«МУЯССАР ФИҚҲ» номли китобни эътиборингизга ҳавола этиб борамиз

0 417

Муҳтарам сайтимиз мухлислари! Бугундан бошлаб Ислом оламида кўзга кўринган уламолардан саналмиш Муҳаммад Фаҳмий Сақо раҳимаҳуллоҳ томонидан тайёрланган ва Қуръони Карим ҳифзи бўйича Умумжаҳон Ҳайъати тақдим этган «МУЯССАР ФИҚҲ» номли китобни эътиборингизга ҳавола этиб борамиз.

МУҚАДДИМА

 Ўз Китобида динда фақиҳ бўлишга тарғиб қилган оламлар Робби Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин! «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», деган пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг Оли байтларига ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин!

 Қуръони Карим ҳифзи бўйича “Умумжаҳон Ҳайъати” Ислом оламининг турли томонларидаги  ҳанафий фиқҳини ўрганишга ҳарис бўлган кишиларга  ушбу китобни мамнуният ила тақдим этмоқда.

Ҳайъат ўзининг “Қуръон маъҳадлари” орқали Қуръони Каримни яхши ўзлаштирган ҳамда машҳур шаръий илмларни яхши эгаллаган комил мусулмон шаҳсни тайёрлашга ҳаракат қилади. Ўзининг таълим режаси асосида ҳар бир исломий давлатда кенг тарқалган мазҳабга кўра фиқҳ илмини ўргатишни йўлга қўйган. Бундан кўзланган мақсад, жамиятда ўз вазифасини тўлақонли адо этадиган, таълим беришга ва имом хатибликка салоҳиятли Қуръон хофизларини тайёрлашдир. 

Шунга биноан  Ҳайъат вакиллари амалдаги тўрт мазҳаб фиқҳига доир енгил таълим режасини туздилар. Ҳанафий мазҳаби учун эса Муҳаммад Фаҳмий Сақо роҳимаҳуллоҳ тайёрлаган, поклик ва намоз бобларини ўз ичга олган “Қуръон ҳалқаларининг толибларига ҳанафий мазҳабидаги фиқҳ китоби” танланди.  Бу манҳажни кенгайтириш ва такомиллаштириш вазифасига Фақиҳ Доктор Муҳаммад Али ан-Надавий тайинландилар ва ушбу вазифани аъло даражада бажардилар. У киши китобдаги масала ва баҳсларни такомиллаштириш, оят ва ҳадисларни таҳриж қилиш учун муҳтасар хошия туздилар. Бу эса ўз навбатида китобнинг қийматини, талабаларнинг илмини оширишга хизмат қилади.

Ушбу китоб «Таҳорат», «Ғусл», «Таяммум», «Масҳ», «Жароҳатга масҳ тортиш», «Пок ва нажас нарсалар боби», «Нажосатдан покланиш», «Намоз боби» ва бошқа шу каби ҳар бир мусулмон шахс учун зарур бўлган ибодатга оид масалаларни ёритиб берувчи боблардан иборат бўлиб, унда мавзулар қисқа ва лўнда савол-жавоблар ёрдамида ёритиб берилган. Умид қиламизки, ҳанафий мазҳабига хос шаръий ҳукмларни ўганишга илк бел боғлаган кишилар учун ушбу китоб зарур қўлланма бўлиб хизмат қилади.

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply