Муҳаррам

0 962

         Дунё тамаддунида кўплаб тақвимлар мавжуд бўлган бўлиб, бугунги кунда ҳам уларнинг айримлари амалда қўлланилади. Ҳижрий тақвим санаси қайси кундан, қайси санадан, нима сабабли бошланганлигини биламизми?

Ҳижрий-қамарий тақвим, жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида вужудга келади. Бу зоти шариф бошқа катта саҳобалар билан маслаҳатлашиб, Ислом тарихи учун янги тақвим тузиб, ўтган воқеаларни шу ҳисоб бўйича олиб боришлик зарурлигини тушунтирганларида, барча саҳобалар бу фикрни бир овоздан маъқуллаганлар.

Ҳижрий сананинг аввалини қайси йил воқеасидан бошлаш тўғрисида ҳар қайси саҳоба ўз фикрларини баён қилдилар. Баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларидан бошлайлик десалар, бошқалари у  зотнинг вафот этган саналаридан бошлашни маъқуллар эдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан бошласак, ҳар йилнинг бошланишида у жаноб вафотларининг қайғуси янгиланиб, янги йилни байрам қилиб эмас, мотамсаролик ила кутиб олишга тўғри келади» – деб, бу фикрни ҳам рад этадилар.

Ниҳоят, ҳаммаларининг фикрлари бир бўлиб, янги ҳижрий санани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага қилган ҳижрат кунларидан бошлаб ҳисоблашга иттифоқ қиладилар. Ҳижратларининг кунлари сафар ойига тўғри келган бўлсада, лекин унга тайёргарлик кўриш Муҳаррам ойидан бошланганлигини эътиборга олиб, ҳижрий сананинг бошланишини шу муборак ой – Муҳаррамнинг биринчи кунларидан ҳисоб қилишга қарор қилдилар.

Шундай қилиб, ҳижрий-қамарий санамизнинг биринчи куни – мелодий сананинг 622 йил 16 июль, жума кунига тўғри келади.

Муҳаррам ойи ҳижрий  – қамарий тақвим бўйича йилнинг биринчи ойидир. Одатда мусулмонлар бир– бирларини бу муносабат билан табрик этадилар. Биз ҳам барчаларингизни 1437  ҳижрий йилнинг бошланиши билан чин қалбдан муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло бу йилни барчамиз учун хайр-барака йили бўлишини насиб этсин. Азиз ватанимизни тинч ва осойишта бўлишини, халқимизнинг бахти саодати зиёда бўлишини насиб этсин! Омийн!

Аллоҳ таоло бундай дейди: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади —  Аллоҳнинг осмонлар ва ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз!” (Тавба, 36).

Ибн Касир ушбу оят тафсирида қуйидагиларни баён қилган: “Мазкур ойларда амаллар учун бериладиган жазо ва мукофотлар миқдори бошқаларга қараганда ортиқ бўлади. Зулм ушбу ойларда содир қилинса, уқубати кучли бўлади. Инсон айтган сўзлари ичида энг улуғи қилиб зикрни танлади. Ер юзининг энг яхши жойи этиб масжидларни белгилади. Рамазон ва Муҳаррамни ойларнинг энг афзали қилди. Аллоҳ наздида кунларнинг энг яхшиси жума бўлса, тунларнинг энг аълоси Қадр кечасидир”.

         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойдаги рўзанинг фазилати ҳақида бундай деганлар: “Рамазон ойидан кейинги энг фазилатли рўза бу Аллоҳнинг ойи Муҳаррамда тутилган рўзадир” (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисда Муҳаррам ойи фазилатлари кўплиги боис, Аллоҳнинг ойи деб аталмоқда. Имом Нававий таъбири билан айтганда, мазкур ҳадис кишиларни ушбу ойда кўпроқ рўза тутишга тарғиб қилади.

         Ашуро   – бу Муҳаррам ойининг ўнинчи куни. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳеч қачон рўза тутишга Ашуро куни ва Рамазон ойидагичалик ҳарис бўлганларини кўрмадим” (Имом Бухорий ривояти). Бу куннинг рўзаси ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисда мана бундай дедилар: “ Мен Ашуро куни рўзасини ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади, деб умид қиламан” (Имом Муслим ривояти). Бир кун учун бир йиллик гуноҳларнинг кечирилиши биз учун Яратганнинг чексиз саховатидир. Айтиб ўтганимиздек Ашуро- Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Тўққизинчи кунини ҳам қўшиб тутишни кўп уламоларимиз суннат деганлар. Чунки Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутиб бошқаларни ҳам шунга буюрганларида, саҳобалар айтишди: “Эй, Аллоҳнинг Расули, бу кун яҳудий ва насронийлар эъзозлашадиган кун. Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: Агар мен келаси йил ҳаёт бўлсам, инша Аллоҳ тўққизинчи кунини ҳам тутаман. Лекин У зотга келаси йилга қадар яшаш насиб этмади” (Имом Муслим ривояти).

         Уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўнинчи кунда рўза тутганлари ва тўққизинчи кунда тутишни орзу қилганларидан келиб чиқиб, Ашуро куни рўзаси қийматини баён қилиб ўтганлар. Савоб жиҳатдан энг юқори даражадаги рўза  тўққизинчи ва ўнинчи кунларини биргаликда қўшиб тутиш бўлса,  кейинги мақомдагиси ёлғиз ўнинчи куннинг ўзини тутиш ҳисобланади. Аслида бу ойда қанча кўп рўза тутса, шунча кўп савобга эга бўлади.

         Яна бир нарса, агар Ашуро куни жума ёки шунга ўхшаш ёлғиз ўзини рўза тутиш макруҳ ҳисобланган кунларга тўғри келиб қолса ҳам тутилаверади ва иложи бўлса афзал ҳисобланган олдинги бир кунни ҳам қўшиб қўяди. Бундан ташқари Ашуро кунида ўз аҳли аёлига кенг мўлчилик қилиб берилса, йил бўйи ризқли баракали бўлиши ҳақида ҳам ҳадислар бор.

Яна Ашуро кунида оналар ўз фарзандларига, ҳатто ҳали рўза тутиш ёшига етмаган (балоғатга етмаган) фарзандларига ҳам рўза  туттиришлари хайрлидир. Чунки бу куннинг улуғлигини болалар ўша пайтданоқ ҳис эта бошлайдилар. Қадимда саҳобалар ўзларининг кичик ёшдаги фарзандларига ҳам шу куни рўза туттиришар, агар болаларнинг қорни очиб кетиб инжиқлик қилсалар, ўйинчоқлар бериб овутишар экан. Демак, биз ҳам бу гапдан ибрат олиб, фарзандларимизни бундай улуғ ибодатга тарғиб этишимиз, уларга бу ишда ўзимиз кўмаклашишимиз  хайрлидир. Бугунги кунда болаларни чалғитадиган ўйинчоғу  овунчоқлар қадимги даврдагига нисбатан анча кўп. Бу вақтни анча мароқли,  қизиқарли ва албатта фойдали ўтказиш нур устига аъло нурдир.

Янги 1437 йилга ҳам қадам қўймоқдамиз. Ушбу ой ҳам фазилатли ойлардан экан. Унда қилинадиган солиҳ амалларнинг қадри баланд бўлгани учун фурсатни ғанимат билайлик.

muslimaat.uz

Баҳам кўринг

Leave A Reply