Муборак Рамазон ойи олдида

0 2 280

  Муборак Рамазон ойи кириб келишидан бир неча кун олдин мана шу кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба ўқидилар.  Ибн Ҳузайма ўзининг саҳиҳида Салмон Форсийдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ хитобининг муқаддимасида келтирилган умумий хутбада шундай дедилар:

«Эй инсонлар сизларга муборак улуғ ой соя солиб келмоқда. Бу ой шундайки, унда минг ойдан яхши кеча бор. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечасини қоим қилишни эса нафл ибодат қилди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу ойда банданинг яхши хислатли ишга юзланишини бошқа ойларда бажариладиган фарзнинг савобига тенг қилди. Бу ойда Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштирадиган бир фарзни, бошқа ойлардаги Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога яқинлаштирадиган етмишта фарзнинг савобига тенг қилди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган бу сўз, у кишининг ҳадисига қулоқ солган итоаткор саҳобалари орасида туриб бутун авлодга хитоб қилингандир. Расулуллоҳнинг Рамазон олдидан қилган бу хутбаси Аллоҳга иймон келтирган ҳар бир киши зиммасида собит бўлган икки ҳақни ўзида яширган ушбу муборак ойнинг баёнини ўзида сақлагандир.
Икки ҳақнинг бири, бу муборак ойда бошқа ойлардаги ибодатлардан ажралиб турувчи тоатларни қоим қилиш бўлиб, биринчи навбатда кундузларини рўза тутиб, кечаларини бедор ўтказишдир. Аллоҳнинг китобидаги илоҳий баёнот мана шу ҳақга эътиборимизни қаратади. 

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз». (Бақара сураси 183-оят)

Аммо иккинчи ҳақ, бу ойнинг ҳурматини ва маросимларининг риоясини қилиш ҳамда ёмонлик, жиноят ва гуноҳ билан бу ойнинг ҳурмати, муқаддас маросимларига қарши чиқмасликдир. 
Мана шу иккинчи ҳақга ҳам илоҳий баёнот эътиборимизни қаратади. Билингки, бу шу ойнинг маросимларидир. 

«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир». (Бақара сураси 185-оят)

Аввалги оятда, Аллоҳ таоло бу ойда инсонлар зиммасидаги бандалар ҳаққига эътиборимизни қаратади. Иккинчи оятда эса, бу ойнинг маросимлари, уларни бажариш муҳимлиги ҳамда бу ойнинг ҳурмати ва ибодатларидан юз бурмасликни огоҳлантиради.

«Иш бундоқ. Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир». (Хаж сураси 32-оят)

Келинглар бу ой ўз ичига олган ана шу икки ҳақни ўрганиш учун ҳар бири олдида қисқача тўхталиб ўтайлик. 
Бошқа ибодатлардан ажралиб турувчи имтиёзли ибодат қайси? У биринчи навбатда рўзадир. Рўза ибодатининг бошқа ибодатлардан ажралиб турадиган қандай имтиёзлари бор, ҳаттоки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадиси Қудсийда келган қуйидаги сўзни айтганлар:
«Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, аммо рўза Мен учун. Унинг мукофотини Ўзим бераман». 
Рўза ибодати билан бошқа ибодатлар ўртасидаги бундай катта фарқ қаердан келиб чиқди? Ҳамма ибодатлар аъзоларнинг бориш-келиш, туриш ва ўтириш каби ҳаракатлар билан одамлар кўз ўнгида жилваланиб турадиган зохирий амаллардир.
Шу жиҳатдан қараганда, ушбу тоат ва ибодатларни бошқариш, ибодат соҳибининг қўлида бўлиб, камчиликлардан тозалаб бир нишонга, у ҳам бўлса Аллоҳнинг розилигига етишиш учун амалларни одамлар кўз ўнгида бажариш имконини беради. Аммо рўза яширин ибодат бўлиб, унда ҳеч бир нарса одамлар кўз олдида муайян кўринишга эга эмас. Шунинг сабабидан тонг саҳардан кечгача рўза тутган инсонни ҳақиқий рўзасига риёни сизиб киришининг имкони бўлмайди. Одамлар рўзадор деб ўйлаётган иккиюзламачи эса, уйига тез кирадида эшикни устидан беркитиб, хоҳлаганича еб ичади. Шу жиҳатдан у рўзадор ҳисобланмайди. Аммо тонг саҳардан кечгача емак-ичмакдан ўзини тийиб, ҳақиқий рўза тутган кишининг амали фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун бўлиш имконига эгадир. 
Бу ҳабибимиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси Қудсийда айтган маънодир: 
«Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун», яъни уни ўзи бошқариб камчиликлардан тозалаш имконига эгадир. 
«Аммо рўза Мен учун. Унинг мукофотини Ўзим бераман».

