Мисвок қилиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугун мусулмон бўлмаган кишилар ҳам дунё тарихида биринчи бўлиб кишиларни оғиз тозалаб юришга буюрган шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эканини эътироф этмоқдалар. Биз, умматлар учун бу эътироф улкан фахрдир, албатта. Шу билан бирга, у Зот алайҳиссаломнинг буйруқларига итоат қилмоғимиз лозимдир. Мисвок қилиш деганда тишни ишқалаб ювиш тушунилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида «арок» деб номланган бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган. Ҳозирги кунда олимлар арок дарахти шохларини кимёвий таҳлил қилиб кўриб, дарахтдаги мавжуд моддалар ҳозирги кунимиздаги тиш ювиш воситаларининг ҳаммасидан кўра тиш ва соғлиқ учун фойдали деган хулосага келдилар. Шу сабабдан бўлса керак, бугунги кунда ушбу дарахтдан фойдаланиб, тиш пасталари ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Аммо бу фақат арок дарахтидан тайёрланган тиш пастасида тишни тозалаш, мисвок қилиш, бошқаси ҳисобмас дегани эмас. Ҳозирги кундаги замонавий тиш ювиш воситаларидан фойдалансак ҳам, мисвок қилган бўламиз, албатта. