Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва биз
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тасаввур қилинг : ниҳоятда гўзал, серфайз, ҳар томонида боғу роғ бўлган бир шаҳар бор. Сиз бу шаҳарга бормагансиз, аммо таърифини эшитиб юрар эдингиз. Бир сабаб билан бу гўзал шаҳарга кўчиб бориб яшашга қарор қилдингиз. Шаҳар жуда ҳам катта бўлиб, каттаю кичик кўчалари, дам олиш масканлари, истироҳат боғлари кўп эди. Сиз бу гўзал шаҳарга бориб жойлашдингиз. Ҳаёт тақозосига кўра ёки шаҳарни сайр қилиш мақсадида кўчага чиқдингиз. Бундай вақтда шаҳарни яхши билувчи бирор ишончли ҳамроҳ бўлса? яхши бўлар эди.

Шундай ҳам бўлди. Шаҳарни ҳар бир қарич ерини яхши биладиган, қаерда қандай ҳаракат қилишни устаси бўлган бир танишингиз чиқиб қолиб, сизга йўлбошчилик қилишни таклиф қилиб қолди. Ишончли киши бўлгани учун, албатта, унга эргашасиз. Чунки у билан юрсангиз, турли кутилмаган хавф-хатардан холи бўласиз, истаган манзилингизга осонгина бориб, мақсадингизга етасиз.

Мазкур мисолда келтирилган шаҳарни Ислом десак, бу шаҳарни ҳар бир қарич ерини яхши биладиган йўлбошловчи ким экани барчамизга маълумдир. Ҳа, бу Pот Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам! Биз-чи? Биз у Зотга қанчалик эргашяпмиз ?

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлларига энг гўзал муомалада бўлувчи эдилар. Биз-чи? Энг яхши муомалани кўчада қиламиз. Уйга келганда қовоқ солиб, ширин сўзимизни дариғ тутамиз. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларнинг энг сахийси эдилар. У Зотдан ким бўлса ҳам, нимани сўраса ҳам «йўқ» деган жавобни эшитмаган. Ўзларида бўлмаган нарса ҳақида сўраб келишганларида ҳам, кимда шу нарса бўлса, у кишини шунга йўллаб қўяр эдилар. Биз-чи? Бизнинг энг кўп ишлатадиган сўзларимиздан бири «йўқ» деган сўз бўлса, ажаб эмас. Бизда бор нарсани биров сўраб келса ҳам, биз олдин «йўқ» деб рад қилиб олиб хотиржам бўламиз-да, сўнгра ортидан турли важлар келтирамиз. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам тунлари намоз ўқиб, оёқлари шишган Зот эдилар. Бугун у Зотга умматликни даъво қилувчиларни эса тунлари ухлайвериб кўзлари шишади! Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам истиғфорни лозим тутган эдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳлардан пок Зот эдилар. Фаразан гуноҳ қилганлар деб қаралса , уни ҳам аввалгию охиргисини Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кечирган. Мана шундай гуноҳлардан мутлақо пок Зот ҳар кун етмиш, юз марта Аллоҳга истиғфор айтар эдилар. Биз-чи? Биз гуноҳкор бандалар кунига неча марта истиғфор айтиб, дунёдаги ҳидоятчимиз, охиратдаги шафоатчимиз бўлган Зотга эргашмоқдамиз? Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам доим табассум қилувчи киши эдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан умрини бирга ўтказган саҳобаи киромлар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дастлаб кўрганимдан сўнгисигача табассум қилганларини кўрдим» дея хабар қиладилар. Биз-чи? Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлаганларида доимо рост сўзлар эдилар. Ҳазил қилганларида ҳам ҳақ сўз ила ҳазил қилар эдилар. Биз-чи? Биз у Зотга бу борада қай даражада эргашмоқдамиз? Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишни мукаммал равишда адо этишни яхши кўрар эдилар. Оз бўлса ҳам давомли бўлган хайрли ишни суяр эдилар. Шунга амал қилар ва шунга тарғиб қилар эдилар. Биз-чи? Биз қайси хайрли ишни мукаммал қилиб адо қиляпмиз? Қайси хайрли ишда бардавом бўляпмиз? Бу каби саволларни яна кўплаб келтириш мумкин. Аммо шу билан кифояланиб қолмайлик. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга жиддий ҳаракат қилайлик. Ҳар бир ишда у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олайлик. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бу дунёда эргашсак, жаннатга ҳам у Зотга эргашиб киришликни Аллоҳ таоло насиб айлайди, иншааллоҳ.

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Maдинaи Myнaввapa ep юзидaги энг фaзилaтли epлapдaн ҳиcoблaнaди. Бy шaҳap Пайғaмбapимиз aлaйҳиccaлoмнинг ҳижpaт қилгaн жoйлapи. Қypъoни Kapимнинг кўп oятлapи тyшгaн шaҳap. Ислoм дaвлaти давоми...

06:25 / 14.02.2017 4016
Бир турмуш қурган аёлнинг сўзлари Турмуш ўртоғим менга зарар етказишини тўхтатиши учун унга ўша лаҳзаларда нималарни ҳис қилишимни тушунтиришга ҳаракат давоми...

11:00 / 30.07.2019 2679
  Қадим замонда бир ҳукмдор юртини айлангани чиқибди. Одамлар таниб қолмаслиги учун юз кўринишини ўзгартириб, ёнига бир ходимини ҳам ҳамроҳ қилиб олибди. Ҳукмдор давоми...

23:41 / 22.01.2017 3312
Афсуски, кўпчилик бу улуғ ойда исрофлар қилишяпти. Оилаларнинг Рамазон ойида истеъмол қиладиган таомлар миқдори, йилнинг бошқа ойларига нисбатан кўпроқ. Фақат давоми...

09:57 / 06.03.2017 5228