Насроний аёлнинг муслималарга мактуби

0 1 288

Кўплаб ғарб аёллари ўзларининг инсоний қадриятларини поймол этаётган ва қўпол тарзда эксплуатация қилаётган ғарб маданияти тутқунлигидан озод этувчи қандайдир шахсни сабрсизлик билан кутишмоқда. Ислом уларнинг бундай тутқунликдан халос бўлишлари учун ягона восита бўлиб ҳисобланади. Шу боис кўплаб ғарб аёллари исломий урф-одатлар уларнинг номусини ҳимоя қилишини, қадриятларини юксалтириб, одамийлигини эҳтиром этишини тушунгандан сўнг ислом динига мурожаат этишаётганига ажабланишнинг ҳожати йўқ.

 

Жуда кўплаб ғарб аёлларининг Исломга кираётгани ҳақидаги маълумотлар қайд этилгани сир эмас. Ушбу мақолада таниқли насроний ёзувчи аёл Джоанна Френсиснинг мактубидан парчалар келтирилган бўлиб, уларда хат муаллифи аёлларнинг ғарбдаги аҳволи ва аянчли қисмати ҳақида ҳикоя қилади, ҳамда мусулмон аёлга ўз эҳтиромини изҳор этади. Бу изҳорида у муслималарга «мусулмон опа-сингиллар» дея мурожаат қилади. Ушбу мақола tribes.tribe.net сайтидан олиниб, таржима қилинган ва бир нечта араб сайтлари томонидан нашр қилинган.

Джоанна Френсис ёзади:
Насроний аёлнинг муслималарга мактуби.
Адолатсизликка асосланган «террорга қарши уруш» бошланганидан кейин мусулмон олами ҳар бир америкалик хонадонида энг кўп муҳокама этиладиган мавзуга айланди. Мен Ливанда юз берган хунрезлик, ажал ва вайронагарчиликларни кўриб турибман, лекин шу билан бирга, яна ниманидир, яъни сизларни кўриб турибман.
Мен назаримдаги ҳар бир аёл фарзанд кутаётганини ёки фарзандлари даврасида эканлигини пайқамасдан қололмайман. Мен бу аёллар анча камтар кийинган бўлса ҳам, уларнинг гўзаллиги барибир либоси остидан шуълаланиб турганини кўраяпман. Аммо, мен нафақат ташқи гўзалликни, балки ўзимдаги ғалати ҳиссиётни ҳис этаяпман: бу ҳавас (ҳасад) ҳиссидир.
Мен сизларнинг қадриятингиз (ғурурингиз), нафосатингиз, камтарлигингиз, ва айниқса, бахтиёрлик шуълаланиб турган ташқи қиёфангиздан хайратланмай иложим йўқ. Ҳа, бу қизиқ туюлади, лекин менинг ҳаёлимга ҳаттоки доимий портлашлар ёмғири остида яшаётганингизга қарамасдан сизлар биздан кўра бахтиёрроқ кўринасизлар, чунки сизлар ҳануз табиий аёл ҳаёти билан яшамоқдасиз, яъни асрлар оша, олам яралгандан буён аёллар яшаб келган ҳаёт билан. Ғарбда ҳам аёллар шу ҳаёт тарзига 60-йилларгача амал қилиб яшашди; ўшанда биз ҳам душман бомбалари ёмғирига дучор бўлдик. Фақат бизнинг бошимизга хақиқий бомбалар эмас, балки маккор алдов ва аҳлоқий емирилиш ёғилди.

Алдов жозибаси

Улар бизларни, америкалик аёлларни реактив самолётлар ёки танклардан эмас, балки Голливуддан ўққа тутишди. Улар сизларнинг мамлакатингиз инфрастуктурасини бомбалашни якунлагач, сизларни ҳам шундай «қурол»дан ўққа тутишни хоҳлашади. Мен сизларнинг бошингизга бу кун тушишини хоҳламайман. Сизлар ҳам худди биз каби хақоратланишни ҳис қиласизлар. Агар биз каби ушбу хуружнинг ҳалокатли таъсири натижасида кўп нарсасини йўқотганлар сўзига қулоқ тутсангиз, сизлар бу офатдан омон қолишингиз мумкин.
Чунки, Голливуднинг сизлар кўриб турган барча маҳсулоти тўлиғича ёлғон, воқеликни бузиб кўрсатиш, лўттибозликдан иборатдир. Улар тасодифий зинони зарарсиз кўнгилхушлик деб кўрсатадилар, чунки жамиятнинг ахлоқий қоидаларини яксон қилиб, сўнг унга ўзларини заҳарли программаларини узатишни орзу қиладилар.

Биз америкалик аёлларни бахтли ва мамнун, ўзларининг фохишаларникидек либоси билан фахрланувчи, оиламиз йўқлигидан хурсанд аёллар сифатида кўрсатувчи, шаҳвоний хирсни қўзғатувчи фильм ва клиплари билан улар сизларни алдамоқчи бўлишади. Бизнинг кўпчилигимиз бахтиёр эмасмиз, ишонинг менга.
Бизнинг ичимиздан миллионлаб аёллар тушкунликка қарши дорилар (антидепрессантлар) билан даволанишга мажбур, тунлари эса бизга муҳаббат изҳор қилиб, ўз хирсини қондиргач, бизни ташлаб кетган эркаклар туфайли йиғлашга маҳкумдир. Улар сизларнинг оилаларингни бузишни ва сизларни оз фарзандли бўлишга кўндиришни хоҳлашади. Бу мақсад йўлида улар никоҳни қулчилик шакли деб, оналикни тавқи-лаънат деб, камтар ва покиза аёлларни эса қолоқ деб кўрсатадилар. Улар Ҳаввони таъқиқланган мева билан алдаган иблисга ўхшаб кетадилар. Алдовга учманг!

Шахсий ғурур ҳисси

Мен, сизлар қимматбаҳо тошлардек, тоза олтиндексизлар деб ҳисоблайман. Бизнинг баъзиларимиз алданиш асносида сизларнинг софлигингиз хусусида шубҳага тушишди. Аёл иффати ва номуси бебаҳодир, улар эса уни арзон деб ишонтирмоқчи бўлишади. Бироқ, менга ишонинг, ойнага боққанда сизга қараб турган акс суратда намоён бўлган покизалик, бокиралик ва шахсий ғурур ҳиссиётларини қийматини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Ғарб андозасидаги моданинг вазифаси, сиздаги энг қимматбаҳо нарса — бу шаҳвоний жозибадорликдир, деб сизни ишонтиришдан иборат. Лекин, бу қанчалик ғалати туюлишига қарамасдан, сизларнинг гўзал либосларингиз ва ҳижобларингиз ҳар қандай Ғарб модасига қараганда жозибалидир, чунки улар сизларни яширин сеҳр доираси билан ўраб туради ва сизнинг шахсий ғурурингиз ва эътиқодингизни намойиш этади. Аёлнинг жинсий жозибадорлигини ножоиз назарлардан сақлаш керак, чунки у сизни севадиган ва ҳурмат қиладиган, сиз билан турмуш қурадиган инсонга хадя бўлмоғи лозим. Шу билан бирга, сизларнинг эркакларингиз ҳамон жасур жангчилар бўлганлиги учун, уларга фақат сизлар, яъни яхшилар ичида энг яхшилари, муносибдирсизлар. Бизнинг эркакларимиз покизаликни хоҳламай қўйишди. Улар гавҳарнинг қийматини тан олмасдан, унинг ўрнига кўриниши чиройли, лекин қалбаки бриллиантларни танлайдиган бўлишди. Танлаганда ҳам, оқибатда уни ҳам ташлаб кетиш учун танлайдиган бўлишди!

Сизлардаги энг қадрли нарса — сизларнинг ички гўзаллигингиз, бокиралигингиз ва сизни қандай бўлсангиз шундай кўрсатиб турган барча жиҳатингиздир. Шунга қарамасдан мен шуни пайқадимки, баъзи мусулмон аёллар чегарадан ўтмоқдалар ва Ғарбликларга ҳар соҳада тақлид қилишга уринмоқдалар; хатто ҳижобда юрувчилар ҳам (сочини бир қисмини рўмол билан ёпмаётганлар). Ўз шахсий ғурурини йўқотгани учун афсус чекаётган ёки бу ғурурдан яқин кунда ажралиши аниқ бўлган аёлларга тақлид қилишнинг нима кераги бор? Ва бу йўқотишнинг эвазига ҳеч нарса берилмайди. Сизлар — бенуқсон олмосдирсиз, сизларни алдашларига ва қиймати йўқ оддий тошларга айлантиришларига йўл қўйманг. Сиз Ғарб мода журналлари ва телевидениясида кўраётган манзаралар бари ёлғондир. Бу иблис тўри, тузоғидир. Бу аҳмоқлар тилласидир.

Аёл қалби

Агар шунчалик қизиқаётган бўлсангиз, кичик бир сирни очайин: никоҳгача бўлган жинсий алоқа унчалик ҳам ажойиб нарса эмас. Биз ўз баданимизни ўзимиз севиб қолган эркакларга ишониб топширдик; бу ҳолат уларни бизни севишга ва бизга уйланишга мажбур этади, деб ҳисоблагандик (улғайиш давомида телевизорда доим кўрганимиздек). Лекин никоҳ қўрғонисиз ва унинг доим биз билан бўлишига бўлган ишончсиз бу алоқа ҳатто жирканчдир! Бу — мазахдир. Бу фақат ҳиссиётларнинг йўқотилишидир. Бу бизларни кўз ёш тўкишга мажбур этади.

Аёл сифатида, ўйлайманки, мени тушунаётган бўлсангиз керак. Чунки, ўзга аёл қалбидаги кечинмаларни фақат аёлгина чинакамига тушуна олади. Биз хақиқатан ҳам ҳаммамиз бир хилмиз. Бизларнинг ирқимиз, динимиз ёки миллатимиз ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Аёл қалби — ҳамма ерда бир хил. Биз севамиз. Бу — биз қила оладиган нарсаларнинг ичида энг яхши бажара оладиганимиздир. Биз оилаларимизни асраймиз, ўзимиз севадиган эркаклар учун осойишталик яратамиз ва уларга қувват берамиз. Бироқ биз, америкалик аёллар, агар иш жойига (карьерага), ўзимиз ёлғиз яшай оладиган ва ўз муҳаббатимизни хоҳлаган одамимизга тортиқ қила оладиган шахсий уйга эга бўлсак, энг бахтли бўла оламиз, деб ишончга қаттиқ алдандик.
Бу эркинлик эмас. Ва бу муҳаббат ҳам эмас. Фақат никоҳ қўрғонидагина аёл жисми ва аёл қалби хотиржам сева олади. Бундан камига асло рози бўла кўрманг. Бундан бошқаси арзимайди. Чунки, Сиз бусиз сева олмайсиз ва оқибатда ўзингизни ҳам камроқ севадиган бўласиз (кейинчалик, ёлғиз қолганингизда).

Ўз- ўзини алдаш

Бу гуноҳ ҳеч қачон ювилиб кетмайди. У ҳамиша сизга хиёнат қилиш пайида бўлади. Хаттоки, мен ўз номусимни қайтаришга ҳаракат қилган чоғимда ҳам, аввалда топталган номусим қиймати беқиёсдир. Биз Ғарблик аёлларга, сизлар, мусулмон аёллари зулм чекмоқда, деб миямизни «тозалаб ташлашган». Лекин аслида, зулм қилинаётган аёллар — бизлармиз: ўзимизни камситувчи мода чўрилари, ўз вазни туфайли ақлдан озаётган, болаликни тарк эта олмаётган эркаклардан муҳаббат ўтинаётган аёллар — бизлармиз. Кўнглимиз тубида ўзимизнинг алданганимизни биламиз.
Биз ғойибона тарзда сизларга ҳайрат ва ҳавас билан боқамиз, гарчанд баъзиларимиз буни тан олмасак ҳам. Илтимос, бизларга баланд назар билан қараманг ва бизга бундай ҳолат ёқимли, деб ҳаёл қилманг. Бу бизнинг хатоимиздир. Биз ёш пайтимизда кўпчилигимизнинг ҳимоя қиладиган оталаримиз бўлмаган, чунки бизнинг оилаларимиз бузилиб кетган эди. Бунинг сабабчилари кимлар эканини ҳаммамиз биламиз.
Ўзларингни аҳмоқ қилишларига йўл қўйманг, менинг опа-сингилларим! Сизларни ҳам биз каби йўлдан оздиришларига йўл қўйманг. Бокира ва покизалигингизча қолинг. Биз, насроний аёллар, аёл қанақа бўлиши кераклигини кўришимиз керак. Бизга ибрат бўлишингиз учун биз сизларга муҳтожмиз, чунки биз адашганлармиз. Ўз покизалигингизни асранг!
Шуни ёдда тутингки, тиш пастасини қайта идишчасига киритиш мумкин эмас. Шундай экан, ўз номусингизни астойдил авайланг! Ва мен, дўстлик, эҳтиром ва ҳайрат руҳида сизга берган ушбу маслаҳатимни қабул қиласиз, деган умиддаман!

Муҳаббат билан насроний синглингиз,
Джоанна Френсис -журналист (АҚШ)

Баҳам кўринг

Comments are closed.