Муслима
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Муслимлар маконида сен ғурурсан, муслима.

Садоқат саройида соф сурурсан, муслима.

Сен мустақим манзилга йўл қурурсан, муслима.

Ҳам бу йўлда толиқмай тик турурсан, муслима,

Ҳақ айтмиш хуш маконда ҳам юрурсан, муслима.

 Шаънингга шеър битгали қалам тутдим қўлимга,

Аллоҳ файз ато этсун ҳар бир банд, ҳар бўлимга.

Ҳамиша ҳамроҳимсан тутган тўғри йўлимга.

Сен сабабдин нур ёғур ҳар дам ўнгу сўлимга,

Нуринг туну кун тинмай таратурсан, муслима.

 

Айбдорман агар сенга таъриф беролмай толсам,

Ё ёвларинг қошида бошимни қуйи солсам.

Бахтлиман гар Аллоҳдан сен қўрққандай қўрқолсам,

Шоядки, ул маконда сен-ла абадий қолсам,

Сен бу қайноқ қалбимга бир ҳузурсан, муcлима.

 

Сенга суюкли Ислом оламин ҳар аркони.

Дилинг дунёда борки, ҳалим ҳисларнинг кони.

Сен ҳақиқий мўъминнинг орисан, дили, жони,

Соф сийнанг саноқсиз соф мақсадларнинг макони,

Икки дунё бахтининг қасрин қур сан, муслима.

 

Дунёда энг хуш сурат сенинг хушрўй жамолинг,

Иймон, тақво, садоқат, бор бисот бойлик, молинг.

Ҳар икки оламда ҳам ҳавасга лойиқ ҳолинг,

Диннинг тирик тимсоли эрур сенинг тимсолинг,

Дунё ва охиратда шундай тур сан, муслима.

 

Ибодатдан на кундуз, ё на тунда тинасан,

Фақат савоб истарсан савобнинг устина сан.

На ғараз биладурсан, на биласан гина сан,

Сен ҳақиқий муслима, сен асл мўминасан,

Ҳаёт чоғинг ҳамиша шундай юр сан, муслима.

 

Олам узра кимлигинг таъриф қилсам қиёсан,

Сен ҳазрати Хадича, Фотима, Осиёсан.

Таърифинг топай қандоқ ё ҳур, малаксан ё сан,

Сен Ислом оламида гўёки бир зиёсан,

Ҳа, бул бахт оламида порлоқ нурсан, муслима.

 

Кеча-кундуз бетиним илм излашдур ишинг,

Дунё билан ишинг йўқ, дин ташвиши – ташвишинг,

Шу ташвиш-ла ўтгайдур баҳоринг, ёз, куз, қишинг.

Оҳ, бунчалар иболи қуйи қараб боқишинг,

Аллоҳ амр этгандек сен боқурсан, муслима.

 

Ҳақ ишқин ўзига жо қилмиш беғубор дилинг,

Эртаю кеч бетиним зикрдан толмас тилинг,

Гўзал эрур бунча ҳам тиловатда тартилинг?

Мукофотинг мунтазир, яъни борар манзилинг,

Ул манзилга муҳаққақ лойиқдурсан, муслима.

 

Пок иймонли бир муслим ёрга суюкли ёрсан,

Ва ул муслим бахтига ҳамиша бўлгил бор сан,

Сен софликнинг саҳнида номуссан, ҳаё, орсан,

«Дунёда ҳақ дин» деган диёрда ифтихорсан,

Бул диёрда Зуҳродек бир зуҳурсан, муслима.

 

Бу борлиққа борлигинг яралгандек ярашар,

Фахр айласа арзигай сенинг-ла баний башар,

Чин шоирлар тўрт томон таърифингни тарашар,

Сенга ҳатто ҳавас-ла фаришталар қарашар,

Сабаб: сен сайёрада гўё ҳурсан, муслима.

 

Ҳаётинг асл аёл учун ибрат мактаби,

Қанийди, борки аёл бўлсайди санинг каби,

Фақат латиф сўз айтмоқ учун очилса лаби,

Ҳақдан сенга саодат сўрмоқ бу қул матлаби,

Cўрмоқдин сабаб унга сен зарурсан, муслима.

 

Турмушингда тоййибат сенинг ризқу рўзингдур,

Ҳаётда энг ҳалим сўз сенинг сўзлар сўзингдур,

Борлиқда энг иболи кўз бу сенинг кўзингдур,

Аёлларнинг афзали муслима – бу, ўзингдур,

Мурод: мудом муслимга бўл манзур сан, муслима.

