Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда муслима аёл васфи
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: «Мушрика аёлларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гар у сизни ажаблантирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг. Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар сизни ажаблантирса ҳам, яхшидир. Анавилар дўзах ўтига чақирарлар. Аллоҳ эса Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эсга олсалар» (Бақара,221).

Аллоҳнинг ҳузурида аёл кишининг яхши-ёмонлигини ўлчашдаги бош мезон унинг иймонидир. Агар аёл киши чўри бўлса ҳам, мўмина бўлса, бас, бошқа ҳар қандай аёлдан яхшидир. Тўғри, мушрика аёл ўзининг озодлиги, ҳусни жамоли, шакли шамоили, молу дунёси, насли насаби ва яна қандайдир жиҳатлари билан эркакларни ажаблантириши, уларга ёқиши мумкин.

Лекин мушрикалиги, иймонининг йўқлиги, Аллоҳга ширк келтириши ҳамма нарсадан ёмон. Ундай мушрика аёлдан чўри бўлса ҳам, хунук бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, насли насаби гўё паст бўлса ҳам, мўмина аёл яхшидир. Қалбидаги иймони уни юқори даражаларга олиб чиқади.

Шунингдек, мўмина аёлларнинг мушрик эркакларга турмушга чиқишлари, уларга никоҳланишлари қатъиян ман қилинади.

Муслима-мўмина аёллар мусулмон динидаги эркакдан бошқа эркакка турмушга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркак Исломга кириб мўмин бўлсагина, рухсат бўлади.

Ҳатто эркак яҳудий ёки масиҳий динида бўлса ҳам, муслима аёлнинг унга никоҳланиши ҳаром. Фақат мусулмон эркак бўлиши шарт. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Биз аҳли китобнинг аёлларига уйланамиз, улар бизнинг аёлларимизга уйланмайдилар», деганлар.

Эркак бўлсин, аёл бўлсин – иймонсизлиги, мушриклиги жуда ёмон, улар билан ким алоқада бўлса, хусусан, никоҳ каби муқаддас ва нозик алоқада бўлса, касофати уради. Урганда ҳам, энг ҳассос нуқтада, ақида бобида уради ва инсон ўз турмуш ўртоғига эргашиб, диндан чиқиб кетиш хавфи бор.

Қуръон билан хулқланган муслима  аёл киши табиатида учрайдиган ҳар қандай нуқсонлардан холи бўлади. Иймони бақувват аёл хурофоту жаҳолатни тарк этиб, Аллоҳнинг иродасига бўйсуниб, Аллоҳ буюргандек ҳаёт кечиради.

Аёл кишининг диндор бўлиш аҳамияти ҳадисларда ҳам келган.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аёл тўрт нарса туфайли никоҳга олинади: гўзаллиги, мол дунёси, насл-насаби ва дини учун. Бас, диндоридан ол, қўлинг тупроққа тўлгур!» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

Марям ўзининг тақвоси, Роббисига итоати билан ҳар бир муслима аёлга ибратдир. У жоҳил жамиятнинг шафқатсиз маломатларию таҳқирлаш ва ҳақоратларига дуч келди, бироқ шунга қарамай, ибратли намуна кўрсатиб, мустаҳкам комил иймон ила Яратганнинг қадарига сабр қилди.

Унинг Аллоҳга бўлган иймони унга руҳий қувват берди. Ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан, номуси ва шаънини асраб қолди, у бугун ҳам ҳар биримиз учун ибратдир.

Барча мўмина аёллар тақводор Марямнинг юксак ахлоқи ва шахсиятидан ўрнак олишлари ҳамда Қуръони Каримда васфи келган ҳақиқий муслима аёл хислатларини ўзида тарбиялаши керак.

Мавзуга оид мақолалар
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади «У ўз ўлимидан олдин ўғлига айтди «Эй, ўғлим Сен ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, давоми...

03:47 / 05.12.2016 3229
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим «Етимларни то никоҳёшига етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эсиҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг. давоми...

08:41 / 20.01.2017 3827
Ноумид бўлган нарсангдан озодсан, тамагир бўлган нарсангга эса қулсан. Биз нимадан бирон нарса тама қилсак, нимадан бирон нарсани умид қилсак, фикру зикримиз давоми...

01:37 / 28.02.2019 1681
Туркиялик 63 ёшли уй бекаси ўзининг санъатга бўлган кучли қизиқиши ортидан интилиши билан атрофдагиларни ҳайратга солмоқда. Икки фарзанднинг онаси Фатма Кирдар давоми...

22:45 / 11.04.2019 2601