Муяссар фиқҳ VIII дарс. ҒУСЛ БОБИ

0 259

ҒУСЛ БОБИ

Аллоҳ таоло: «Агар жунуб бўлсаларингиз, покланинглар», деб амр қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолонинг ҳар бир мусулмондаги ҳаққи – унинг ҳар етти кунда ғусл қилиши», деганлар.

Ғуслнинг рукнлари

Ғуслнинг рукнлари учта:

  1. Оғизни яхшилаб чайиш;
  2. Бурунни чайиш (рўзадор бўлмаган кишига муболаға ила чайиш суннатдир);
  3. Баданнинг ҳамма қисмини бир марта ювиш. Танада ювишнинг имкони бўлган барча жойга (қулоқ, киндик, сочнинг таги) сув етказиб ювиш фарздир. Сув тегмаган бирор тукнинг таги қолмаслиги лозим. Баданга сув етишидан тўсадиган хамир ёки шамга ўхшаган нарсаларни кетказиш зарур.

Баданнинг бирор қисмини тўсган тукнинг

ҳукми қандай бўлади?

Тукни ости билан қўшиб ювиш вожибдир:

– соқолнинг ўзини ҳам, остидаги терини ҳам ювиш вожиб, бунда соқол қалин ёки сийраклигининг аҳамияти йўқ;

– мўйлов ва қошларни, уларнинг остидаги терини ҳам ювиш лозим;

– бош териси ва сочни ювиш ҳам вожиб. Аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, сув сочнинг остига тегса, кифоя қилади, ўримини ечиши ёки уни ҳўллаши шарт эмас. Агар ўрилмаган бўлса, сочнинг ўзини ҳам, остини ҳам ювиш вожиб бўлади.

Ғуслнинг суннатлари ва унинг кайфияти

Ғусл комил суратда бўлиши учун қуйидаги суннатларга амал қилиш лозим:

*Ғуслни ният қилиш шарт. Ҳаммомга киришдан ва авратни очишдан олдин тасмия (“Бисмиллаҳ”) айтиш керак.

*Икки қўлни русғгача (билакдаги туртиб чиққан суяк) ювиш даркор.

*Олд ва орқа фарж ювилади. Баданда нажосат бўлса, ювиб ташланади.

*Сўнгра таҳорат қилинади. Агар ғусл қилаётган жойида сув тўпланадиган бўлса, оёғини ювишни ғуслнинг охирига суради.

*Бутун бадан уч марта ювилади. Биринчи бўлиб бошга уч марта сув қуйилади, сўнгра ўнг елкага, кейин чап елкага сув етказилади.

*Танадаги аъзоларни ишқалаб ювиш суннатдир. Қулоқ ичлари, қўлтиқ ости, киндик ва шунга ўхшаш сув етиши қийин аъзоларни яхшилаб ювиш лозим.

Ғуслни вожиб қилувчи нарсалар

Ғуслни вожиб қиладиган вазият катта бетаҳоратликдир. У қуйидаги ҳолатларда бўлади:

1. Эҳтилом ёки бошқа сабабдан манийнинг чиқиши. Маний – шаҳват шиддатлашганда отилиб чиқадиган суюқлик. Аммо у шахснинг оғир нарса кўтариши, баланд жойдан йиқилиб тушиши каби омиллар туфайли шаҳватсиз равишда чиқса, ғусл вожиб бўлмайди.

2. Жимоъ. Бунда маний тушиши шарт қилинмайди.

3. Ҳайз ёки нифос. Бу иккиси тўхтаганда аёл кишига ғусл қилиш вожиб бўлади.

Ғусл вожиб бўлган кишига ножоиз бўлган амаллар

Ғусл вожиб бўлган кишига қуйидаги ишларни қилиш мумкин эмас:

1. Таҳорат шарт қилинадиган амаллар. Масалан, фарз ёки нафл намоз ўқиш, жаноза намози, тиловат саждаси, тавоф, Қуръонни ушлаш кабилар.

2. Масжидга кириш. Масжиддан ташқаридаги намозгоҳларга кириш эса жоиздир. Бунга ҳайит намози ўқиладиган  жойни мисол қилишимиз мумкин.

3. Қуръонни тиловат қилиш мақсадида ўқиш.

Жунуб киши ушбу ишларни қилишдан олдин ғусл қилиши вожибдир.

Қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

*Қуръондаги баъзи дуо маъноси бор оятларни дуо кўринишида ўқиш. Масалан, «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин» каби. Паноҳланиш мақсадида муаввазатайн (икки “Қул аъузу…”)ни ҳам ўқишга ижозат берилган.

*Аллоҳга сано маъносидаги оятларни улуғлаш ва сано айтиш мақсадида тиловат қилиш. Мисол учун «Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин» оятига ўхшаш оятлар назарда тутиляпти.

*Бирор ишни бошлашдан олдин басмалани айтиш мумкин.

*Ҳайз кўрган аёлга Қуръонни ўргатиш мақсадида сўзларини бўлиб-бўлиб ўқитиш жоиз.

Ғуслнинг суннатлари ва мустаҳаблари

Тўрт ҳолатда ғусл қилиш суннат бўлади:

*Жума намозига ғусл қилиш суннати муаккададир.

*Икки ҳайит намозини ўқиш учун ғусл қилиш суннат амаллардан ҳисобланади.

*Ҳожиларнинг арафа куни заволдан кейин ғусл қилишлари суннат.

*Эҳромга киришдан аввал ғусл қилиш ҳам суннатлардан саналади.

Ғусл қилиш мустаҳаб бўладиган баъзи ҳолатлар:

*Кофир инсон пок ҳолатда Исломни қабул қилса, ғусл қилиш мустаҳаб. Аммо жунуб ҳолатда Исломга кирса, унга ғусл қилиш вожибдир.

*Бирор гуноҳдан тавба қилган кишига ғусл қилиш мустаҳаб.

*Жинниликдан ёхуд ҳушни йўқотишдан ёки мастликдан ўзига келган одамга ҳам ғусл қилиш мустаҳаб ҳисобланади.

*Кусуф (қуёш тутилганда ўқиладиган намоз), ҳусуф (ой тутилганда ўқиладиган намоз) ва истисқо (ёмғир сўраб ўқиладиган намоз) намозларини ўқиш учун ғусл қилиш мустаҳаб амалдир.

*Нохуш ҳид келган одамга, сафардан қайтган кишига ғусл қилиш мустаҳабдир. Жамоат жойларига боришдан олдин ғусл қилиш ҳам шулар жумласидан саналади.

*Маййитни ювган кишига ғусл мустаҳаб.

*Ҳижомадан кейин ҳам ғусл қилиш яхши.

*Макка ёки Мадинага киришдан аввал ғусл қилган афзал.

*Муздалифада туришни ёки Минога киришни ё тош отишни ёхуд зиёрат тавофини қилишни ирода қилган кишига ғусл қилиш мустаҳаб ҳисобланади.

Мусулмон киши фитрат суннатларга эҳтимом қилмоғи лозимдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн нарса фитратдан (соф табиатдан)дир: мўйловни қисқартириш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни олиш, бўғимларнинг бужмайган жойларини ювиш, қўлтиқ (тукини) юлиш, қовуқ тукини қириш, истинжо қилиш, оғизни чайиш», деганлар.

Шунингдек, ҳар бир мусулмон кийимлари озодалигига ва ташқи қиёфасига эътиборли бўлиши керак. Аллоҳ таоло Муддассир сурасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ва кийимингни покла!» деб амр қилган. Гарчи ояти каримадаги хитоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлса ҳам, бу амр барча мусулмонларга тааллуқлидир.

Дарсликка оид саволлар

Қуйидаги саволларга жавоб беринг:

1. Терининг тук билан қопланган қисмини ювиш вожибми?

2. Эркак кишининг ўрилган сочи ва аёл кишининг ўрилган сочлари орасидаги фарқ нимада?

3. Ғуслнинг суннатларини батафсил баён қилинг.

4. Катта бетаҳоратлик етган кишининг ҳукми қандай бўлади? Унга ғусл қилиш қайси ҳолатларда вожиб бўлади?

5. Қай ҳолатларда ғусл қилиш суннат бўлади? Ғусл қилиш мустаҳаб ҳисобланадиган бешта ҳолатни санаб беринг.

Қавс ичидаги жавоблардан тўғрисини танланг:

………………… ғусл суннатларидан эмас (ният қилиш, тасмия айтиш, оғизни чайиш, аъзоларни ишқалаб ювиш).

………………… ғуслни вожиб қиладиган нарсалардандир (ел чиқиши, манийнинг чиқиши, қон чиқиши).

Жунуб кишига …………………….. ҳаром ҳисобланади (дуолар ўқиш, Қуръон оятларини ўқиш, Қуръонни ўргатиш мақсадида сўзларини бўлиб-бўлиб ўқитиш).

Қуйидаги ибораларнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқланг, хато жумлаларни тўғриланг:

1. Жамики баданни ювиб, оғиз-бурун чайилса, ғусл дуруст бўлади, лекин унинг суннатлари тарк қилинган ҳисобланади. (––––––––)

2. Таҳорати кетган кишига соқолини ва унинг остидаги терини ювиш вожиб бўлади. Бунда соқол қалин ёки сийраклигининг фарқи йўқ. (––––––––)

3. Ғусл қилишдан олдин тўлиқ таҳорат олинади, магар оёғи остида сув тўпланадиган бўлса, бундан мустаснодир.

4. Жума куни ғусл қилиш суннати муаккададир.

Қуйидаги жумлалардаги бўш ўринларни тўғри иборалар билан тўлдиринг:

*Таҳоратда юзни …………дан …………гача ва ………….дан ……………… қулоқ ……………гача …………………………………….. фарз ҳисобланади.

*Икки қўлни ……………..дан …………………………гача ………… фарз ҳисобланади.

*Икки оёқни ……………..дан …………………………гача ………… фарз ҳисобланади.

Баҳам кўринг

Leave A Reply