 

Сен бир таянч тоғдурсан муслимга,чин мўминга,

Берганларинг беқиёс дунёдаги ҳақ динга,

Сен бир ёвқур ёвдурсан ҳар бир шайтон, ҳар жинга,

Алар сенинг ваҳмингдан ўзин урар ҳар инга,

Наздимда, Нусайбасан, ҳа, жасурсан, муслима.

 

Бесамара... бошингга солинган турли чанглар,

Топтай олмас шарафинг беиймон дили санглар,

Афсусингга арзимас динин сотган сатанглар,

Шайтон шаклин олган ул сатанглар, ҳоли танглар,

Аллоҳ файзи – Исломда юр мағрур сан, муслима.

 

Шайтоннинг малайи ул – обрўйингга осилган,

Қурум босган қалбини куфр нимталаб тилган,

Ул ўткинчи мансабни иймондан аъло билган,

Анинг жазоси нардур ким Ҳаққа ёвлик қилган,

Ҳали алар ҳолини кузатурсан, муслима.

 

Рўмолинг жаҳаннамнинг оловига пардадур,

Ким олишга осилса, охиратда нардадур,

Сенга ёвлар инсонму ё бошқа билмам надур,

Қадринг олдида ҳечдур ё марварид ё на дур,

Ахир ўзинг оламда олий дурсан, муслима.

 

Тирноққа тенгмас сенга маломат тош отганлар,

Иймони, иффатини, виждонини сотганлар,

Ҳар кун ҳар турли ифлос қўйинларда ётганлар,

Бўғзигача балолар ботқоғига ботганлар,

Салобатинг ила сен ғолибдурсан, муслима.

 

Ул ёвларнинг йўллари жирканч ва нопок йўллар,

Қадрингга қасдлар қилган ул қўллар қабиҳ қўллар,

Барчасин бир кун Босит жаҳаннам сари йўллар,

Сабр қил, синглим, сени Аллоҳнинг ўзи қўллар,

Соф иймон кўчасида юр масрур сан, муслима.

 

Ҳар хатти -ҳаракатнинг чегараси, чети бор,

Зарра миқдор ҳар ишнинг ҳисоби бор, кети бор,

Сенга кулган кофирнинг на ори, на бети бор,

Сен-чи ўз номусингга эмассан беэътибор,

Ҳар жиҳатдин жаҳонда сен тоҳурсан, муслима.

Истарам ҳеч оқмасин кўздан аламли ёшинг,

Ҳамиша омон бўлсин балолардан бу бошинг,

Омонда бўлсин ҳар дам, ҳар бир диндош, қардошинг,

Бу борлиқда беқиёс сенинг сабринг, бардошинг,

Бир кун боринг баралла сен айтурсан, муслима.

 

Бўл ҳамиша хоинлар фитнасидан холи сан,

Сен чин мўмин банданинг бахтисан, иқболисан,

Сен Ислом оламида покликнинг тимсолисан,

Бокиралик боғининг борки бўйи, болисан,

Пок юзинг ҳамиша шул боққа бур сан, муслима.

 

Сен билан эй муслима файзлидир Ислом боғи,

Чин муслим, муслима бор тетикдир Ислом тоғи,

Бул тоғ узра ҳилпирар мудом Ислом байроғи,

Ҳаққингга Ҳақдин савоб сўрагум дуо чоғи,

Ҳаққа айт ҳамд-сано ва ташаккур сан, муслима.

 

Бул байтим бор мақтовнинг энг оддийси, энг ози,

Чунки фақат Ҳаққадир бор ҳамду сано сози,

Мисралардан мақсадим Робб бўлсин сендан рози,

Сен сабаб сайқал топди бир Мирзонинг қоғози,

Сабаб сири недур, қил тафаккур сан, муслима.

Абдуғофир Собир Мирзо

Мавзуга оид мақолалар
Бибинисо Сиддиқанинг Muslimaat.uz сайти 10 йиллик тадбиридаги шеъри

19:26 / 22.10.2017 3301
     Муҳаррам ойи ҳижрий қамарий тақвим бўйича йилнинг биринчи ойидир. Биринчи муҳаррам янги йилнинг давоми...

16:25 / 21.09.2017 5063
 Қозон масжидида Қурбон ҳайити байрами олдидан жонлиқ сўйишга буюртмалар қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда давоми...

07:39 / 28.07.2018 2560
             Намоз араб тилида «салот» дейилиб, луғатда «яхшиликка дуо» маъносини англатади. Шариатда эса давоми...

09:30 / 16.05.2017 4124