НАФСДАН РОЗИ БЎЛИШ ХАТОНИНГ АСЛИДИР

0 343

 “Барча маъсият, ғафлат ва шаҳватнинг асли нафсдан розиликдир. Барча тоат, уйғоқлик ва иффатнинг асли сенинг нафсдан норозилигингдир. Нафсидан норози бўлган жоҳилга дўст бўлишинг нафсидан рози бўлган олимга дўст бўлишингдан яхшидир. Нафсидан рози бўлган олимда қандай илм бўлсин? Нафсидан норози бўлган жоҳилда қандай жаҳл бўлсин?”

Нафс дейилганда жон, қон, руҳ ҳамда ахлоқий маъноларда ҳам келади ва ўзликни билдиради. Масалан баъзида нафсим деб киши ўзини назарда тутади. Кўпинча биз нафсни тасаввуф илмида шаҳватларга ундайдиган ҳис деб тушунамиз. Шаҳват дегани фақат жинсий маънода эмас бу дунёда қандай ҳузур-ҳаловат бўлса, ўша нарсага талпинишдир, унга талпиниш нафснинг иши бўлади. Бу ҳикматнинг айтилишидан мурод, ўзимиздан яъни нафсимиздан рози бўлиб қолишимиз ҳамма маъсиятнинг боши экан. Соддароқ айтганда ўзингиздан кўнглингиз тўқ бўлиб қолиши. Агар доим нафсингиздан норози бўлиб, камчилик истаб, маломат қилиб, тергаб турадиган бўлсангиз, демак, у маъсиятлардан тийилишга, яхши тоат-амалларни қилишга туртки бўлар экан. Лекин минг афсуски, ҳозир кўпчилик ўзининг нафсидан рози бўлиб қолган. Масалан бир инсон маъсиятда юрганди, гуноҳларни ошкора қилаётганди, авратини беркитмасди, намозни ўқимасди, ҳаром қилинган ичимликларни ичар эди, кейин бирдан тавба қилди-да, яхши йўлга кирди. Намоз ўқий бошлади, закот беряпти, бировнинг ҳаққини емайди, мол-мулкидан ҳаром нарсаларнинг ҳаммасини чиқариб ташлади, авратларини  ёпди, лекин бир-икки йил амал қилди-да, дарров нафсида тўқлик бошланди. Ёмон ишларни ташладим, ибодатларимни вақтида қиляпман, деб нафсида розилик бошланди. Ёки яна бир тоифани мисол қилиб олиш мумкин. Илмдан маълум бир қисми ҳосил бўлди, ўзини олим ҳис қилди, илмли деб ҳис қилди. Қараса, одамларга ваъз қиляпти, ўқияпти, Қуръони Каримни тиловат қиляпти, уч-тўртта ҳадисни тушуняпти, шу боис мен солиҳ инсонман, деган фикрга боради. Тўқ бўлиб жудаям ўзидан хотиржам бўлиб қолади, ҳаётим яхши, Аллоҳ таоло талаб қилгандек ўтяпти, дейди. Бу билан атрофида келаётган нарсаларга очиқ-ойдин гуноҳ қилмаса ҳам қалбидаги ҳолатида гуноҳ содир бўла бошлайди. Маъсият деганда бу ерда фақат амалий эмас, қалбимиздаги маъсиятлар ҳам тушунилади. Қалбий маъсиятлар амалий маъсиятлардан ҳам каттароқ бўлади. Биров келиб нотўғри гап гапирган вақтда: “Ҳали сен менга шунақа гапиряпсанми, мендек аҳли илмга-я?! Нари бор!” деса, ўша кибр бўлади. Чунки у ўзини бир мақомга қўйиб олди ва билган-билмаган гапидан кибрга кетяпти, мақом истаяпти, даражот истаяпти. Кейин эса гапирган одам нотўғри хулоса чиқариб, аҳли илм шуми, дейди.

Инсонлар билан мулоқот қилаётганда, уларга масъул бўлганда бир мақомга эришиб, устозлик даражасига етишиб, имомлик даражасига етишгандан кейин баъзида шариат ҳалол қилган-у, лекин одамлар қабул қила олмайдиган нарсани ҳам қилмаслик керак. Бунга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Масалан: эркаклар намозда ёки бирор мажлисда бошига ҳеч нарса киймай ўтирса ҳам бўлади, лекин одоби бошида бош кийими бўлиши. Аслида очса аврат эмас, лекин одамлар буни оғир олади ва фалончи имом ёки домла бошида дўпписиз ўтирган экан, дейди. Одамлар оғир олгани учун бошига дўппи кийишга мажбурдир. Ёки енги қисқа кийим кийса бўлади, лекин аҳли илмга ярашмагани учун фалончи енги калта кийибди, дейди. Шунинг учун мумкин бўлса ҳам одобини, афзалини қилиш керак.

Баъзи инсонлар бор, билмаса ҳам илми бўлмаса ҳам эҳтиёткор бўлиб, тақво қилишга ҳаракат қилади. Китоб ўқишга ҳам имконияти йўқ, лекин шунақа чиройли хушуъ, ҳузуъ, қўрқув бўлади. Улар ўзининг ким эканини тан олиб туради, Аллоҳ таоло бизга ҳам марҳаматини кўрсатармикин, жаннатларига кириб қолармикинмиз, амалларимиз мақбул бўлиб қолармикин, мен бир содда одамман, фақатгина намоз ўқийман, бошқа ҳеч қандай амалим йўқ, деб туради. Шундай инсонларнинг одобига, камтарлигига хавфу ражоъсига, талпинишига, тақвосига ҳавас қилса, арзийди. Улар илмда учига чиқмаган бўлса ҳам оми бўлса ҳам аҳлоқи, дини, қалбидаги иймони ҳамда тақвоси жуда чиройли бўлади. Агар уларга яқин юрилса, манфаат олинади, ўзидан уялиб намоз вақти кириши билан таҳоратини мукаммал олиб, намоз ўқиркан деб ибратланилади. Ёлғон ҳақида оят ёки ҳадис билмаслиги мумкин, лекин ёлғоннинг ёмонлигини билганлиги учун ёлғон гапирмайдиган бўлишади. Еётган луқмасидан ҳам эҳтиёт бўлиб туради: “Ҳалқумим булғанмасин, ичимга ҳаром кирмасин”, деб эҳтиёткорлик қилади. Шу даражада ўзини эҳтиёт қиладиганлар бўлади, ана ўшаларга яқин бўлган инсон яхши манфаат олади.

Энди “Олимга қара, назар сол”, дейиляпти. Олим киши агар ўз нафсидан рози бўлса, илмга амал қилиш борми унда? Бу ердаги энг аҳамиятли нарса, илмни ўзи мақсад эмас экан бизнинг мусибатимиз ҳам шунда. Илм ҳосил бўлдими, тамом, қояга етдик, деб ўйлаймиз. Илм бир васила экан, ўша васила орқасидан Аллоҳнинг ризолигига етишилар экан. Лекин биз ожиз бандалар: “Илмга эришдик, марра бизники!” деб ўйлаймиз, агар илм билан мартабага эришилади дейилса, иблисда ҳам илм бор эди, лекин у илми билан лаъин бўлди, Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди…

Демак, фақат илм билан кифояланмасдан, унга амал ҳам қилиш керак.

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Баҳам кўринг

Leave A Reply