«Муфассал тажвид» ва «Исломга бағишланган умр» китобларининг тақдимоти

0 710

Бисмиллаҳир‑Роҳманир‑Роҳим

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулимиз Муҳаммад Мустафога салоту саломлар бўлсин!

Минг шукрки, Муфассал тажвид асарининг иккинчи нашри ҳам муяссар бўлиб турибди. Каминанинг Қуръони Карим хизматига оз бўлса-да ҳисса қўшиш бахтига эришишимда Падари Бузрукворим Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг хизматлари асос бўлган. 

Шайх ҳазратларининг Қуръони Каримга ва Қуръон аҳлига муҳаббатлари беқиёс эди. Доим Қуръони Карим тиловатини эшитиб юришлари, қорию ҳофизларга бўлган эҳтиромлари ҳам шундан эди. Бу буюк муҳаббатнинг натижаларидан бири менинг Қуръон ҳофизаси бўлишимдир.

У киши аввало ўзларининг соф ниятлари, ихлослари, Аллоҳнинг каломига бўлган муҳаббатлари ва дуолари ила Қуръони Каримни ёд олишимизга туртки бўлганлар.

Илк саводим Ҳазратимнинг ўз қўлларида чиқди. Кейинчалик Саудия Арабистонида, Либияда истиқомат қилган кезларимиз у киши бизни  «Таҳфизул-Қуръонга» бердилар.

Қиблагоҳим қанча ўқиганимни ва қаерга келганимни тез-тез сўраб турардилар. У кишининг хурсандчиликларини кўриб ёдлаш учун ўзимда куч, ғайрат ва шижоат топардим.

Миср арабистонида Қуръони карим тиловатидан ижоза олишим, аввало Аллоҳ таолонинг фазл карами ила, қолаверса ҳазратимнинг тавсиялари, тарғиблари ва дуолари билан бўлди. Ватанга қайтганимдан бир муддат ўтиб у кишига  тажвид илмига оид бир китоб таълиф қилиш нияти борлигини айтганимда у  хурсанд бўлдилар ва маъқулладилар. У кишининг таважжуҳлари, маслаҳатлари билан ишга киришдим.

 Аллоҳ ирода қилган пайтда «Муфассал тажвид» китоби дунёга келди. Бу китоб Ҳазратимнинг назарлари тушган илк асарим эди.

Не ажабки, иккаламизнинг сўнгги суҳбатимиз ҳам айнан мана шу китоб ҳақида бўлди. Ўша куни одатдагидек зиёратларига кирганимда у киши:

«Муфассал тажвид» нима бўлди?» деб қолдидлар.

«Яхши. Одамлардан ташаккурлар келяпти. Аммо нашрда хатолар кетиб қолибди», дедим.

«Қанақа хатолар? Маълумотлардами?» дедилар.

«Йўқ, алҳамдулиллаҳ. Маълумотлар тўғри, имловий хатолар», дедим.

«Унда қайта таҳрир қилиб, зудлик билан хатоларни тўғрилаш керак. Тақдимотини катта қилиб ўтказамиз», дедилар.

«Ким тақдим қилади?» дедим.

«Ҳусайнхон қори‑да», дедилар.

«У кишининг узри борку?»  (оёқлари гипсда эди) дедим.

«Кўтариб бўлса ҳам олиб келамиз, ўзи ўтказиб беради», дедилар.

Кейин акам Исмоил Муҳаммад Юсуфга қўнғироқ қилиб, китобни қайта таҳрир қилишни, тақдимотни яхшилаб ўтказиш кераклигини қаттиқ тайинладилар. Котиблари Фозилжонни чақириб, у кишига ҳам айни гапларни айтдилар. Сўнгра бу иш хайрли бўлишини сўраб ҳақимга дуо қилдилар. Бу илтижо ҳазратимнинг мен учун қилган охирги дуолари бўлди.

Булар ўша мусибат куни – 2015 йил 10 март куни бўлган гаплар эди.

Ҳазратим умрларининг охирги кунида ҳам дин, илм қайғусида бўлдилар. Юқоридаги суҳбат ана шундай ҳусни хотимага ёрқин далилдир.

Шундан кейин биз бу ишни Ҳазратимиздан васият бўлиб қолди, деб билдик. Ҳали фироқ аламлари аримай туриб, китобни қайта таҳрир қилишга киришдик. Бу ишни Ҳусайнхон қори ва Барнохон Саидраҳмон билан бирга тезда амалга ошириб, керакли жойга топширдик. Олдинги нашрда ўтиб кетган айрим хатолар тузатилди.

«Муфассал тажвид» кичик бир меҳнатдир. У илк илмий асар, бундай асарлар одатда содда ва оддий, ёзувчиси кўп ҳам тажрибага эга бўлмагани учун камчиликли бўлиши табиий. Аллоҳ таоло тавфиқ бериб қиблагоҳим йўлларидан бориш насиб қилса, ҳали кўп таълифлар қилишга ва янада муҳим мавзуларни ёритишга, катта‑катта китоблар соҳибаси бўлишга умидим бор. Аммо мен учун барибир энг қимматли ва қадрли асар «Муфассал тажвид» бўлиб қолаверади. Чунки унга ҳазратимнинг муборак назарлари тушган ва унда ҳазратимнинг бебаҳо тақдимлари бор.

Мана, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бугун китобнинг иккинчи нашрини тақдим қилмоқдамиз. Ҳазратимнинг васиятлари рўёбини кўрар эканман, аввало бу буюк олимнинг ҳақларига дуои илтижолар қиламан. Ушбу кичик меҳнатни у киши номларидан садақаи жория деб ният қилдим. Мазкур асарнинг ҳар бир ўқувчисидан ҳазратимиз учун дуо қилишларини сўраб қоламан.

Фурсатдан фойдаланиб «Муфассал тажвид» нинг мукаммал кўринишга келгунига қадар хизматдан ўз ҳиссаларини қўшган барча азизларимизга, ношир, муҳаррирлар, техник ходимлар, босмахона ходимлар (яна кимлар бўлса) ҳамма ҳаммаларига ташаккурлар изҳор қиламан. Ҳақларига дуоу хайрдаман.

Шунингдек, бугунги тақдимотимизда иштирок этганларга ҳам ташаккур, Аллоҳ таоло барчаларингизга икки дунё саодатини берсин. Омин!

muslimaat.uz

Баҳам кўринг

Leave A Reply