Муяссар фиқҳ 2-дарс. Поклик китоби

0 537

ПОКЛИК КИТОБИ

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади», деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 222-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисда эса: «Жаннатнинг калити намоз, намознинг калити эса поклик», дедилар.

Намоз бобини ўрганишдан олдин таҳорат китобини ўрганамиз, чунки таҳорат намознинг тўғри бўлиш шартларидандир.

ТАҲОРАТНИНГ ЛУҒАВИЙ ВА ШАРЪИЙ МАЪНОСИ

 Таҳорат сўзи луғатда тозалик маъносини англатади.

Шариатда эса танадан бетаҳоратликни кетказиш ҳамда намоз жойидан, кийимдан, бадандан нажосатни кетказиш ва шунга ўхшаш нарсаларга таҳорат дейилади.

Таҳорат икки қисмдан иборат:

  1. Ҳадас (бетаҳоратлик)дан покланиш. Бу ҳукмий таҳорат деб номланади.
  2. Хобас (нажосат)дан покланиш. Бу ҳақиқий таҳорат деб номланади.

ҲУКМИЙ ТАҲОРАТ

 Ҳадас нима?

Ҳадас ҳукмий нажосат бўлиб, бавл (кичик ҳожат), ғоит (катта ҳожат) чиқиши ёки бошқа сабабларга кўра баданга тааллуқли бўлади.

 Ҳадаснинг қисмлари

Ҳадас (бетаҳоратлик) икки қисмдан иборат:

  1. Кичик бетаҳоратлик: бундан покланиш таҳорат қилишлик билан ҳосил бўлади.
  2. Катта бетаҳоратлик: бундан покланиш ғусл қилишлик билан ҳосил бўлади.

Таҳорат ёки ғусл қилишга сув ишлатиш имкони бўлмаса, поклик таяммум билан ҳосил бўлади.

ДАРСЛИККА ОИД САВОЛЛАР

Қавс ичидаги жавоблардан тўғрисини танланг:

*Ғусл ёки таҳорат қилишга сув топа олмасак, ……………………

(намозни вақтидан кечиктирамиз, таяммум қиламиз, таҳоратсиз намоз ўқиймиз)

*Иймоннинг ярми бу – …………

(таҳорат, рўза, поклик, намоз)

*Энг буюк ибодат бу – …………

(таҳорат, рўза, поклик, намоз)

Қуйидаги ибораларнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқланг, хато жумлаларни тўғриланг:

*Таҳорат икки қисмдан иборат: ҳадас (бетаҳоратлик)дан покланиш  ва нажосатдан покланиш (            )

*Ҳадасдан покланиш ҳақиқий таҳорат деб номланади (            )

*Жаннатнинг калити намоз ва таҳоратдир (           )

*Ҳадас икки қисмдан иборат: кичик ва катта, биринчи қисмга таҳорат, иккинчи қисмга ғусл шарт қилинади (           )

Қуйидаги саволларга жавоб беринг:

  1. Нима учун таҳорат бобини намоз бобидан олдин ўрганамиз?
  2. Таҳоратнинг аҳамиятига далолат қилувчи биттадан оят ва ҳадис зикр қилинг.
  3. Таҳоратнинг араб тилидаги маъноси нима? Шариатда-чи?
  4. Ҳадас нима ва ундан қандай покланамиз?

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply