Муяссар фиқҳ III дарс

0 556

ИСТИНЖО ВА ҚАЗОИ ҲОЖАТ ОДОБЛАРИ

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизлар учун худди отанинг  ўрнидаман, сизларга таълим бераман. Бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин, унга орқасини ҳам қилмасин, ўнг қўли билан покланмасин», дедилар ва (у зот истинжо қилишда) учта тошга буюрардилар, тезак ҳамда суякдан қайтарардилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

ХАЛО ОДОБЛАРИ

 Бошлашдан олдинги одоблар:

  1. Одамлар кўзидан пана бўлиш. Тўсилмаган жойда истинжо қилиш макруҳдир. Одамлар олдида истинжо қилиш ҳам ножоиздир.
  2. Бавл томчилари сачрамаслиги учун паст, юмшоқ жойни танлаш.
  3. Ғусл ёки таҳорат қиладиган жойда сув кетадиган тешик бўлмаса, у ерларга бавл қилиш макруҳ ҳисобланади.
  4. Озгина сувга катта ёки кичкина ҳожатни бажариш ножоиздир.
  5. Қабристонга ва одамларга азият етказадиган жойларга қазои ҳожат қилиш мумкин эмас. Мисол учун катта кўчаларга, масжид ён-атрофига, мевали дарахт ости ёки экинзорга, одамлар уйлари ёнига, наф келтирадиган соя-салқин жойларга, қудуқ ё ҳавза чор-атрофларига ҳамда бошқа одамларга фойдаланиш учун керакли бўлган жойларга қазои ҳожат қилиш жоиз эмас.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки лаънатловчидан сақланинглар», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг расули! Икки лаънатловчи нима?»  дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг йўлига ва соя жойга хало қилиш», дедилар.

Зикр қилиб ўтилган жойларга хало қилиш жоиз бўлмаганидек, одамларга азият етказмаслик учун чиқиндилар ҳам ташлаш мумкин эмас.

Халога киришдан олдинги одоблар:

  1. Улуғланадиган нарса ёзилган нарса билан халога кириб бўлмайди, Қуръон, Аллоҳнинг ёки расулларнинг исми ёзилган нарсалар билан кириш макруҳ ҳисобланади.
  2. Киришдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган дуолари – “Аллоҳумма инний аъузу бика минал хубуси вал хобаиси” – “Аллоҳим, Сендан эркак ва урғочи ифлослар (шайтонлар)дан паноҳ тилайман” дуоси ўқилади.
  3. Саҳро ёки шунга ўхшаш очиқ жойларда халога кириш дуоси авратини кашф қилишдан олдин айтилади.
  4. Чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ билан чиқилади.

Халога киргандан кейинги одоблар:

  1. Қазои ҳожатга кирганда хоҳ саҳро, хоҳ пана жой бўлсин, қиблага юзланиш ёки унга орқани қилиш макруҳ таҳримий ҳисобланади.
  2. Халога кирганда узрсиз гапириш макруҳдир.
  3. Қуръон ўқиш, зикр айтиш ножоиз.
  4. Узрсиз турган ёки ёнбошлаган ҳолда қазои ҳожат қилиш макруҳ.
  5. Халодан ўнг оёқни қўйиб, “Ғуфронака”, “Алҳамдулиллаҳиллазий азҳаба аннийл аза ва афаний”, деб чиқилади.

  ИСТИНЖО ВА УНИНГ ОДОБЛАРИ

 Истинжо: маҳражни сув, тош ёки шунга ўхшаш нарсалар билан нажосатдан тозалаш “истинжо” дейилади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир», деб марҳамат қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бавлдан сақланинглар, албатта, қабр азобининг аксари ундандир», деганлар.

Истинжонинг ҳукмлари ва одоблари:

  1. Қазои ҳожатдан кейин тозаланиб, кейин истинжо қилинади.

Тозаланиш (истибро) – катта ёки кичкина ҳожатдан кейин нажосат ўрнини тозалашдир.

  1. Нажосат махраж атрофига дирҳам (танга) ёки ундан кўпроқ миқдорда тарқаб кетган бўлса, сув билан истинжо қилиш вожиб бўлади. Бу ҳолатда нажосатни тош ёки шунга ўхшаш нарса билан артиш кифоя қилмайди.
  2. Агар нажосат махраж атрофига тарқамаган бўлса, истинжо қилиш суннаи муаккада бўлади. Бу ҳолатда тош ёки шунга ўхшаш нарса билан артса ҳам бўлади, лекин сув ишлатиш яхшироқ. Энг афзали ҳар икки ҳолатда ҳам аввал нажосатни артиб, кейин сувда ювишдир.
  3. Тош ва шунга ўхшаш нарса билан истинжо қилганда учта тош ёки қоғоздан фойдаланиш мустаҳабдир. Агар ундан кам миқдорда ҳам тозалик ҳосил бўлса, бир ёки икки марта артса бўлади.
  4. Тош ва бошқа барча пок, қийматли бўлмаган нарсаларда истинжо қилса бўлади. Шунингдек, нажосатни кетказадиган кесак, чириган латта ва қоғозлардан ҳам фойдаланиш жоиз.
  5. Суяк, таом, кўмир, тезак ва бошқа нажосат нарсаларда истинжо қилиш макруҳ тахримий ҳисобланади.
  6. Қўл ва нажосат жойидан ёмон ҳид кетгунга қадар тозалаш мустаҳабдир.
  7. Узрсиз ўнг қўлда истинжо қилиш макруҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: « Бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин, унга орқасини ҳам қилмасин, ўнг қўли билан покланмасин», деганлар.

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply