«Мўминнинг нажоти» ва «Открытое послание» китобларининг тақдимоти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

[gallery link="file" ids="8868,8869,8870,8871,8872,8873,8874,8875,8876,8877,8878,8879,8880,8881,8882"]

Алҳамдулиллаҳ, раҳмат, мағфират ва дўзахдан нажот ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон Ислом оламига ўзининг файзу баракотини сочмоқда, қалбларимиз иймон, ихлос, тақво ва ибодат суруридан ҳаловат топмоқда. Ана шундай шукуҳли кунларда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг илмий меросини ўрганиш ва халқимизга, мусулмонларга етказиш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар давом этмоқда. Бугун «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётида шайх Ҳазратларининг қаламига мансуб навбатдаги икки китоб – «Мўминнинг нажоти» деб номланган муфассал закот китоби, ҳамда «Очиқ хат» китобининг русча таржимаси – «Открытое послание» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот маросимига Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво бўлими мудири Абдулҳамид ҳожи Турсунов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар ҳожи Турсунов, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг фахрийси Абдуллоҳ ҳожи Исмоилов, Абдулҳаким қори Матқулов, пойтахтимиз жомеъ масжидларининг имом-хатиблари, ноиблари ва бошқа кўпгина азиз меҳмонлар ташриф буюрдилар. Тақдимот маросими Қуръони Карим тиловати ва дуо билан бошланди. Бошловчи Нодирбек Хидиров маросимни очиқ деб эълон қилиб, тақдим этилаётган биринчи китоб ҳақида тўхталиб ўтди. «Мўминнинг нажоти» китоби Ислом арконларига бағишланган туркум оид навбатдаги китобдир. Бу туркумнинг дастлабки «Мўминнинг меърожи» деб номланган китобини муаллифнинг ўзлари халқимизга тақдим этган эдилар. У зотдан кейин чоп этилган «Мўминнинг қалқони» китоби каби, бугун тақдим қилинаётган «Мўминнинг нажоти» китоби ҳам шайх Ҳазратларининг сиз азизларга қилинаётган навбатдаги Рамазон туҳфалари сифатида қабул этиб, хайрли дуолар қилишингизни сўраймиз. «Мўминнинг нажоти» китоби ҳақида «Хожа Аламбардор» жомеъ масжиди имом ноиби Ҳусайнхон Яҳё сўзлаб, устозимизнинг янги асарларини китобхонларимизга тақдим қилди. Шундан сўнг навбатдаги китоб тақдимоти бошланди. Маълумки, «Очиқ хат» китоби бугунги кунда нафақат Ислом олами, балки бутун дунёнинг энг оғир муаммосига айланган ҳодисага бағишланган эди. Шайх ҳазратлари ҳаётларининг сўнгидаги охирги тақдимотлардан бирида бу китобнинг илк нусхасини тақдим қилган эдилар. Афсуски, бу китобнинг иккинчи нашрини ва унинг русча таржимасининг чоп этилганини кўриш устозимизга насиб қилмади. Аммо бугунги каби янги китобларнинг чоп этилиши, уларнинг кенг мусулмонлар оммаси томонидан қизғин кутиб олиниши, бу китобларнинг халқимиз томонидан севиб ўқиб-ўрганилиши, миннатдор ўқувчиларнинг ихлос билан қилган дуолари шайх ҳазратларининг руҳларини шод  этишига ишончимиз комил. Барчамизга маълумки, шайх ҳазратлари Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш; Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш; исломий маърифат таратиш; салафи солиҳ — улуғ мужтаҳидларга эргашиш; кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш; диний саводсизликни тугатиш; ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш; мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш шиори остида фидокорона меҳнат қилдилар, баракали илмий-маърифий фаолият олиб бордилар. Устозимиз чинакам олим, ҳақиқий ватанпарвар инсон сифатида жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни диққат билан кузатиб борар, ундаги баъзи бир иллатларга ҳозиржавоблик билан раддиялар ёзиб, ҳақ йўлни, тўғри ечимни кўрсатиб берар эдилар. Бу улкан хизматнинг самараси ўлароқ, юртимизда ихтилофларга барҳам берилди, исломий маърифат юксалди, халқимизда Исломга, Қуръонга, илму ирфонга