Намознинг арконлари ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 «Аркон» кўплик сийғасидаги сўз бўлиб, унинг бирлиги рукндир. «Рукн» луғатда бурчак маъносини англатади. Худди бурчак уйда асосий нарса бўлганидек, рукн ҳам намозда асосий нарсалардир. Уларсиз намоз бўлмайди. Рукн намозда аввалидан охиригача бўлиши шарт, уни қасддан ёки унутиб ёхуд билмасдан қолдириб бўлмайди.Аммо ҳанафий мазҳабида рукн лафзи ишлатилмайди ва унинг ўрнига фарз ва вожиб лафзлари ишлатилади. Қуйида келадиган ҳадиси шарифларда намознинг фарз ёки вожиб амаллари ҳақида сўз боради.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ниятига яраша бўлади», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Шарҳ: Бу ҳадис ва унинг шарҳининг тўлиғи «Ният» китобида ўтган. Ҳадиси шарифнинг бир қисмини бу ерда келтиришдан мурод намозда ният фарз эканини билдиришдир. Намоз ўқувчи ният қилиши фарз, бўлмаса намози намоз бўлмайди. Агар ниятини тилига олиб айтса? яна ҳам яхши бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирдилар. Бир одам ҳам масжидга кирди ва намоз ўқиди. Сўнгра келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг саломига жавоб бердилар ва: «Қайт, бориб, намоз ўқи, сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. У бориб намоз ўқиди. Сўнгра келиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Бас, у Pот: «Қайт, бориб, намоз ўқи. Сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. Уч марта шундоқ бўлди. Бас, шунда ҳалиги одам: «Сизни ҳақ ила юборган Pот ила қасамки, бундан яхши ўқий олмайман, менга ўргатинг», деди.

У Pот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон намозга турсанг, такбир айт. Сўнгра ўзингга муяссар бўлганича Қуръондан қироат қил, кейин, хотиржам бўлгунингча рукуъ қил, сўнгра ғоз туриб тиклан, сўнгра хотиржам бўлиб сажда қил, кейин бошингни кўтариб хотиржам бўлиб ўтир, сўнгра хотиржам бўлиб сажда қил. Кейин намозингнинг ҳаммасида шундоқ қил», дедилар». Бешовлари ривоят қилганлар.

Абу Довуд: «Бас, қачон шуни қилсанг, намозинг тўлиқ бўлади. Бундан бирор нарсани кам қилсанг, намозингдан кам қилган бўласан» деган зиёдани келтирган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф муҳаддис ва фақиҳ уламолар орасида, намозини ёмон ўқиган одамнинг ҳадиси, номи билан машҳур бўлган ҳадисдир. Бу ҳадиси шариф намознинг сифати ҳақида ўта муҳим ҳукмларнинг ўз ичига олган буюк ҳадисдир. Ҳадисда, масжидга кириб келиб, намоз ўқиди, дейилган кишининг исми Холид ибн Рофеъдир. Насаий қилган ривоятга қараганда у икки ракъат намоз ўқиган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Масжидга кирган одам, аввало, намоз ўқиши кераклиги. 2. Бошлиқ киши ўзига тобеъларнинг қилаётган иши шариатга мос келаяптими, йўқми қараб туриши кераклиги ва мабодо хато бўлса, тузатиб қўйиши зарурлиги. 3. Намоз ўқиб бўлгандан кейин масжидда мавжуд шахсларга салом бериш. 4. Саломни эшитган одам дарҳол алик олиб, жавоб бериши. Саломга алик олиш вожиблиги ушбу ҳадисдан олинган. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдин саломга алик олиб туриб, кейин хатони тўғрилашга киришганлар. 5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайт, бориб намоз ўқи. Сен намоз ўқиганинг йўқ», деганларини уламолар икки хил таъвил қилганлар. Баъзилари унинг намози бутунлай намоз бўлмаган, десалар, бошқалари унинг намози комил намоз бўлмаган, чунки ҳадиснинг охирида: «Бундан бирор нарсани кам қилсанг, намозингдан кам қилган бўласан», демоқдалар, намозингни йўқ қиласан, деганлари эмас, дейишади. 6. Бир нарсани яхши билмаган одам эътироф қилиб, билган одамдан ўргатиб қўйишни сўраши кераклиги. 7. Билган одам эса аввал билмаган одамнинг иши хато эканини ўзига тушунтириб, кейин мулойимлик билан аста тушунтириб қўйиши лозимлиги. 8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «Қачон намозга турсанг, такбир айт», деганларидан намозга кириш такбир билан бўлишини ва такбир фарз эканини билдиради. 9. Сўнгра ўзингга муяссар бўлганича Қуръондан қироат қил» деганларидан, намозда қироат фарз экани ва у муяссар бўлганича бўлиши чиқади. Ҳанафий уламолар шуни далил қилиб намозда «Фотиҳа» сурасини ўқиш фарз эмас, балки муяссар бўлганича ўқиш фарздир, дейдилар. 10. «Хотиржам бўлгунингча» дейилганидан рукуъ ва саждада хотиржам бўлгудек ҳолат бўлиши вожиблигини билдиради. Бунинг энг кам миқдорини Ҳанафий мазҳабида рукуъда «Субҳана Роббиял азим»ни, саждада «Субҳана Роббиял аъло»ни шошмай уч мартадан айтиш билан белгиланади. Кўпчилигимиз бу нарсага унча эътибор бермаймиз. Ўша намозни камчилик билан ўқиган одамга ўхшаб номига, тезда рукуъ ва сажда қиламиз. Аслида эса рукуъда ҳам, саждада ҳам тасбиҳларни ўн мартадан айтиш керак. 11. Шунингдек, рукуъдан турганда ҳам ғоз туриб, қоматни ростмана тўғрилаш керак. Баъзиларга ўхшаб бошини кўтариб, бироз кўкрагини тўғрилаб саждага кетавериши керак эмас. 12. Биринчи саждадан бошни кўтарганда ростмана, хотиржам бўлиб ўтириш кераклиги. 13. «Кейин намозингнинг ҳаммасида шундоқ қил» деганларидан ҳар бир ракъат намозда юқорида зикр қилинган нарсалар бўлиши билинади. 14. Намознинг арконларидан бирортасини бузган одам уни қайта ўқиши вожиблиги. 15. Олим одам сабр ила билмаганларга шариат амалларини таълим бериши зарурлиги.

