Муяссар фиқҳ 1-дарс. Фиқҳнинг таърифи, масдарлари, мавзуси ва навлари

0 401

ФИҚҲНИНГ ТАЪРИФИ, МАСДАРЛАРИ, МАВЗУСИ ВА НАВЛАРИ

Фиқҳнинг луғавий ва шаръий маъноси:

«Фиқҳ» сўзи луғатда дақиқ фаҳмни англатади. Шуайб алайҳиссаломнинг қавмлари у зотга: «Айтганларингнинг кўпини яхши тушунмадик», деган.

Шаръий маъноси: шаръий далиллардан олинган шаръий ҳукмларни билишга “фиқҳ” дейилади.

Шаръий ҳукмлар: фарз, вожиб, суннат, ҳаром, макруҳ, мубоҳ кабилар.

Фиқҳ илмида банданинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ бўлган ҳукмлар ўрганилади. Масалан, ейиш-ичиш, ухлаш, намоз ўқиш, рўза тутиш кабилар.

Толиби илм фиқҳда бомдод намози фарзлигини, бомдод намозидан олдин икки ракат намоз ўқиш суннаи муаккадалигини, ухлаш мубоҳ, рамазон рўзаси фарз, душанба-пайшанба кунлари рўза тутиш суннат экани ва шунга ўхшаш бошқа ҳукмларни ўрганади. Бу ҳукмлар фиқҳ асоси ҳисобланган манбалардан олинади.

Асосий далил (манба)лар тўртта:

  • Қуръони Карим;
  • Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари;
  • Ижмоъ;
  • Қиёс.

Ушбу далилларнинг тафсилотлари ҳамда улардан шаръий ҳукмларни истинбот қилиш (чиқариш) “усули фиқҳ” илмида ўрганилади.

Фиқҳнинг мавзуси: мукаллаф бандаларнинг хатти-ҳаракатларига собит бўладиган ҳукмлар.

Фиқҳ икки турдан иборат: ибодат ва муомалат.

Фиқҳ илмида ўрганиладиган шаръий ҳукмлар мукаллаф инсоннинг сўзларини, хатти-ҳаракатларини, ақдларини (келишув) ва тасарруфотларини ўз ичига олади.

Ибодат деганда таҳорат, намоз, рўза, ҳаж ва шуларга ўхшаш инсон билан Роббининг ўртасидаги алоқаларини тартибга соладиган нарсалар тушунилади.

Муомалат деганда ақдлар (олди-сотди, никоҳ), тасарруфотлар, кафолат ва шуларга ўхшаш инсонларнинг ўзаро алоқаларини тартибга соладиган нарсалар тушунилади.

Муомалат қуйидагиларни ўз ичига олади:

  1. Оилага тааллуқли ҳукмлар;
  2. Маданий ва молиявий муомалатларга тааллуқли ҳукмлар;
  3. Жиноий ҳукмлар;
  4. Маҳкама ҳукмлари.

ФИҚҲИЙ ҲУКМЛАР

Ҳанафий мазҳабида фиқҳий ҳукмлар саккизта: фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, мубоҳ, макруҳ, макруҳ таҳримий (харом ҳисобланадиган макруҳ), ҳаром.

Масалан, бомдод намози – фарз, витр – вожиб, мисвок ишлатиш – суннат, маст қиладиган ичимлик ичиш – ҳаром, шарбат ичиш – мубоҳ ва шунга ўхшаш ҳукмлар.

Ҳукмлар:

  1. Қилиниши лозим, тарк қилинса, гуноҳкор бўлади, бу фарз ва вожиб деб номланади. Иккиси ўртасидаги фарқ – фарз қатъий далил билан собит бўлган, вожиб эса қатъий бўлмаган далил билан собит бўлган.
  2. Тарк қилиниши лозим, қилинса, гуноҳкор бўлади, бу ҳаром ва макруҳ таҳримий деб номланади. Иккиси ўртасидаги фарқ – ҳаром қатъий далил билан собит бўлган, макруҳ таҳримий эса қатъий бўлмаган далил билан собит бўлган.
  3. Шариат жазм этмасдан талаб қилган, бир марта ёки гоҳида тарк қилинса, гуноҳкор бўлмайди, бу суннат ва мустаҳаб деб номланади.

Суннаи муаккада динда шарт бўлмаган амал бўлиб, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда қилганлар ва баъзан узрсиз тарк этганлар.

Ҳукми: уни қилган одам савоб олади, тарк этган эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг итобларига қолиши мумкин. Аммо доимий равишда узрсиз тарк қилса, гуноҳкор бўлади. Доимий равишда таҳоратда оғизни чаймаслик ва бомдод намозининг икки ракат суннатини  ўқимаслик бунга мисолдир.

Мустаҳаб – қилиниши талаб қилинган, лекин суннаи муаккададан пастроқ мартабадаги амал.

Ҳукми: уни қилган одам савоб олади, тарк қилган гуноҳкор бўлади. Душанба-пайшанба кунлари рўзасини тутишга ўхшаш амаллар бунга мисолдир.

  1. Шариат жазм этмасдан тарк қилишни талаб қилган, бир марта қилинса, гуноҳкор бўлмайди, бу “макруҳ” деб номланади. Макруҳнинг даражалари:

макруҳ таҳримий (ҳаром ҳисобланадиган макруҳ). Мисол: бир марта бўлса ҳам, қасддан азонни тарк қилиш, суннаи муаккадаларни доимий тарк қилиш;

макруҳ танзиҳий (озодалик макруҳи). Мисол: мушук ва йиртқич қушлар теккан сувда таҳорат қилиш. Макруҳ танзиҳийни ҳам тарк қилиш лозим,  қилса, гуноҳкор бўлмайди, аммо иймони ва Аллоҳга бўлган яқинлигига таъсир қилади;

– мубоҳга яқин макруҳ. Мисол: баъзи нафл ибодатларни тарк қилиш.

  1. Қилишлик ёки қилмаслик жоиз, савоб ҳам, гуноҳ ҳам бўлмайди, бу “мубоҳ” деб номланади. Ҳалол нарсаларни еб-ичиш, ухлаш кабилар бунга мисолдир.

 Шарт ва рукн

Ибодатнинг шартлари ва рукнлари бўлади. Ҳар иккиси ҳам фарз бўлиб, улар ўртасидаги фарқни кўриб чиқамиз.

Шарт – бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўшандан ташқарида бўлган нарсадир. Мисол учун таҳорат намознинг тўғри бўлиш шарти, таҳорат бўлмаса, намоз вужудга келмайди, лекин таҳорат намоздан ташқарида қилинади.

Рукн – бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўшандан бир бўлак бўлган нарсадир. Мисол учун қиём ва рукуъ намознинг рукнларидан ҳисобланади. Қўлни ювиш таҳорат рукнларидандир.

Ҳукми: улар бўлмаса, ибодат дуруст бўлмайди. Намоз шартларидан бирор шарти ёки рукнларидан бирор рукни бўлмаса, намоз дуруст бўлмайди. Шунингдек, таҳорат ва ғуслнинг рукнларидан бирор рукни бўлмаса, таҳорат ҳам, ғусл ҳам дуруст бўлмайди.

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply