Мўмин мўминни куфрда айбламас
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўмин мўминни куфрда айбламас

         Ислом тарихида «такфир» тушунчаси ҳалифа Али розияллоҳу анҳу даврида пайдо бўлган. Бундан олдин саҳобалар орасида ва бошқа Ислом динига янги кирган кишилар ўртасида «такфир» тушунчаси бўлмаган. Ушбу тушунча биринчи бўлиб хорижийлар фирқаси томонидан ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўлланилган. Улар дастлаб ҳалифа Алининг ашаддий тарафдорлари бўлиб, «Сиффийн» жангидан сўнг ҳазрати Алидан ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, унга ва Муовияга қарши баробар кураш бошлаган. Аслида уларнинг бундай йўлни даъво билан чиқишларига сабаб, биринчи навбатда, шаръий ҳукмларни тушуниш борасида нотўғри йўлни тутганликлари бўлса, ундан кейинги навбатда ўз нафси ҳаволаридан келиб чиққан ҳолда иш олиб борганларидир. Шу сабабли Ислом уммати орасида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг қонлари тўкилди, молу мулклари талон-тарож қилинди.

    Хўш ушбу «такфир» тушунчасининг пайдо бўлиши ва бу истилоҳнинг ҳозирги кунда мусулмонлар орасида авж олишининг асосий сабаблари нимада? Нима учун ушбу «такфир» тушунчаси фақатгина мусулмонлар яшайдиган жойларда тарқалиб, бу ҳудудларда турли-туман ихтилофлар, урушлар, келишмовчиликлар ва бегуноҳ инсонларнинг қонлари тўкилишига олиб келмоқда? Бунинг асосий сабаби, ҳозирги кунда ҳам хорижийлар таълимотининг гуллаб-яшнашини истаётган кишилар кўплаб топилишидадир. Қуйида такфир тушунчасининг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳамда Қуръон, Суннат ва уламоларнинг китобларида келтирилган маълумотлар билан танишиб чиқамиз.

    «Такфир» сўзи «куфр» сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, луғатда «инкор қилиш, осий бўлиш, тан олмаслик» каби маъноларни англатади.

     Истилоҳда эса икки хил маънода келади. Бири – динда, яъни Аллоҳ ва унинг Расулига итоатсизлик, иккинчиси эса инъом этилган неъматни менсимай, инкор этишга нисбатан қўлланилган.

  «Такфир» сўзини янада кенгроқ таърифлаш учун унинг ўзаги «куфр»нинг луғавий ва истилоҳий маъносини тўғри тушуниш лозим.

   Имом Фароҳидий «Китобул айн» номли асарида айтади: «Куфр» сўзининг луғавий маъноси «ўраш» ва «тўсиш»дир. Совутини ўраб, кийимларини кийган одамга араблар: «Кафара дирҳъау би савбиҳи», яъни (совутини кийими билан тўсди) дейдилар. Араб тилидаги «мукаффар» сўзидан қуроллари билан тўсилган ( ҳимояланган) жангчи тушунилади.

     Ислом дини таълимотларида бирор-бир инсонни ҳақиқий ҳужжат қоим бўлмасидан туриб, уни «кофир» деб ҳукм қилиш мумкин эмаслиги ҳақида кўплаб далиллар келган. Қуйида ушбу далиллардан баъзиларни келтирамиз.

     Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар туфайли Қуръон ва суннатда бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилган. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини кўзлаб: «Мўмин эмассан», демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар бордир. Илгари сизлар ҳам шундай (иймонингизни сир тутар) эдингиз, сўнгра сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ барча ишларингиздан хабардордир» (Нисо 94).

    Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса иймоннинг аслидандир: «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деган кимсага тегмаймиз; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар.

    «Уч нарса иймоннинг аслидандир», дейишлари бу масалани баён қилишнинг энг кучли усулларидан биридир. Аввал баён этиладиган нарсаларнинг ададини, аҳамиятини айтиб, кейин бирин-кетин улар васф қилинади. Демак, биз ўрганадиган нарсаларнинг адади учта. Улар энг муҳим нарсалар, чунки иймоннинг аслидан ҳисобланадилар. Мусулмон киши учун дунёда  иймондан муҳимроқ нарса йўқ. Иймоннинг асли эса муҳимининг муҳимидир.

  1. «Лаа илаҳа иллаллоҳ», деган кимсага тегмаслик».

Яъни калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг ўзига ҳавола!

  1. «Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз».

Яъни калимаи шаҳодатни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади.

  1. «Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз».

Яъни калимаи тавҳидни айтиб, зоҳирида Исломни кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида – шу!

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Кимки бир инсонга «Эй кофир, эй Аллоҳнинг душмани» деб айтса, агар у инсон ундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтади», дедилар.

Ибн Ҳиббон ривоят қилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнини ширкда айблашдан ва унга қарши қилич кўтаришдан қаттиқ огоҳлантирганлар. У Зот: «Сизларга бўлишидан энг хавфсираган нарсам, бир киши Қуръонни ўқиб, сўнг ундан ажраб ва орқасига отиб юбориб, қўшнисига қилич кўтариши ва уни ширкда айблашидир», дедилар.

    Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деган бир одамни ўлдириб қўйганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деса ҳам ўлдирдингми?» деб қайта-қайта сўраганлар, шунда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! У буни қуролдан қўрққанидан, хавфсираб айтди», деганида, у Зот «Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?» деганлар.

     Ибн Умар ва Ойша онамиз розияллоҳу анҳума: «Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ», дейишган.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Ким менга яқин бўлган бир бандамга нисбатан душманлик қилса, унга қарши уруш эълон қилурман», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисни изоҳлаб, имом Абу Ҳанифа ва Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳлар: «Агар уламолар Аллоҳга яқин бўлишмаса, ким ҳам у Зотга яқин бўларди?» дейишган.

       Ал-Фоҳиқоний айтади: «Бу ҳадисда қаттиқ таҳдид бор. Чунки Аллоҳ кимга уруш эълон қилса, уни албатта ҳалок қилади. Зеро кимки Аллоҳ яхши кўрган одамни ёмон кўрса, Аллоҳга қарши чиқибди. Кимки Аллоҳга қарши чиққан бўлса, Ул Зотга қарши ҳаракат қилибди. Албатта, Аллоҳ уни ҳалок қилади…»

    «Такфир» тушунчаси орқасидан Аллоҳнинг валийлари бўлмиш қанча олимлар таҳқирланди, ҳаттоки, қатл қилинди. Бутун дунёга зиё, илм-маърифат ва маънавият тарқатиб турган олимлар бирин-кетин илмсиз, жоҳил, Ислом дини таълимотларидан бутунлай бехабар нодон кимсаларнинг қўлида кўплаб азиятлар кўрдилар.

    2005 йил Оммон (Иордания) шаҳрида Ислом олами етакчи уламолари қабул қилган фатвода: «Тўрт сунний мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни иймонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш жоиз эмас», деб эълон қилинган.

 Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти

3-курс талабаси Бадриддинова Рисолат

   

 
Мавзуга оид мақолалар
Аёлларга хос фиқҳий масалалар Соч бўяшда фойдаланиладиган воситалар турли рангларда бўлиб, аёллар уни давоми...

16:00 / 23.12.2019 2475
Оила илмий амалийтадқиқот маркази томонидан 2018 йил давомида кўплаб тадқиқотлар ўтказилди ва уларда давоми...

16:00 / 05.10.2019 1804
  Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу. Ҳазратимиз , устоз давоми...

15:55 / 28.02.2017 4936