Ҳар биримиз ушбу ҳадисни яхшилаб ўрганиб, унга амал қилиб, намозимизни яхшилаб ўқишимиз лозим. Ҳанафий уламолар юқорида ўтган ҳадиси шариф ва бошқа далилларни чуқур таҳлил қилганларидан кейин намоз ўқишнинг қуйидаги тартибини баён қилганлар. «Қиблага қараб, тик туриб, чўзмасдан «Аллоҳу акбар» деб такбир айтади ва икки қўлининг бош бармоғини икки қулоғининг юмшоқ жойига теккизади. Сўнгра ўнг қўлини сўл қўли устига қўйиб боғлаб киндиги остига қўяди.

Кейин ичида сано ўқийди: «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика Ва табарокасмука ва таъала жаддука вала илаҳа ғойрук». Сўнгра ичида «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожим. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни айтади. Агар намозхон имомга иқтидо қилган бўлса, санодан бошқа нарсани айтмайди. Чунки у қироат қилмайди. Якка намозхон кейин «Фотиҳа» сурасини қироат қилади ва охирида овоз чиқармасдан «омийн» дейди. Овоз чиқариб қироат қилинса ҳам «омийн»ни ичида айтади. «Фотиҳа» сурасидан кейин бошқа бир сура ёки камида уч оят тиловат қилади.

Қироатдан фориғ бўлганда такбир айтиб, икки қўлини кўтармасдан рукуъга боради. Рукуъда болдирларини тик тутган ҳолида икки қўли билан тиззаларини чангаллаб туради. Бошини эгмайди. Орқасини тўғри тутади. Рукуъда турганда камида уч марта «Субҳана Роббиял азийм» дейди. Кейин ёлғиз намозхон «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни айтиб тикланиб бўлгандан кейин «Роббанаа лакал ҳамд» дейди. Имом фақат «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни айтади. Иқтидо қилувчи фақат «Роббанаа лакал ҳамд» дейди.

Сўнгра ўзини ғоз тутиб турганидан кейин такбир айтиб саждага йиқилади. Саждага йиқилаётганда аввал икки тиззани кейин икки қўлни ва икки қўл орасига бошини қўяди. Саждада турганда қўлларнинг панжалари қиблага қараб туриши керак. Шунингдек, пешонаси ва бурни ерга тегиб, қўлтиқлари очилиб, қорни сонларига тегмай туради. Оёқларининг панжалари ҳам қиблага қараб туради. Саждада турганда камида уч марта «Субҳана Роббиял аълаа» деб тасбиҳ айтади. Кейин такбир айтиб саждадан бошини кўтариб, хотиржамлик билан ўтиради. Ўтирганда икки қўлини оддий ҳолатда икки сони устига қўяди.

Сўнгра такбир айтиб яна саждага боради ва камида уч марта «Субҳана Роббиял аълаа» деб тасбиҳ айтади. Кейин такбир айтиб, қайта ўтирмасдан ва суянмасдан ўрнидан туради. Саждадан аввал бошини, кейин икки қўлини, ундан кейин икки тиззасини қўтариб иккинчи ракъатга туради. Иккинчи ракъат ҳам худди биринчи ракъатга ўхшайди. Фақат иккинчи ракъатда такбири таҳримий, сано, аъузу ва бисмиллоҳ бўлмайди. Иккинчи ракъатнинг иккинчи саждасини қилиб бўлгандан кейин чап оёғини ёзиб, унинг устига ўтиради ва ўнг оёғини тик қилиб панжаларини қиблага қаратиб ўтиради. Ўнг қўлини ўнг сони устига, чап қўлини чап сони устига панжаларини ёйган ҳолда қўяди. Кейин Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ташаҳҳудни ўқийди: «ат-Таҳийяту лиллаҳи вас-Солавату ват-Тоййибату. Ас-Саламу алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳу ва баракатуҳу. ас-Саламу алайнаа ва ала ибадиллаҳис солиҳийн. Ашҳаду анлаа илаҳа иллалоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу». Ташаҳудда «Лаа илаҳа»ни айтаётганда ўнг қўлининг бош ва ўрта бармоқларини бир – бирига қўшиб ҳалқа қилиб, синчалоқ ва номсиз бармоқларини йиғиб туриб кўрсаткич бармоғи ила саббоба ишорасини қилади.

Агар намози икки ракъатли бўлса, ташаҳҳуддан кейин «Аллоҳумма солли ала» ва «Аллоҳумма барик ала»ларни ўқийди. Сўнг дуони ўқиб бўлиб «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи», деб ўнг ва чап томонларига, елкаларига қараб имомни, намозхонларни ва фаришталарни ният қилиб салом беради. Агар намози уч ёки тўрт ракъатли бўлса икки ракъатнинг ташаҳҳудини тамомлаганидан кейин учинчи ракъатга туради ва худди иккинчи ракъатга ўхшатиб намозини давом эттиради. Намознинг охирида ўтириб ташаҳҳуд, саловот ва дуоларни ўқиб салом беради.

Эркак кишининг намозидан аёл кишининг намози бироз фарқ қилади. Фарқлар қуйидагича бўлади. Аёл киши ўз намозида: 1. Такбири таҳримада икки қўлини елка баробарида кўтаради. 2. Такбир пайтида қўлларини енгидан чиқармайди. 3. Икки қўлини кўксига қўйиб қўл боғлайди. 4. Рукуъда панжаларини ёзмайди. 5. Рукуъда ортиқча эгилмайди. 6. Рукуъда икки чиғаноғини биқинига текказиб туради. 7. Саждада қорнини сонига теккизиб туради. 8. Ўтирганда оёқларини ёнига чиқариб ерга ўтиради. 9. Саждада икки чиғаноғини ерга қўяди. 10. Овозини чиқармайди.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Китобнинг «Фотиҳа»сини қироат қилмаса, унинг намози бўлмас», дедилар». Бешовлари ривоят қилган. Шарҳ: «Китобнинг Фотиҳаси»дан мурод Алҳамду сураси.

Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари ушбу ҳадиси шарифни далил қилиб, ҳар ракаътда «Фотиҳа» сурасини ўқиш рукндир, усиз намоз намоз бўлмайди, деганлар. Уларнинг тушунчаларида, ҳадис, ким «Фотиҳа» сурасини ўқимаса, унинг намози саҳиҳ бўлмайди, деган маънони англатади. Аммо Ҳанафий мазҳабдагилар ижтиҳодларича, ҳадиснинг маъноси ким «Фотиҳа» сурасини ўқимаса, унинг намози тўлиқ бўлмайди. Шунинг учун, уларда «Фотиҳа» сурасини ўқиш вожиб ҳисобланади. Ким унутиб қўйса, саждаи саҳв қилса намози тузалади.

Демак, икки томон ҳам намозда «Фотиҳа» сураси ўқиш лозимлигини таъкидлайди. Ҳеч ким бу сураи карима ўқилмасин, демайди. Фақат «Фотиҳа» сурасининг қироат қилиш ҳукмини турлича айтадилар, холос. Биринчи томон фарз деса, иккинчи томон вожиб, дейди. Икки томоннинг ҳам ўзига яраша далиллари бор. Ҳозиргача ҳамма намозда, албатта, «Фотиҳа» сурасини ўқийди. Аммо баъзи кишилар имомларнинг олий даражада илмий мулоҳазаларини тушунмай туриб омма ичида турли гаплар тарқатиб, келишмовчиликларга сабаб бўлишади. Ҳар мазҳабга эргашмай ўз мазҳабидаги гапни билиб, намозида «Алҳамду» сурасини қироат қилиб юрса олам гулистон.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намоз ўқиса-ю, унда Уммул Қуръонни ўқимаса. Бас, у (намоз) ноқисдир, ноқисдир, ноқисдир, батамом эмасдир», дедилар».

Бас, Абу Ҳурайрага: «Биз имомнинг ортида бўламиз?!» дейилди.

У киши: «Уни ичингда ўқи, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ таоло, намозни Ўзим ила бандам орасида иккига тақсим қилганман. Ва бандамга сўраган нарсаси бўлур. Бас, қачон банда, «Алҳамду лилла’ҳи Роббил а’ламийн», деса, Аллоҳ таоло, бандам Менга ҳамд айтди, дейди. Ва қачон, «ар-Роҳма’нир Роҳим», деса, Аллоҳ таоло, бандам Менга сано айтди, дейди. Ва қачон, «Ма’лики явмиддин», деса, У, бандам Мени улуғлади, дейди. Ва бир марта, бандам Менга солди, деди. Бас, қачон, «Ийя’ка наъбуду ва ийя’ка настаъийн», деса, бу – Мен билан бандам ўртасида, бандамга сўраган нарсаси бўлур, дейди. Бас, қачон, «Эҳдинас сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим ва лаззоллийн», деса, бу бандам учундир ва бандамга сўраган нарсаси бўлур, дейди», деганларини эшитганман, деди». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Фотиҳа» сурасининг намозда ўқилиши зарурлиги ва унинг фазли ҳақида сўз юритмоқдалар. «Уммул-Қуръон» «Қуръоннинг онаси» «Фотиҳа» сурасининг исмларидан биридир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким намоз ўқиса-ю, унда Уммул Қуръонни ўқимаса, бас, у (намоз) ноқисдир, ноқисдир, ноқисдир, батамом эмасдир» деганлари намозда «Фотиҳа» сурасини ўқиш ҳукми ҳақидаги мазҳаблар тортишувида Ҳанафий мазҳаби учун жуда ҳам кучли далилдир. Чунки ноқис, дегани, намоз бўлади-ю, камчилик билан бўлади, маъносини англатади. Унинг орқасидан «батамом эмасдир», дейилиши бу фикрни яна ҳам қувватлайди.

Биз ноқисдир, деб таржима қилган ибора арабчада, ҳадис матнида «хидожун», деб келган, бу ибора, чала туғилган туя боласига ишлатилади. Бу эса худди Ҳанафий мазҳаби уламолари айтган муддаони билдиради. Улар сураи «Фотиҳа»сиз намоз, тарки вожиб бўлгани учун чала намоз бўлади, саждаи саҳв қилмаса бўлмайди, дейишади. Уларнинг фикрича, бу ҳадис, ўзидан аввалги ҳадисдаги «намози бўлмас»ни, намози тўлиқ бўлмас, деб тафсир қилишини айтишади. Шу билан бирга Шофеъий мазҳаби уламоларининг «хидож» сўзини, «фасод», деб таъвил қилишларини танқид қиладилар. Аввал айтилганидек, бу тортишув оғзаки тортишув бўлиб, амалга келганда ҳамма бир хил йўл тутади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бу ҳадиси шарифни эшитиб, «Фотиҳа» сурасини намозда ўқиш ўта аҳамиятли иш эканини тушуниб етган кишиларда савол пайдо бўлди. Улар томонидан: «Абу Ҳурайрага: «Биз имомнинг ортида бўламиз?!» дейилди». Демак, ўша сўраган одамлар имомнинг ортидан иқтидо қилиб турганларида «Фотиҳа» сурасини ўқимас эканлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳадисни эшитиб, «Фотиҳа» сурасини ўқиш шунчалар таъкидланган экан, бизнинг имом ортидан уни ўқимай туришимиз қандоқ бўлади, деб мазкур саволни беришди. Шунда, У киши: «Уни ичингда ўқи», деди». Яъни имомнинг ортида бўлганингда «Фотиҳа» сурасини ичингда ўқи, деганлари.

Имомнинг ортидан туриб қироат қилиш масаласи кейин келади. Лекин ўрни келганда, ушбу «Уни ичингда ўқи», дейиш Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ўз ижтиҳодлари эканини айтиб ўтишимиз керак. Чунки шундоқ қилишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўргандим ёки эшитдим деганлари йўқ. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлари бошқа нарса, Фотиҳа сурасининг фазли тўғрисидаги ҳадиси қудсий бўлиб, уни қуйидагича баён қилмоқдалар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ таоло, намозни Ўзим ила бандам орасида иккига тақсим қилганман...»

Ушбу иборадаги «намозни» сўзидан мақсад, «Фотиҳа» сураси»ни деганидир, дейдилар уламоларимиз. Чунки намозда ўқилади ва уни ўқиш намознинг бир бўлаги ҳисобланади. Сўнгра намоз ҳаммаси Аллоҳ учун бўлиши маълумдир. Ҳадиснинг давоми ҳам шу фикрни тасдиқлайди. Фотиҳа сураси етти оят, биринчи уч оят Аллоҳ таолога ҳамду санодан иборат. Охирги уч оят сўровдан иборат. Ўртадаги бир оят эса, ярми сано, ярми дуодан иборат. «Ва бандамга сўраган нарсаси бўлур». Яъни ўша иккига бўлинган «Фотиҳа» сурасидан менга сано бўлур, бандамга сўраган нарсаси бўлур. «Бас, қачон банда, «Алҳамду лилла’ҳи Роббил а’ламийн», деса, Аллоҳ таоло, банда Менга ҳамд айтди, дейди». Яъни қачонки банда «Фотиҳа» сурасини ўқишни бошлаб, «Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн» - Оламларнинг Роббисига ҳамд, шукр ва мақтовлар бўлсин, деса, Аллоҳ таоло фаришталарга, бандам Менга ҳамд, шукр ва мақтовлар, айтди, дейди. Аллоҳ таолонинг, бандам, дейиши – банда учун чексиз бахт.

Қуръони Каримда ҳам сарвари олам Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни энг олий мақомларда Аллоҳ таоло, бандам, деб зикр қилган. «Ва қачон «ар-Роҳма’нир Роҳийм», деса, Аллоҳ таоло, бандам Менга сано, айтди, дейди». Аллоҳ таолонинг бу икки улуғ сифатини ихлос билан эслаш, тиловат қилиш, У Зотга сано айтиш, эканлигини Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилмоқда. «Ва қачон, «ма’лики явмиддин» деса, У, бандам Мени улуғлади, дейди». Яъни банда «Фотиҳа» сурасининг, «малики явмиддин» (қиёмат) жазо кунининг Подшоҳи – оятини тиловат қилса, Аллоҳ таоло, бандам Мени улуғлади, дейди. «Ва бир марта, бандам Менга солди, дейди».

Имом Муслимнинг ривоятида худди мана шу жумла йўқ. Бу ҳадиснинг ровийcидан баъзилари томонидан қилинган иш бўлса керак. Яъни бу ҳадисни ривоят қилиш давомида бир марта, бандам мени улуғлади, деган ривоят келса, бошқа мартасида унинг ўрнига, бандам менга солди, келган. Шу билан суранинг Аллоҳ учун бўлган ярим тугайди. Энди оралиқ оят келади. «Бас, қачон, «ийя’ка наъбуду ва ийя’ка настаъийн», деса, бу – Мен билан бандам ўртасида, бандамга сўраган нарсаси бўлур, дейди». Яъни қачонки, банда, ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн, (фақат Сенгагина ибодат қилурмиз ва фақат Седангина ёрдам сўраймиз) оятини ўқиса, Аллоҳ таоло: «Бу, Мен билан бандам ўртасида, Менга унинг ибодати бўлур, бандамга сўраган нарсаси бўлур, дейди».

Банданинг сўрайдиган нарсаси эса суранинг иккинчи ярмида қуйидаги оятларда келади. «Бас, қачон, «эҳдинас сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта алайҳим, ғайрил мағзуби алайҳим валаззоллийн», деса...» Яъни бизни тўғри йўлга бошлагин, Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига, ғазаб қилинганларникига ва залолатга кетганларникига эмас» деса, Аллоҳ таоло: «Бу бандам учундир ва бандамга сўраган нарсаси бўлур, дейди», деганларини эшитганман», дейди». Бундан «Фотиҳа» сурасининг фазли очиқ-ойдин кўриниб турибди. Энди уни ўқиганимизда доимо ушбу маъноларни тўлиқ тасаввур этишимиз лозим бўлади.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида Бомдод намозида эдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қироат бироз оғир бўлди. Фориғ бўлганларидан сўнг: «Эҳтимол, имомингиз ортида туриб қироат қилаётгандирсиз?» дедилар. Биз: «Ҳа, шундоқ қилмоқдамиз, эй Аллоҳнинг Расули», дедик. У Зот: «Фақат китобнинг «Фотиҳа»сидан бошқада ундоқ қилманглар. Чунки ким уни ўқимаса, намози бўлмас», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, иқтидо қилувчиларнинг имом ортидан туриб қироат қилишлари, имомга қироат қилиш оғирлашишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ва бошқа ҳадисларда имом ортидан туриб қироат қилишни ман қилганлари учун имомга иқтидо қилган киши қироат қилмаслиги керак бўлади. Аммо иқтидо қилувчининг имом ортидан туриб «Фотиҳа» сурасини қироат қилиши ёки қилмаслиги алоҳида масала бўлиб, бу ҳақда бир неча ҳадислар келган. Ўша бир неча ҳадислардан бири ушбу ҳадисдир.

Ушбу ҳадисда, «Фотиҳа» сурасидан бошқани ўқиманг. Чунки ким «Фотиҳа» сурасини ўқимаса, намози бўлмас, дейилмоқда. Ушбу фикрга биноан, Шофеъий мазҳабида имомнинг орқасида турган одам «Фотиҳа» сурасини ўқиши керак, дейилади. Жумҳур уламолар эса жумладан Ҳанафий мазҳаби ҳам, иқтидо қилуви шахс имомнинг ортидан туриб умуман, жумладан, «Фотиҳа» сурасини ҳам қироат қилмайди, дейдилар. Ҳамда бир қанча ҳадислар ичидан қуйидаги икки ҳадисни ҳам ҳужжат қилиб келтирадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари овоз чиқариб қироат қилган намоздан бурилиб: «Ҳозир мен билан сиздан бирор киши қироат қилдими?» дедилар. Бир киши: «Ҳа, эй, Аллоҳнинг Расули», деди. У Зот: «Айтдим, нимага мен Қуръонда жазб қилиняпман, деб», дедилар. Бас, одамлар овоз чиқариб қироат қилинадиган намозларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қироат қилишдан тўхтадилар». Сунан эгалари ривоят қилишган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 1. Имомнинг ортидан биров қироат қилса, имомга қироат қилиш қийинлашиши. 2. Бундоқ ҳолни сезган имом қавмга танбеҳ бериши. 3. Қавмнинг ичидан хатога йўл қўйган одам дарҳол тан олиши. 4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бошқалар ортларида намозда туриб қироат қилганида жазб бўлганлари. 5. Овоз чиқариб қироат қилинадиган намозда имомнинг ортидан қироат қилиш мумкин эмаслиги. 6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларидаёқ кишилар аввал қироат қилган бўлсалар ҳам, шу ҳадисдан кейин қироат қилишдан тўхтаганлари. Жумҳур уламолар Шофеъийлар зиддига ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб келтирадилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадиларки: «Ким бир ракъат намоз ўқиса-ю унда «Уммул Қуръон»ни ўқимаса, намоз ўқимабди. Магар имомнинг ортида бўлса (ўқимасин)». Термизий ривоят қилган ва «саҳиҳ» деган.

Шарҳ: Бу ривоятда имомнинг ортидан «Фотиҳа» сурасини ўқиб бўлмаслиги очиқ-ойдин айтилмоқда. Лекин жумҳурнинг, хусусан, ҳанафийларнинг кучли ҳужжатлари булар эмас. Уларнинг энг кучли ҳужжатлари аввало Қуръони Каримдан олинган: Аллоҳ таоло: «Қачонки, Қуръон қироат қилинса, уни эшитинглар ва жим туринглар», деган. Демак, имом қироат қилаётганда иқтидо қилувчи, жим туриб тинглаши керак.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон имом такбир айтса, такбир айтинглар ва қачон қироат қилса жим туриб, тингланглар», деганлар. Ибн Можа, Дора Қутний, Табароний, Ибн Ҳиббонлар Жобир ибн Абдуллоҳ, Ибн Умар, Абу Саъд ал-Худрий, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос ва Ибн Молик розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким имомнинг ортидан намоз ўқиса, имомнинг қироати, унинг қироатидир», деганлар.

Имомлар ўзларига етиб келган далиллар асосида ижтиҳод қилиб ўзларига яраша савобларини олиб кетганлар. Уларнинг ижтиҳодлари самарасидан фойда олаётганлар, имомлари ҳақларига дуо қилиб ўз мазҳабларига амал қилишда давом этаверганлари маъқул. Умумий шаръий қоида – шу. Ҳуда-беҳудага ихтилоф чиқариш эса Исломга ва мусулмонларга зарар етказади, холос. Умумхалқ ўзи эргашаётган мазҳабга амал қилса, ҳадисга амал қилган бўлади. Мақсад шу бўлгандан кейин ихтилофнинг нима кераги бор!? Имом Шофеъий бир ҳадисга амал қилишни олган бўлсалар, бошқа имомлар бошқа ҳадисларга амал қилишни олибди. Ана шунга амал қилиш матлуб. Шунингдек, барча мусулмонлардан ихтилоф қилмаслик ҳам матлубдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлар билан намоз ўқидим. Улар бирортасининг «Бисмилла’ҳир роҳма’нир роҳийм»ни ўқиганини эшитмадим», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган. Насаийнинг ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга намозга ўтдилар ва бизга Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм қироатини эшиттирмадилар», дейилган. Шарҳ: Шунинг учун ҳам Ҳанафий мазҳабида намозда «Бисмиллоҳ» махфий ўқилади, дейилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини «Бисмилла’ҳир роҳма’нир роҳийм» билан очар эдилар». Термизий, ал-Ҳоким ва Дора Қутнийлар ривоят қилган. Шарҳ: Бу ривоятни ҳам Ҳанафий мазҳаби ичида ўқиш, деб олган, Шофеъийлар эса овоз чиқариб ўқиш, деб олганлар. Уларда «Бисмиллаҳ» оят ҳисобланади шунинг учун намозда сурага қўшиб овоз чиқариб ўқийдилар. Бошқа мазҳабдагилар бу ҳолни кўрганда хато, деб тушунмасликлари ёки ажабланмасликлари керак.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етти аъзо ила сажда қилишга амр қилиндим; «Пешона ила, деб қўллари билан бурунларига ишора қилдилар, икки қўл, икки тизза ва икки оёқнинг учлари ила ва кийим ва сочни йиғиштирмаслигимизга», дедилар». Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, инсон намозда сажда қилган вақтда мазкур аъзолар ерга тегиб туриши лозим. Бунга алоҳида эътибор билан қараш керак. Баъзи вақтларда бош кийим халақит бериб, пешона ерга тегмай қоладиган ҳоллар бўлади. Шунингдек, бурун ва оёқларнинг учи ҳам кўтарилиб қолиш ҳоллари кўп такрорланади. Ушбу ҳадиси шарифни ўқиганимиздан кейин, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу ишга амр қилганини тушуниб етганимиздан кейин, бунга нисбатан эътиборли бўлишимиз керак. Шунингдек, кийим ва сочни намознинг ичида йиғиштириш, у ёқ, бу ёққа тортиб тўғрилаш макруҳ эканини ҳам тўла тушуниб етмоғимиз керак. Уламолар, аввал йиғиштириб олиб, кейин намоз бошлаш ҳам макруҳ, деганлар. Мисол учун, енг ва пойчаларни шимариб олиш ва шунга ўхшаш ишлар. Чунки ибодат қилганда, сажда қилганда ҳамма нарса том маънода иштирок этиши керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ташаҳҳудни худди Қуръонни таълим бергандек ўргатар эдилар. У Зот: «ат-Таҳия’тул Мубарока’тус Солава’тут Тоййиба’ту лилла’ҳ. ас-Саламу алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барока’туҳ. ас-Сала’му алайна’ ва ала’ иба’дилла’ҳис солиҳийн. Ашҳаду алла’ ила’ҳа иллаллоҳу. (Бир ривоятда, «Ваҳдаҳу ла’ шарийка лаҳу»ни зиёда қилди). Ва Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ», дер эдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисга ва бошқа шунга ўхшаш ҳадисларга асосланиб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларда намоз охиридаги ташаҳҳуд фарз, деганлар. Ҳанафий мазҳаби эса вожиб, деган. Ҳадисда ташаҳҳуд муҳим нарса экани очиқ-ойдин айтилиб турибди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташаҳҳудни саҳобаи киромларга худди Қуръонни таълим бергандек, таълим беришлари шуни кўрсатади. Энди, ушбу ривоятда келган ташаҳҳуд сийғасини таржима қилиб чиқайлик: «Баракотли табриклар ва покиза саловотлар Аллоҳ учундир. Эй Пайғамбар, сенга салом, Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси бўлсин. Бизларга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ, деб гувоҳлик бераман».

