсан» деган аёлни қандай қабул қилганини, у аёл тўғри айтиб, ўзи хато қилгани учун унга бош эгиб, қулоқ солганини эслатаман.

Бу насиҳатчи насиҳат қилаётганда зийнатланиши керак бўлган одобдир.

Бу насиҳат эшитаётган инсоннинг уни қабул қилаётганда зийнатланиши керак бўлган одобдир.

Эй Аллоҳнинг бандалари! Биз барчамиз вужуди ожиз бандалик билан ранг олган бандалармиз. Ушбу бандаликнинг ёрқин кўринишларидан бири биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек хатокор кишилармиз. Албатта биз гуноҳдан холи эмасмиз. Агар мен йўлимда насиҳат қилиб турган эслатувчи кишини кўрсам ва унга эътибор бериб шариат мезони уни қўллаётганини билсам мен бориб унинг қўлини ўпиб, миннатдорчилик билдиришим лозим ва мен ўзимни хато қилганимни, Аллоҳ таоло менга ўз марҳаматидан эҳсон қилиб, насиҳат қилувчи кишини юборганини эълон қилишим лозим.

Лекин одамлар орасида ўзларига мутаассиблик ҳукм ўтказадиган, ҳавойи истаклари ишга соладиган кишилар бор. Агар уларга уламолар ўз насиҳатларини йўллаб уларни танқид қилса ва улар қилаётган хатоларни ҳамда содир этаётган гуноҳларни эслатсалар, қилган танқидлари учун уламоларни қийнаб, танг аҳволга соладилар.

Сабаб нима, эй Аллоҳнинг бандалари? Сабаб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган ихлос неъматининг йўқлигидир.

Агар биз насиҳатчилар орасида мен сизларга айтиб берган одоб билан зийнатланадиган кишини топа олмасак унда бу насиҳатгўйлар қилаётган ишларини холис Аллоҳ учун қилмаябдилар, эҳтимол уларда турли туман нафсий интилиш бордир.

Агар биз насиҳатни қабул қилаётган одамлар ичида ушбу насиҳатдан норози бўлиб насиҳатчиларни танг аҳволга солаётган кишиларни кўрсак унда бунинг ҳам қайтиш жойи Аллоҳга бўлган ихлоснинг йўқлигидир.

Эй Роббим, қандай қилиб биз сендан ихлос неъматини қабул қиламиз! Қалбимизда ихлос неъматини ўрнатишнинг йўли қандай? Сизга жавоб келиб: «Ихлос Аллоҳнинг сирларидан бири бўлиб, уни Аллоҳ ўзи яхши кўрган бандаларининг қалбларига ишониб топширади», дейди.

Эй улуғлик ва икром эгаси, эй фазлу карам ва неъматлар соҳиби.

Аллоҳим биз сендан муҳаббатингни ризқ қилиб беришингни сўраймиз тойинки шунда бизга ўзингга бўлган ихлос неъматини берасан.

Ҳолбуки бу бизнинг сенга рўбарў бўлишимиз учун олиб борадиган сармоямиздир.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

 

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан  12-февраль 2010-йил.

Тошкент шаҳар «Эшонгузар» жоме масжид имом хатиби Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

13-апрель 2017-йил.

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply