Шарҳ: Қубайса ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадис аввалги ҳадиснинг айнан ўзи. Бироқ раҳимга даъват қилингани учун такрор келтирилибди.
Муовия ибн Қуррадан, у отасидан ривоят қилинади:
«Бир киши:
«Ё Расулуллоҳ! Мен қўй сўйсам, унга раҳим қиламан ёки сўяётган пайтида қўйга раҳим қиламан», – деди.
«Сен қўйга раҳим қилган бўлсанг, Аллоҳ сенга раҳим қилади», – деб икки марта айтдилар».
Шарҳ: Демак, нафақат инсонга, балки ҳайвонга кўрсатилган раҳим-шафқат ҳам вақти келганда Аллоҳ таолонинг раҳим-шафқатини жалб қилар экан.
Шунинг учун, нафақат инсон зотига, балки ҳайвонот оламига, наботот оламига ҳам раҳим-шафқатли бўлиш, уларни қийнамаслик, қийналган бўлса, қийноқдан озод қилиш, уларга озор бермаслик мўмин-мусулмонларнинг одобларидан ҳисобланади.
Бундай амални қилган одамга Аллоҳ таолонинг ўзи раҳим қилади, унга Аллоҳ таолонинг раҳим-шафқати, меҳрини қозониш насийб бўлади. Бу жуда улуғ нарса.
Абу Ҳурайра айтади:
«Мен содиқул масдуқ Абулқосим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Раҳмат фақат бадбахтдангина суғуриб олинади», деганларини эшитдим».
Шарҳ: Фақат ҳақийқий бахтсиз, бадбахт инсондагина раҳим-шафқат бўлмайди. Раҳим-шаф¬қат бошқа барча инсонларда бўлади.
Кимда раҳим-шафқат бўлмаса, бу унинг бахтсизлиги, бадбахтлиги аломати бўлади.
Кимнинг мўмин-мусулмонлиги ҳақийқий бўлса, унда албатта раҳим-шафқат бўлади.
Бундай шафқат умумий бўлиб, инсон зотига, ҳайвонотга, набототга, раҳим-шафқатга муҳтож бўлган ҳар қандай нарсага тааллуқлидир.
Аллоҳ таоло ана шу раҳим-шафқатни мўмин-мусулмонларга раво кўрган экан. Уни фақат бадбахт инсондангина суғуриб олиб, уни бераҳим, бешафқат бир жонзотга айлантириб қўяр экан. Бундан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин.
Жарийрдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Инсонларга раҳим қилмаганга Аллоҳ раҳим қилмайди», – дедилар».
Шарҳ: Демак, одамларга раҳим қилмаган одам Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиши мумкин эмас экан.
Аксинча, «мафҳумул мухолафа» қоидасига биноан, одамларга раҳим қилган одам Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиши мумкин.
Иншоаллоҳ, одамларга кўрсатилган раҳим туфайли Аллоҳ таолонинг раҳматига, шафқатига сазовор бўлиш мумкин.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли-аёлига энг раҳимли киши эдилар. Ул зотнинг Мадийнанинг четида эмизилаётган ўғиллари бор эди. Унинг эмизикли отаси темирчи эди. Биз унинг олдига бориб турар эдик. Уй изхир тутунига тўлган бўлар эди. Бас, у зот уни ўпар ва ҳидлар эдилар».
Шарҳ: Аҳли-аёлларига меҳр-шафқат кўрсатишда одамлар ўртасида биринчи ўринда турадиган одам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар.
У кишининг Иброҳим исмли ўғиллари Мадийнанинг бир чеккасидаги бировнинг уйига эмизишга берилган эди. Ўғилларини эмизаётган аёлнинг эри темирчи эди.
Агар биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўғилларини кўргани борсак, уйини тутун босиб кетган бўлар эди – темирчининг уйи бўлгани учун изхир ёққан бўларди.
Шундай бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мория Қибтия онамиздан туғилган ўғиллари Иброҳимни кўргани тез-тез бориб турар эдилар. Кўрганларида уни қўлларига олиб, қучоқлаб, ўпиб, ҳидлаб, меҳр-шафқат кўрсатар эдилар.
Аҳли-аёлларига, фарзандларига меҳрибон бўлишнинг намунаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиймоларида бизга ушбу ҳадисда намоён бўлмоқда.
Демак, биз ҳам аҳли-аёлимизга фарзандларимизга меҳрибон бўлишимиз лозим экан.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши ўзининг боласи билан келди. Бас, у болани қучоқлаб, эркалади.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга раҳим қиласанми?» – дедилар.
«Ҳа», – деди.
«Аллоҳ таоло бунга раҳим қилаётганингдан кўра сенга раҳимлироқ. У зот раҳим қилувчиларнинг энг раҳимлиси», – дедилар».
Шарҳ: Демак, фарзандларини севиш, уларга раҳим қилиш ҳам ният билан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисга мувофиқ, деб қилинса, ибодат ўрнига ўтадиган, отаонани Аллоҳнинг раҳматига муяссар қиладиган савобли амал бўлар экан.





