Муҳаббат қозонишнинг ўн бир сири
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёл кишининг ташқи кўринишига хос хусусиятлар, мисол учун, қадду қомати, терисининг ранги ёки шу каби бошқа омиллар унинг севикли ёр бўлишида асосий ўлчов бўла олмайди. Азиз аёллар! Агар сиз турмуш ўртоғингизнинг муҳаббатини, меҳрини қозонишни истасангиз, қуйидаги маслаҳатларни амалда қўллашга ҳаракат қилинг. Зеро, ҳар бир эркак ўз умр йўлдошининг ушбу сифатлар соҳибаси бўлишини истайди.

1. Яхши тингловчи бўлинг.

Деярли, барча эркаклар суҳбат давомида уларни диққат-эътибор билан тинглайдиган аёлларни қадрлашади. Шуни билингки, бирор нарса ҳақида гапиришдан олдин атрофлича ўйлаб, сўнгра гап очиш ҳақиқий эркакларга хос хусусиятдир. Шундай экан, уларнинг фикрларини охиригача тингламасдан, аввалдан танбеҳ ёки маслаҳат беришга шошилманг. Аксинча, «Азизим, сизнинг ҳар бир сўзингизни жону дилим билан тинглайман», дейишга одатланинг.

2. Самимий бўлинг.

Турмуш ўртоғингизни доимо бахтли кўришни истасангиз, у билан беғубор ва самимий муносабатда бўлишга ҳаракат қилинг. Мисол учун, баъзан у билан ёлғиз қолганингизда бирорта ёқимли қўшиқни хиргойи қилиб, енгил ҳаракатлар билан рақсга тушиб беринг. Ишонинг, сиз учун бир оз ғалатидек туйилган бу каби нарсалар унга мойдек ёқади. Шуни билингки, аксарият эркаклар сохта муомала ва расмиятчиликни хушламайдилар.

3. Қилаётган ишингиздан завқланинг.

Хоҳ уйда бўлсин, хоҳ иш жойида бўлсин, ўзи бажараётган ишидан аввало ўзи қониқиш ҳосил қилган, ўз меҳнатидан завқланишни билган ва энг асосийси, завқ-шавқини яширмасдан, турмуш ўртоғини ҳам хурсандчилигига шерик қила олган аёл энг жозибали аёл ҳисобланади. Турли вазифа ва ишлардан нолишни бас қилинг. Балки, сиз ҳаётингиз давомида юксак илмий даражаларни қўлга киритмагандирсиз ёки бирор бир маҳорат соҳибаси эмасдирсиз. Лекин Аллоҳ сизга инъом қилган неъматларга шукр қилиб, ўзингизга ва атрофингиздаги кишиларга нисбатан ижобий фикрда, ҳаётдан завқланиб яшасангиз, шунинг ўзи ҳам сизни чинакам бахт-саодатга муваффақ қилади, иншааллоҳ.

4. Бирга овқатланинг.

Ҳар бир аёл доимо гўзал ва сарвқомат бўлишни истайди. Бунинг учун тўғри овқатланишга, ортиқча вазндан сақланишга ҳаракат қилади. Албатта, бу жуда яхши нарса, лекин шу сабабли ортиқча ташвишланиш, ушбу мавзуда тинимсиз сўз очавериш ҳеч бир эркакка ёқмайди. Шунинг учун турмуш ўртоғингиз ёнингизда эканида парҳезга оид барча «муаммо»ларингизни четга суриб қўйинг-да, севимли таомларингизни у билан биргаликда тановул қилинг.

5. Пазанда бека бўлинг.

Халқ орасида бир ибора бор: «Эркак кишининг қалбига етакловчи энг қисқа йўл унинг ошқозонидир». Замонлар ўтиши билан эркакнинг қалбига олиб борувчи бошқа сон-саноқсиз йўллар ҳам кашф этилди. Лекин юқоридаги ибора ҳамон тиллардан тушгани йўқ.

Тадқиқотларга қараганда, аёлининг моҳир пазанда эканини кўрганида, эркак киши миясининг бир қисми унинг ажойиб бека эканлиги ҳақида хабар берар экан. Шундай экан, азиз опа-сингиллар, яна такрор айтамизки, сиз қайсидир соҳада бирор унвонга сазовор бўлмагандирсиз, алоҳида бир маҳорат касб этмагандирсиз. Лекин ишонинг, агар Аллоҳ таоло сизга инъом этган пазандалик маҳоратингизни ишга солиб, ихлос билан уринсангиз, ширин, мазали таомларингиз билан турмуш ўртоғингизнинг меҳрини қозонишингиз аниқ. 6. Реалликка, табиийликка нима етсин?!

