Муҳаррам ойининг фазилати

0 1 307

Бутун мақтовлар оламлар роббиси Аллоҳга хосдир. Унга ҳамду саноларимизни йўллаймиз, Унинг Ўзидан мадад сўраймиз, Ундан гуноҳларимизга мағфират тилаймиз. Нафсларимизнинг ёвузликлари-ю амалларимизнинг ёмонларидан Аллоҳнинг паноҳига қочамиз. Аллоҳ кимники ҳидоят қилар экан, бас, уни адаштиргувчи йўқдир. Кимники адаштирар экан, бас, ортиқ уни ҳидоятга йўллагувчи йўқдир. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз, Унинг шериги йўқ, Муҳаммад унинг бандаси ва пайғамбаридир…

Ҳар бир банда бу дунёга нима учун келганлиги, нима мақсадда яратилганлигини англаши зарур. Бу масаланинг ечимини Қуръон ва ҳадисдан топиши ҳеч кимга сир эмас. Албатта, Аллоҳ таоло бандаларини ўзига ибодат қилишлари учун яратди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қиладики: «Мен инсонлар ва жинлар тоифасини фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим!» (Зариёт, 56).

Демак, бизнинг энг устивор мақсадимиз, Аллоҳгагина ибодат қилиш билан ризоси ва неъматларига эришиш, ғазаби ва азобидан нажот топишдир.

Шу гарданимиздаги ибодатни баҳоли қудрат бажаришимиз учун Аллоҳ таоло бизларга маълум ойларини ғанимат қилиб берди. Аллоҳ таоло маълум кунларни тоат мавсумлари этиб тайинлар экан, бу мавсумларнинг фазилати, ҳурмати ва муқаддаслигини бошқа вақтлардан зиёда қилди. Бундай мавсумларда солиҳ амалларга бел боғлайдиган соҳибҳиммат бандаларнинг даражалари оширилади, ҳасанотлари зиёда қилинади ва инша Аллоҳ, улар дунёю охиратда бахту саодатга эришадилар.

Албатта, мўмин банда мана шу ойлардан иложи борича фойдаланиб олмоғи лозим. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: «Албатта Аллоҳнинг наздида ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлару Ерни вужудга келтирган куни Ўз ҳузуридаги китобда (ёзиб қўйганидек) ўн икки ойдир. Улардан тўрти (уруш) ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу тўғри Диндир. Бас, у ойларда (маъсиятлар қилиш ва уларнинг ҳурматини бузиш билан) ўз жонларингизга зулм қилмангиз!» (Тавба, 36).

Ва биз шу мавсумлардан бирига, яъни муҳаррам ойига кириб келдик. Муҳаррам ойи Умар розияллоҳу анҳу томонидан ҳижрий ойларнинг аввалгиси қилиб белгиланган, шунингдек уруш ҳаром қилинган муқаддас тўрт ойнинг биридир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
«Албатта замон Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни яратган кундаги ҳолатидек айланиб чиқди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси пайдар-пай келувчи зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррамдир ҳамда (қолган бири эса) жумадо ва шаъбоннинг орасидаги Музарнинг ражабидир»

(Бухорий ривояти).

Муҳаррам ойида тутиладиган рўза Аллоҳ таолонинг бандаларига берган катта фурсатларидан. Банданинг муҳаррам ойига етиб келиши Аллоҳ таоло томонидан белгиланган тақдир, яъни Аллоҳдан бўлган бир неъмат. Шунинг учун Муҳаррам ойида нафл рўза, нафл ибодат ва солиҳ амалларни кўпайтиришга енг шимарайлик, унинг ичида жойлашган дурдек қимматли ва улуғ кун – Ашуро кунини ғанимат билайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Рамазондан кейин рўзаларнинг энг афзали Аллоҳнинг муҳаррам ойи(да тутилган рўза)дир, фарз намозидан кейинги энг афзал намоз эса тунги намоз — таҳажжуд намозидир»

(Саҳиҳи Муслим)

Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаррам ойининг рўзасини мутлоқ фазилатли деб баён қилдилар. Бу ҳадисда рўза қайси кунда тутилиши баён қилинмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойидан бошқа ойларда тўлиқ рўза тутмаганлар, шунинг учун Муҳаррам ойининг ҳаммасида рўза тутишлик жоиз эмасдир. Бу ойда нафл рўза тутишлик рамазондан кейинги энг афзал рўза ҳисобланади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ашуро кунида рўза тутаётганларини кўрганларида, улардан: «Бу қандай кун?» деб сўрадилар. Улар жавоб беришди: «Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Бас, шу боис Мусо бу кунда рўза тутган». Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бас, ундай бўлса, сизлардан кўра кўпроқ мен Мусога (яқин бўлишга) ҳақлироқман», — дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар»

(Бухорий ривояти).

Маълум бўлишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунининг рўзасини то уларга рамазон ойининг рўзаси фарз бўлмагунга қадар фарз даражасида тутар эдилар. Рамазон ойининг рўзаси фарз бўлгандан кейин бу рўзани фарз эътиқодида тутишликни ташладилар.

Яна бу ойнинг фазилатида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Арафа кунида тутилган рўза бир йил олдинги ва бир йил кейинги гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан. Ашуро кунининг рўзаси эса — Аллоҳдан умид қиламанки — бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлажак»

(Муслим ривоятлари).

Биргина куннинг рўзаси билан йил бўйи қилинган кичкина гуноҳларнинг ўчириб юборилиши Парвардигоримизнинг бизларга нисбатан нечоғли марҳаматли Зот эканлигидан даракдир. Бу куннинг рўзаси жуда катта ажрга эга. Бу амал кичкина амал бўлмагани учун мўмин киши иложи борича бу куннинг рўзасини тутишга бел боғлаши керак. Бу ойда рўза тутишдан дангасалик қилиши эса яхши эмас.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунида рўза тутиб, бошқаларни ҳам шунга буюрганларида, у кишига: «Ё Расулуллоҳ, бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун», — дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Келгуси йил келса, инша Аллоҳ, тўққизинчи кунни (ҳам) тутамиз», — дедилар. Бироқ, келаси йил келгунча, Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилдилар»

(Муслим ривояти).

Имом Нававий айтадилар: «Имом Шофеий ва у кишининг асҳоблари, Имом Аҳмад, Исҳоқ бин Роҳавайҳ ва бошқаларнинг сўзларига кўра, ўнинчи кунга қўшиб тўққизинчи кунда ҳам рўза тутиш мустаҳаб кўрилади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнинчи кунда рўза тутганлар ва тўққизинчи кунда ҳам рўза тутишни ният қилганлар».

Шунга кўра Ашуро кунига қўшиб тўққизинчи кун рўзасини ҳам тутиш хуш кўрилади. Бунинг ҳикмати борасида уламолардан келган ривоятларнинг энг кучлиси Ашуро кунида яҳудий ва насронийларга мухолиф йўл тутишдир.

Аллоҳ таоло барчамизга ўзи буюрганидек амалларини адо қилишлигини насиб этсин!

Дилором тайёрлади.

Баҳам кўринг

Leave A Reply