қизиқиш уйғонди, ёшларда бағрикенглик, ватанпарварлик, уламоларга ҳурмат туйғулари кучайди. Бу борада эришилган ютуқларга қўшни давлатларда, хусусан, МДҲ давлатларида ҳам қизиқиш кучайди. Шайх ҳазратларининг китобларига бўлган юксак эҳтиёж, талаб туфайли уларни рус, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларга таржима қилиш ишлари кенг авж олди. Бугун тақдим қилинаётган «Открытое послание» китоби фикримизнинг далилидир. «Открытое послание» китобини масъул муҳаррир Алишер Алиев тақдим қилди, китобнинг ёзилиш тарихи, мазмуни, таркиби ва энг муҳими унинг долзарблиги ва юксак аҳамияти ҳақида сўзлади. Шундан сўнг Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар ҳожи Турсунов сўз олиб, шайх ҳазратларининг динимизга қилган улкан хизматлари, бу хизматларнинг самараси ҳақида батафсил тўхталиб ўтдилар, тақдим қилинаётган китобларнинг нақадар юксак аҳамиятга моликлигини таъкидладилар. Жумладан, юртимизда юздан ортиқ миллат вакиллари яшашини, уларнинг аксарияти учун асосий мулоқаот тили рус тили эканини ҳисобга олсак, бу китобнинг юртимиздаги ва қўшни давлатлардаги мусулмонлар учун ҳам қанчалар манфаатли бўлишини айтдилар. Шунингдек, бош имом-хатиб жаноблари шайх ҳазратларининг бошқа китоблари ҳақида, бу китобларга талаб ва эҳтиёжнинг катталиги, шунинг учун уларнинг ададини (тиражини) янада ошириш лозимлиги ҳақида куюниб сўзладилар. Абдуллоҳ ҳожи Саттиев «Мўминнинг нажоти», ҳамда «Открытое послание» китобларининг долзарблиги, ўқувчилар бу каби китобларга муштоқлиги ҳақида сўзладилар. Диний адабиётларимизнинг чет тилларга, хусусан, рус тилига таржима қилиш ишининг тарихидан бир лавҳани эсга олиб, бугунги кунда бу кенг кўламда амалга оширилаётганини мамнуният билан таъкидлаб, муаллифнинг, нашриёт, ҳамда босмахона ходимларининг ҳақларига хайрли дуолар қилдилар. Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво бўлими мудири Абдулҳамид ҳожи Турсунов нашриёт ва матбаа ходимларини, барча мусулмонларни ушбу икки китобнинг чоп этилиши билан муборакбод қилиб, «Мўминнинг нажоти» китоби халқимиз учун закот масаласида дастуриламал бўлишини эътироф этдилар. «Очиқ хат» китобининг китобхонлар томонидан нақадар  яхши кутиб олингани, эндиликда ушбу китобнинг русча таржимаси бўлмиш «Открытое послание» китоби янада кенгроқ мусулмонлар оммасига етиб бориши, барчага фойдали бўлиши ҳақида сўзладилар. Тақдимот маросими ниҳоясида Абдулҳаким қори Матқулов ушбу тадбир муносабати билан шайх ҳазратларининг руҳларига бағишлаб ўқилган Қуръони Карим хатмини якунлаб бердилар ва устозимизнинг ҳақларига, у зотнинг ота-оналари ва устозларининг ҳақларига, шунингдек, шайх ҳазратларининг илмий меросларини халққа етказишда хизмат қилаётган барча мухлисларнинг ҳаққига дуолар қилдилар. «Мўминнинг нажоти», ҳамда «Открытое послание» китобларининг тақдимотига бағишланган тадбир шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг сўнгги йиллардаги Ийдул фитр табрикларининг намойиши билан якунланди. Аллоҳ таоло улуғ устозимизни ушбу жорий садақалардан ҳосил бўлаётган савоблардан баҳраманд қилсин, Ўзи рози бўлган бандаларидан айласин.

Мавзуга оид мақолалар
Уч амал борки, уларнинг ажру савоби улканлигидан Қиёмат куни ҳатто тарозуга ҳам сиғмайди. 1. Одамларнинг хатоларини кечириб, афв этиш. Аллоҳ таоло Шўро сурасининг давоми...

10:57 / 08.02.2017 5256
 Кимки Ҳажни ирода этса, тавба билан бошлаши лозим бўлади. Қилган зулмларини қайтариши, қарзларини узиши, қайтиб келгунига қадар нафақаси лозим бўлган ҳар бир давоми...

04:18 / 10.11.2016 3246
embedhttpswww.youtube.comwatchvDJ7SzPwXZoembed

23:06 / 08.03.2018 4801
Аллоҳ таоло айтади «Олтин ва кумушни тўплайдиган ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилмайдиганларга аламли азоб «башоратини» бергин. Улар жаҳаннам оташи ила давоми...

10:58 / 09.03.2017 4141