Намозни бузувчи нарсалар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозни қуйидаги нарсалар бузади:

  1. Мутлақ калом.

Намозда қасдданми, унутибми, билмасданми, хато тариқасидами ёки мажбуранми, гапирилса, у ботил бўлади. Бу нарса икки ҳарфни ёки фаҳмласа бўладиган бир ҳарфни нутқ қилиш билан бўлади.

  1. Қасддан берилган салом ва унга алик олиш.
  2. Инграш ва шунга ўхшаш овозли нарсалар.

Оҳ уриш ва уф тортишга ўхшаш нарсалар ҳам икки ҳарфдан иборат бўлса, намозни бузади. Бу нарсалар беморлик, дунё иши учун бўлса, намоз бузилади. Аммо охират учун бўлса, бузилмайди. Бемор ўзини тутиб тура олмаса ҳам бузилмайди.

  1. Охират ишидан бошқа сабаб ила овозли йиғи.

Агар намоз ичида охират учун овоз чиқариб йиғланса, намоз бузилмайди. Мусибат туфайли овоз чиқариб йиғласа, намози бузилади.

  1. Узрсиз томоқ қириш.

Мажбур бўлиб ёки овозини яхшилаб олиш учун томоқ қирган кишининг намози бузилмайди. Аммо узрсиз икки ҳарф миқдорида овоз чиқариб томоқ қириш намозни бузади.

  1. Акса урганга соғлик тилаш.

Намозхон акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳ», деса, намози бузилади. Чунки бу нарса одамлар орасида урф бўлган каломдир. Акса урганга соғлик тилаш намозни бузиши ҳақида ҳадис ҳам келган.

  1. Каломга зикр билан бўлса ҳам жавоб бериш.

Мисол учун, намозхон ўзига хурсандчилик ҳақида хабар етганда «Алҳамдулиллааҳ», деса, намози бузилади.

  1. Имомидан бошқага луқма бериш.

Намозхон ўз имомидан бошқа кимсага, чунончи, қироатда адашиб қолган одамга луқма берса, намози бузилади. Чунки имомдан бошқага луқма бериш таълим қаторига киради. Шунингдек, намоздан ташқаридаги киши қироат қилаётган имомга луқма берса ва имом луқмани қабул қилса, барчанинг намози бузилади.

  1. Мусҳафга қараб қироат қилиш.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздида Мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилади. Чунки бу иш кўп амалга қўшилади.

  1. Нажасга сажда қилиш.

Чунки сажда намознинг бир бўлагидир. Бир бўлаги бузилган намознинг ўзи ҳам бузилади.

Шунингдек, нажас икки тизза ёки кафт қўйиладиган жойда бўлса ҳам намоз бузилади.

  1. Одамлардан сўраладиган нарсани сўраб дуо қилиш.

Намозхон қаъдаи охирда ташаҳҳуд миқдорича ўтирмасдан олдин «Аллоҳим! Менга минг динор бергин! Аллоҳим! Менга фалончини хизматчи қилиб бергин!» каби дуоларни қилса, намози бузилади. Ташаҳҳуддан кейин мазкурларга ўхшаш дуо қилган одам ўша нарса ила намоздан чиқади ва намози бузилмайди.

  1. Ейиш, ичиш.

Чунки бу икки иш кўп амалга киради. Бунда қасддан еб-ичдими ёки унутибми – фарқи йўқ. Тишининг орасига кириб қолган таомни еса, таом нўхатдан кичик бўлса, намози бузилмайди, агар нўхат билан тенг ёки катта бўлса, бузилади.

  1. Кўп амал қилиш: икки қўлга муҳтож бўладиган ёки намозхон кўп ҳисоблайдиган, ёхуд назар солувчи «Буни қилаётган одам намоз ўқимаяпти», деб гумон қиладиган иш кўп амалдир.

Намознинг амалларидан бўлмаган ва намозни тузатиш учун бўлмаган кўп амал намозни бузади. Одатда икки қўл билан қилинадиган салла ўраш, кўйлак кийиш ҳам намозни бузади.

  1. Қибладан юз ўгириш.

Бу узрсиз равишда гавдасининг қибладан бурилиши билан содир бўлади. Аммо таҳорат қилиб келиш учун бурилса, зарари йўқ. Намозда фақат юзни у ён-бу ёнга буриш ҳаром бўлсада, намозни бузмайди.

  1. Авратни қасддан очиш.

Агар шамол ва шунга ўхшаш нарсалар сабабли аврат очилса, уч тасбеҳ айтилгунча вақтда ёпиб олса, зарари йўқ. Аврат ундан кўп вақт давомида очиқ ҳолда қолса, намози бузилади.

  1. Катта ёки кичик бетаҳоратлик содир бўлса, намоз бузилади.
  2. Баданда, кийимда ва маконда афв қилиб бўлмайдиган даражада кўп нажосат пайдо бўлса, намоз ботил бўлади.
  3. Намозхон ўзи эшитадиган даражада кулса, намози бузилади, таҳорати кетмайди. Агар ёнидагилар ҳам эшитадиган даражада кулса, намоз ҳам, таҳорат ҳам бузилади. Овоз чиқармай табассум қилса, намоз ҳам, таҳорат ҳам бузилмайди.
  4. Таяммум ила намоз ўқиётган одам охирги қаъдага ўтиришидан олдин сувни кўриб, уни ишлатишга қодир бўлса, намози бузилади.
  5. Икки махсига тортилган масҳнинг муддати чиқиши намозни бузади.
  6. Махсини ечиш.
  7. Якка ўзи намоз ўқиётган уммий одамнинг бир оят ўрганиб олиши. Ўша оятни ўқиб намозни адо этиши лозим бўлиб қолгани учун.
  8. Имо билан намоз ўқиётган одамнинг рукуъ ва саждага қодир бўлиб қолиши.
  9. Яланғоч намоз ўқиётган одамга авратини ёпадиган кийим топилиб қолиши.
  10. Яра тузалгани учун унинг устидаги боғич тушиб кетиши.
  11. Ҳушидан кетиш.
  12. Жинни бўлиш.
  13. Назар солиш ила жунублик етиши.
  14. Таҳрима ва адоси бир бўлган намозда аёл кишининг эркак киши билан баробар – бир сафда туриб қолиши.
  15. Муқтадийнинг имомидан олдинга ўтиб кетиши ва бошқалар намозни бузувчи амаллардир.
 
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаж одоби Аллоҳ таоло «Кимнинг қудрати етгайдир, Аллоҳ йўлида Байтуллоҳга ҳаж қилмоғи фарздир. Кимки давоми...

06:57 / 02.12.2016 2455
httpswww.youtube.comwatchvPhC3fjJmlaY

18:26 / 27.02.2019 1644
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби «Йасин»дир. Ким давоми...

04:42 / 29.11.2016 6278
Аллоҳ таолога иймон келтиришдан сўнг иймон келтиришимиз зарур бўлган Зот Пайғамбаримиз Муҳаммад давоми...

02:19 / 27.02.2017 5030