«Muslimaat.uz»да мавлид маросими бўлиб ўтди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Muslimaat.uz»да мавлид маросими бўлиб ўтди

Бугун 17 декабр куни севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ойлари Рабиъул аввал муносабати билан «Muslimaat.uz» сайтининг мажлислар залида мавлид маросими бўлиб ўтди.

Тадбирга бир қанча азиз меҳмонлар, «Ҳилол-нашр» нашриёти ва «Islom.uz» портали ходималари ташриф буюришди.

Аввал хабар берганимиздек, анжуманга Одинахон Муҳаммад Содиқнинг муборак умра сафари давомидаги таассуротлари битилган ва «Учоқ манзилга ина бошларкан, кўзим тўлиб ойнадан пастга қарадим…» деб бошланувчи бадиаси асос қилиб олинди.

Маросим одатдагидек гўзал Қуръон тиловати билан бошланди.

Сўнг адиба ва шоира Гулбаҳор Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаб ёзган қасидасини ўқиб эшиттирди.

Ундан кейин эса «Muslimaat.uz» сайти ходималари ижросидаги Одинахон Муҳаммад Содиқ қаламига мансуб «Мадинага қўйсам қадам» деб номланган чиройли бадиа ташриф буюрганларга ҳавола этилди.

Ўзига хос ўтган мавлид маросимига гўзал салавотлар янада файз қўшди.

Бадиа ҳақида икки оғиз сўз. Муаллиф муборак сафардан олган тассуротлари билан ўртоқлашар экан, баёни давомида тарихга юзланган, бугунги кунни ёдга олган, Аллоҳга муножот қилган ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавотлар айтиб, у зотга қалб сўзларини тўкиб солган.

Бадианинг ҳар бир жумласини «Рисолат» фильмидаги машҳур мусиқа остида ифодали етказиб бера олган жамоа қизлари ўтирганларни ўзгача тўлқинлантиришди.

Тадбир сайт орқали эълон қилинган танловларда ғолиб бўлган мухлисларни тақдирлаш маросимига айланиб кетди. Маълум бўлишича, ҳаваскор ижодкорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган қуйидаги йўналишлар бўйича беллашишган:

1) «Эрурсиз барча оламларга раҳмат, ё Расулуллоҳ!» танловининг «Ҳикмат» йўналиши;  

2) «Эрурсиз барча оламларга раҳмат, ё Расулуллоҳ!» танловининг «Расулуллоҳни севишимизга 10 сабаб» йўналиши;

3) «Эрурсиз барча оламларга раҳмат, ё Расулуллоҳ!» танловининг «Оиламизда мавлид» йўналиши;

4) Muslimaat.uz сайти қошидаги forum.muslimaat.uz форумида мавлиди шариф муносабати билан ўтказилган «Саодат асрига саёҳат» танлови.

Мазкур йўналишлар бўйича ғолибликни қўлга киритган мухлисларимиз билан қуйида танишишингиз мумкин:

1-йўналиш бўйича «Ҳатто мухолифлар мадҳ этган хулқ» мақоласи билан Ийсохон Яҳё;

2-йўналиш бўйича Ортиқали Абдураҳмонов;

3-йўналиш бўйича Жозиба Жамол қизи;

4-йўналиш бўйича Зилола Жўраева.

Бошловчи Гулбаҳор Абдуллоҳ томонидан эълон қилинган ғолибларни «muslimaat.uz» сайти раҳбари Одинахон Муҳаммад Содиқ махсус совғалар ила тақдирлади.

Сўнг олимамиз нутқ сўзлаб, мавлиди шариф борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Бундан таъсирланган меҳмонлар ҳам сўзга чиқдилар ва дилларидаги гапларини йиғилганлар билан бўлишдилар.

Ажойиб тарзда ўтган ушбу мавлид маросимига қизлар ижросидаги салавоту нашидлар якун ясар экан, тадбир барчада бирдек катта таассурот қолдирганини меҳмонларнинг юз-кўзларидан билиш мумкин эди.

Зуҳрахон ҲАМДАМОВА,

«muslimaat.uz» журналисти

Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Қуръон қироати мусобақасининг вилоят босқичлари юртимиз бўйлаб давом этмоқда. Жумладан, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида ҳам куни кеча беллашувнинг давоми...

06:33 / 27.02.2018 3210
  Сайёрамизнинг шимолида бир масжид бор... Уни ким қурдирган Аввалроқ Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон ҳомийлигида СанктПетербургда қурилган қадимий масжид ҳақида давоми...

03:58 / 11.06.2018 2056
Муҳаррам ойининг энг фазилатли куни ашуро куни бўлиб, у мазкур ойнинг ўнинчи кунидир. Ушбу кунда рўза тутмоқлик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва давоми...

20:35 / 01.05.2019 7079
.. Мусулмонлар Бадрга йўл олишганида «Балоларга гирифтор бўлсин ва биттаси ҳам қайтмасин», деган орзуда бўлган яҳудийлар мўминларнинг тушларда кўрганда ҳам тоқат давоми...

02:45 / 11.10.2016 6002