Эркаклар кийиниши, ташқи кўринишига ҳаддан зиёд эътибор берадиган ва актрисалардек сўзлаб, улар каби еб-ичадиган латофатли аёлларни ёқтиришлари мумкин. Лекин аслида улар ҳақиқий муҳаббат ришталарини фақат қалби гўзал аёллар билан боғлаш мумкинлигини ҳис қилиб турадилар. Чунки пардози бузилиб қолганида ёки юзига хуснбузар тошганида асаби таранг бўладиган аёллар реал ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмасликлари аниқ.

7. Муросали бўлинг.

Ҳаётда турли муаммолар, келишмовчиликлар юзага чиқиб туриши ҳеч кимга сир эмас. Бу каби вазиятларда аёлнинг муросали, сабрли бўлиши, эрига ён босиб туриши, унинг чиройи ва майин сочларидан кўра турмуш ўртоғини ўзига кўпроқ жалб этади, муҳаббатини янада зиёда қилади.

8. Ғамхўр бўлинг.

Ҳар қандай эркак киши аёли тарафидан ўзига нисбатан эътибор кўрсатилишини ёқтиради ва бу билан ўзини бахтиёр ҳис этади. Лекин унга қалбингиздаги нозик туйғуларингизни ҳадеб изҳор қилаверманг, чунки такрор-такрор тилга олинаверган ҳар қандай сўз бир кун келиб ўз кучини йўқотиши аниқ. Яна бир гап: жавоннинг энг юқори қаватида эъзозлаб сақланаётган қимматбаҳо биллур идишни одамларга кўрсатиш учун дам-бадам қўлингизга олаверсангиз, бир кунмас-бир кун уни синдириб қўйишингиз мумкин.

Ҳар замон-ҳар замонда авайлаб олиб, ғуборлардан тозалаб, энг яқин кишингизга кўрсатиб, унинг чиройидан биргаликда завқланиб, яна авайлабгина жойига қўйсангиз, не-не инсонлар оламни тарк этиб кетиши мумкиндир, лекин у идиш дунё тургунича сақланиб қолиши шубҳасиз. Эркаклар қалбларидаги муҳаббатларини «севаман» деган сўз орқали бир марта изҳор қилсалар, уни амалиётда беш карра исбот қиладилар. Сиз ҳам худди шундай қилинг. Муҳаббатни такрор-такрор изҳор этавериш шарт эмас, кўпроқ исбот этишга урининг. Мисол учун, бетоб бўлиб қолса, унга ёш боладек ғамхўрлик кўрсатинг. Вақти-вақти билан кутилмаган совғалар тайёрлаб қўйинг… Муаммоларига қулоқ тутинг… 9. Қувноқ бўлинг.

Аёлининг қувноқлиги, хушчақчақлиги ҳеч бир эркакни бефарқ қолдирмайди. Бир умр бирга ҳаёт кечирадиган умр йўлдоши шундай сифатларга эга бўлса, қандай яхши! Аёлдаги чиройли табассум, гўзал муомала эрнинг кайфиятини кўтаради, у жуфти ҳалолининг ёнида ғам-ташвишларини эсидан чиқаради, қалби таскин топади. Аёлидаги қувноқлик ҳар қандай эрни ўзига ром этувчи омиллардан биридир.

10. Ўзингизга беэътибор бўлманг.

Нима деб ўйлайсиз, эркаклар аёлларининг уйда турли хил гўзаллик воситаларидан фойдаланиб, ўзларига қараб юришларини хоҳлайдиларми? Албатта, хоҳлайдилар. Чунки ўз соғлиги ва кўринишига эътиборли аёл ўз навбатида турмуш ўртоғига ҳам эътиборли бўлади.

11. Иродали бўлинг.

Аёллардаги куч ва ирода эркакларнинг уларга нисбатан ҳурмат-эътиборини оширувчи омиллардан яна биридир. Албатта, бу, аёл киши эркакка муҳтож эмас, дегани эмас. Балки турли вазиятларда сабр-бардошли бўлиш деганидир. Аёллар ўз турмуш ўртоқларининг кучли ва иродали бўлишларини хоҳлаганларидек, эркаклар ҳам аёлларида шундай сифатлар мужассам бўлишини исташлари шубҳасиз. Аёлини ҳимоя қилиш улар учун шараф бўлса, умр йўлдошининг кучли ва иродали бўлиши улар учун фахрдир.

Араб тилидан Умму Билол таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Ривоятларда айтиладики, ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом бир куни ўғиллари ҳазрати Исмоил алайҳиссаломни давоми...

16:00 / 24.12.2019 3574
Канаданинг Эдмон шаҳри Ички Ишлар Бошқармаси АҚШлик  мусулмон аёлга полиция офицери лавозимини  таклиф давоми...

08:16 / 06.02.2017 4769
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳар бир диннинг хулқи давоми...

01:30 / 29.12.2016 3366
БИЗ УНУТГАН СУННАТ  Биз Ислом уммати динимиз мукаммаллигини, Ислом дини ҳаётимизнинг ҳар бир босқичини давоми...

15:06 / 20.03.2017 3726