Бошқа бир ривоятда «У ёлғиздир. Унинг шериги йўқ» зиёда қилинган. «Албатта, Муҳаммад Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик бераман». Ташаҳҳуднинг ушбу сийғасини Шофеъий мазҳаби олган. Агар ўша мазҳабдаги биродарлар бу сийғани ўқисалар, бошқалар буни ғариб санамасликлари керак.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида намозда туриб, «ас-Сала’му алаллоҳи, ас-Сала’му ала фула’нин», дер эдик. Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга: «Албатта, Аллоҳнинг Ўзи саломдир. Бас, қачон бирингиз намозда ўтирса: «ат-Таҳия’ту лилла’ҳи вас-Солава’ту ват-Тоййиба’т. Ас-Сала’му алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барока’туҳ. ас-Саламу алайна’ ва ала’ ибодилла’ҳис солиҳийн», десин, агар шуни айтса, Аллоҳнинг осмону ердаги ҳар бир бандасига айтган бўлади. «Ашҳаду алла’ ила’ҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росулуҳ» десин. Сўнгра нимани хоҳласа, шуни сўрашни ихтиёр қилсин», дедилар». Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, намоз янги ўқила бошлаган пайтда кишилар, Аллоҳга салом, фалончига салом, фистончига салом, дейишган. Баъзи ривоятларда келишича, Жаброилга салом, Микоилга салом, дейишган. Шунда, кунлардан бир куни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатни тўғрилашга қарор қилганлар ва: «Албатта, Аллоҳнинг Ўзи саломдир» Унга салом беришнинг кераги йўқ. «Бас, қачон бирингиз намозда ўлтирса...» Яъни ташаҳҳудга ўтирса, деб мазкур сийғани айтганлар. Бу сийға аввалгисидан бироз фарқ қилади, холос, шунинг учун уни таржима қилиб ўтирмаймиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Агар шуни айтса, Аллоҳнинг осмону ердаги ҳамма бандасига айтган бўлади» деганлари, ташаҳҳудда «ас-Саламу алайка ва ала ибадиллаҳис солиҳийн» - «Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин» деганида, салом осмондаги ва ердаги ҳамма бандаларга етади, фалончига салом, фистончига салом, деб номини айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деганлари.

Жумҳур уламолар ва шу жумладан, Ҳанафий мазҳабида ташаҳҳудда ушбу сийғани ўқиш қабул қилинган. Сийғаларнинг ҳар хил келиши ҳам кенглик ва хилма-хиллик аломатидир. Бу эса яхшилик, ихтиёр эркинлигидан дарак беради. Аллоҳ билан бўлган муножотнинг охирида ушбу пурмаъно, табриклар, саловотлар ва саломлар ила борлиқдаги барча мавжудотларни эслаш ажойиб бир файзу футуҳ касб этади. Охирида калимаи шаҳодатни келишига изоҳ бериб ўтирмаса ҳам бўлади. «Сўнгра нимани хоҳласа, шуни сўрашни ихтиёр қилсин». Ушбу жумлага амал қилиб жумҳур уламолар, намоз охирида намозхон дунё ва охират ишларидан нимани хоҳласа, сўраши жоиз, деганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Фақат Қуръон ва суннатда келган дуоларни қилиш жоиз», деганлар.

Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда: «Аллоҳумма солли ала’ Муҳаммадив ва ала’ А’ли Муҳаммад. Кама’ соллайта ала’ Иброҳийма ва А’ли Иброҳийм. Ва ба’рик ала’ Муҳаммадив ва А’ли Муҳаммад. Кама’ ба’рокта ала’ Иброҳийма ва А’ли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд», дер эдилар». Бешовлари ва Шофеъий ривоят қилган. Лафз ўша кишиники.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: Каъб ибн Ужра ибн Умайя ибн Адий ал-Балавий, кунялари Абу Муҳаммад, ансорлар бошлиқларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча ғазоту байъатларда иштирок этган улуғ саҳобалардан эдилар. Ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 47 та ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан Ибн Умар, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Абдуллоҳ ибн Аббос, Ториқ Аби Лайло, болалари Исҳоқ, Абдулмалик, Муҳаммад, Рабиъ ва бошқалар ривоят қилишган.

У киши учун Қуръонда, «Бақара» сурасининг 196-ояти нозил бўлди. Каъб ибн Ужра Куфада истиқомат қилганлар, Ҳижратнинг 51 йили 75 ёшларида Мадинада вафот этдилар. Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ташаҳҳуддан кейин саловот сийғасини айтишни у Зотнинг ўзлари ўргатганлар. Бу ўргатиш саҳобаи киромларнинг сўровларидан кейин бўлган.

Шофеъий мазҳабига кўра, ташаҳҳуддан кейин саловат айтиш вожиб, бошқалар суннат, дейишган. Саловотнинг сийғаси ҳам турли ҳадисларда турлича келган, ана ўшалардан бири айтилса бўлади. «Аллоҳумма солли ала’ Муҳаммад». «Эй бор Худоё, Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзингнинг зиёда раҳматларингни нозил қилгин». «Ва ала’ А’ли Муҳаммад». «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни оила аъзоларига ҳам». «Кама’ соллайта ала’ Иброҳийма ва А’ли Иброҳийм». «Худди Иброҳимга ва Оли Иброҳимга ўз раҳматингни нозил қилганидек». «Ва ба’рик ала’ Муҳаммадив ва А’ли Муҳаммад». «Муҳаммадга ва Оли Муҳаммадга ўз баракангни нозил қил». «Кама’ ба’рокта ала’ Иброҳийма ва А’ли Иброҳийм». «Худди Иброҳим ва Оли Иброҳимга ўз баракангни нозил қилганингдек». «Иннака ҳамийдум мажийдун». «Албатта, Сенинг Ўзинг мақталган, улуғланган Зотсан».

Итбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидик. У киши салом берганларида, салом бердик». Бухорий ривоят қилган. Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик: Итбон ибн Молик ибн Амр ал-Ансорий Бадр ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан иштирок этдилар. Шунингдек, Расулуллоҳдан бир неча ҳадислар ривоят қилдилар. Бу зотдан Анас ибн Молик, Маҳмуд ибн Робеъ, Ҳусайн ибн Муҳаммад ва бошқалар ривоят қилишган. Итбон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам воситалари ила муҳожир Умар ибн Хаттоб билан Исломий биродар бўлган эдилар. Бу зот Муовия ҳукмдор бўлган даврда вафот этдилар. Бу ҳадисдан салом беришлик намознинг машруъ амалларидан бири экани билинмоқда. Ҳанафий мазҳабида салом намоздаги вожиб амаллардан ҳисобланади.

Саъд розияллоҳу анҳу айтадиларки: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўнг тарафларига ва чап тарафларига салом беришларини кўрар эдим, у Зот ёноқларининг оқи кўринар эди». Муслим ривоят қилган. Шарҳ: Ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда салом берганларида юзларини ўнг ва чап томонларга яхшилаб буришлари очиқ айтилмоқда. Демак, баъзиларимизнинг салом беришда шоша-пиша сал бошни қимирлатиб қўйишимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларига хилофдир.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнгларига ва чапларига ёноқларини оқи кўрингудек бўлиб салом берар ва: «ас-Сала’му алайкум ва роҳматуллоҳ. ас-Сала’му алайкум ва роҳматуллоҳ», дер эдилар». Сунан эгалари ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ривоятда олдингиларини тасдиқлаш билан бирга саломнинг лафзини ҳам келтирмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саломни енгил қилмоқ суннатдир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: Демак, саломни чўзмай дона-дона ва енгил талаффуз қилиш керак. Юқорида келтирилган ва улардан бошқа ҳужжат ҳамда далиллар диққат билан ўрганилиб, фиқҳ ва усули фиқҳ қоидалари ишга солиниб бўлганидан сўнг ҳанафий мазҳаби уламолари намознинг фарз ва вожиб амаллари ҳақида қуйидагиларни айтганлар. Аввало намознинг фарзлари олтитадир: 1. Такбири таҳрима айтмоқ. 2. Қиём – тик туриш. 3. Қироат. 4. Рукуъ. 5. Сажда. 6. Ташаҳҳуд миқдорича қаъдаи охирда ўтирмоқ.

Намознинг вожиблари ўн саккизтадир; 1. Намозни «Аллоҳу акбар» лафзи ила очиш. 2. «Фотиҳа» сурасини қироат қилиш. 3. «Фотиҳа»дан кейин зам сура ўқиш. 4. Биринчи икки ракъатда сура ўқиш. 5. «Фотиҳа»ни зам сурадан олдин ўқиш. 6. Саждада пешона билан бирга бурунни ҳам ерга теккизмоқ. 7. Ҳар бир ракъатда такрорланадиган амалларни тартиб билан қилиш. 8. Фарз ва вожибларни хотиржамлик билан шошмасдан адо этиш. 9. Уч ва тўрт ракъатли намозларда биринчи қаъда. 10. Биринчи қаъдада ташаҳҳудни ўқиш. 11. Охирги қаъдада ташаҳҳудни ўқиш. 12. Биринчи қаъдада ташаҳҳудни ўқигандан кейин кеч қолмасдан учинчи ракъатга туриш. 13. Намознинг охирида икки марта салом бериш. 14. Имомнинг қироатни жаҳрий қилиш лозим намозларда жаҳрий қироат қилмоғи. 15. Имом ва якка намозхонни Пешин ва Аср намозларида қироатни сиррий қилиши. 16. Витр намозидаги «Қунут» дуосини қироат қилиш. 17. Икки ийд намози такбирлари. 18. Муқтадийнинг имомга эргашиши ва қироатга қулоқ осиши.

Мавзуга оид мақолалар
Алишер Навоий буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби. Асл исми Низомиддин Мир Алишер бўлиб, 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротда таваллуд топганлар, 1501 йилнинг 3 давоми...

05:18 / 10.02.2017 26367
Сизга уммат бўлмоқлик шараф Ўзининг муқаддас каломида Эй Муҳаммад Биз сизни бутун оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз деб хитоб қилган Аллоҳ таолога давоми...

04:41 / 09.12.2017 2970
 «Жоним болам Шундай пайт келадики, мен қарийман. Ўшанда сабрли бўл ва мени тушунишга ҳаракат қил. Агар еяётган овқатимни бехосдан тўкиб қўйсам, кийимларимни давоми...

09:31 / 29.12.2016 3890
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳар бир диннинг хулқи бўлади. Исломнинг хулқи  ҳаёдир», дедилар. Ибн Можа ривоят давоми...

19:30 / 28.12.2016 3342