Мен ўзимни ҳам, сизларни ҳам бошқа ибодатлардан ажралиб турувчи имтиёзга эга бўлган бу ибодатни Аллоҳ айтганидек бажаришга муваффақ қилишини Аллоҳдан сўрайман. Ва яна олий даргоҳида қабул қилишини тилайман.

Келинглар иккинчи ҳақга тўхталамиз. Бу ой маросимлари ҳимоясида кўзга ташланувчи ҳақ тўғрисида гаплашамиз. 
Аллоҳ таоло зиммамизга вазифа қилиб қўйган бу ҳимоянинг зарурати, ўзимиз ва бошқаларни бозорлар ва турли жамоат жойларида очиқдан- очиқ рўза тутмай юрган кишиларга эътибор қаратишимизда намоён бўлади. 
Инсон ўзи билан Роббиси ўртасида содир этган гуноҳидан тавба қилса, Аллоҳ таоло кечириб юборади. Аммо, инсон одамлар кўз ўнгида қилган, балки Роббисига ошкора билдириб қилган гуноҳ, Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабини келтирадиган ўта хатарли гуноҳдир. 
Бу ҳолатда Аллоҳнинг ғазаби фақатгина билдираётганларнинг ўзига эмас, балки ораларида ошкора гуноҳ қилувчилар топиладиган барча уммат устига тушиши мумкин. 
Ана шу ошкора гуноҳ қилаётганларга ва уларнинг ҳар-бирига: «Ҳой сен! Уйингга киришга имкониятинг бўлиб, ўзинг билан Роббинг ўртасида хоҳлаган гуноҳингни амалга оширишга кучи етган киши! Эҳтимол Аллоҳ сени бу қилмишингни кечирар. Аммо бу гуноҳни одамлар орасида ошкора қилишда сени қатъий туришинг, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган такаббурлик турларининг шармандали кўринишидир»,-деб англатишимиз лозим.

Биз бозорларимиз, майдонлар ва жамоат жойларимизни Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган мана шу ошкораликдан тозалашда ҳамкорлик қилиб ишлашимиз лозим. 
Бу ойни муқаддаслиги ва унинг нишонларини ҳимоя қилишни ўзида намоён этадиган иккинчи кўриниш бу, ошхона ва кафе эгаларининг бу ойга ва бу ойдаги имтиёзга эга бўлган биринчи ибодатга мухолиф бўлган фаолиятларини ошкор қилмаслик заруратидир. 
Одамлар ва эрталаб бораётган кишилар ва дам олувчилар олдига стол стулларини ёядиган ошхоналар бор. Ваҳолангки, бу муборак ойда инсонлар ўзидан ўтказаётган кўринишга ҳамма назар солади. Ана шу инсонлар бу ойда бундай фаолиятларини одамлар кўз ўнгида ошкора қилмаслиги лозимдир. Мен ошхоналарни ёпиб қўйишни айтаётганим йўқ, бу ерда касаллар ва мусофирлар бўлиши мумкин. Лекин эшик ва деразаларни одамлар кўзидан тўсиб, ихота қилиш лозимдир. Мана шу Аллоҳ нишонларини ҳурмат қилиш кўринишларининг бир мисолидир.

«Иш бундоқ. Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир». (Хаж сураси 32 оят)  

 (Ушбу оят маъносида «нишонлар» деб таржима қилган ибора Қуръони Каримда «шаоир» деб айтилган. Бу «шаъийра» сўзининг жами–кўплиги, нишон, белги, аломат маъноларини билдиради. Бу сўз Аллоҳ таолога нисбат берилиб, «шаоируллоҳ–Аллоҳнинг нишонлари», дейилганда эса, Аллоҳнинг дини, Исломнинг кўзга кўринган, шон-шавкати аломати бўлган ибодатлар кўзда тутилади. Ушбу ояти каримада эса, қурбонликка сўйиладиган катта ҳайвонлар кўзда тутилмоқда. Тафсир ҳилол).

Учинчи нарса, фақат мана шу нарса билан бу ой нишонларининг риояси ҳамда муқаддаслигининг ҳимояси камолига етади. Бу тунги клуб эгаларини муборак ушбу ойда Аллоҳ азза ва жалланинг ғазаби билан ўзлари ўртасига тўсиқлардан иборат бирор нарса қўйишларига ишора қилиш заруратидир. Тунги клублар ҳақида ҳамма вақт ҳам гапирмаймиз, лекин ўзимиз ва барча дўстларимизга эслатиб айтамизки: Ҳой дўстлар! Бу муборак ой, клубларингиздан қайтиб Аллоҳга таважжуҳ қилинг ва Унга юзланинглар. Ўзингиз билан Аллоҳ ўртасидаги нарсани тузатинглар. Ўзингиз билан Аллоҳ ўртасида кўприк бўлмаса ҳам арқонни пайдо қилинглар. Эҳтимол мана шу арқон ўлим вақтида фойда берар. Эҳтимол мана шу арқон ўтиш ва бу дунёдан жўнаб кетиш вақтида Аллоҳнинг раҳматига сизларни боғлар. 
Ҳой биродарлар! Ўз масъулиятимизни бошқамизнинг илгагига осмаслигимиз лозим. 

«Ҳеч бир жон бошқанинг оғирлигини кўтармас». (Анъом сураси 164- оят) 


Бу ҳар кимнинг алоҳида ўз масъулиятли бурчидир. 

Ўзимга ҳам, сиз ва барча биродарларга ҳам Аллоҳнинг ғазабидан эҳтиёт бўлишни айтаман. 
Агар мен айтаётган бу нарсага эътибор бермасак ҳамда бу ойнинг нур сочувчи муқаддас шиорларига риоя қилмасак, бу билан биз Аллоҳнинг ғазабини келтирамиз. Агарда уммат Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлса ва бунинг натижасида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло гоҳида синовдан ўтказадиган мусийбатлар пайдо бўлса ундан қутилиш чораси йўқ.
Биз муаммолардан азоб чекаётган умматмиз. 
Биз ўзгармас аҳволимиз сабабидан ва Аллоҳ азза ва жалла буюрган муқаддас вазифани айтилганидек бажармаётганимиз сабабидан турли балоларга дучор бўлаябмиз. Ундан қутилиш чораси нима? Бунинг чораси, асосий вазифаларни бажариш ва Унинг буйруқларига Аллоҳ айтганидек тайёргарлик кўришдир. 

«Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз». (Анфол сураси 60-оят)

 
Келинг эй азиз биродорлар! Бу муборак ойни фурсатини ғанимат билиб, ожиз бандалигимиз билан Аллоҳ таолонинг эшигини тақиллатайлик. Ҳаммамиз ўзимизни тузатиб Аллоҳнинг розилиги ва эҳтиромига эришайлик.

Рамазон дуолар ижобат бўладиган ойдир. 
Бу ҳақида уч оят бўлиб, биринчисида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу ойдаги ибодатни бажаришни бандаларига буюрган. Иккинчи оят, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига бу муқаддас ойни ҳамда бу ойнинг шиорларини ҳимоя қилишни буюрган. 
Аммо учинчи оят эса, Аллоҳ томонидан бандаларига берилган башорат бўлиб, бу ойни ҳаққига риоя қилган ва рўза тутган бандаларига Аллоҳ томонидан берилган совғадир. 

«Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар». (Бақара сураси 186-оят)

Мана шу икки буйрувчи оятнинг бир-бирига мувофиқлигини кўринглар. Ундан кейин Аллоҳ таоло биринчи ва иккинчи вазифани бажарган вақтимизда бизни эҳтиром қилиб берган совғага эътибор беринглар.
Дуолар эшитилгандир. Аллоҳга қилинган илтижолар эса қабулдир. Аллоҳга астойдил илтижо қилинглар. Ўзимга ва сизларга ҳамда барча умматга Аллоҳнинг эшигига келинглар деб айтаман. 
«Бас, фақат Аллоҳгагина қочинг. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман». Зарийат, 50. 
Ана шунда ҳимоя, тавфиқ ва ёрдам кўринишларига эришасизлар. 
Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий хутбаси.
29- август 2008-йил.

Эшонгузар жомеъ масжид имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси.
09-июнь 2015-йил.

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply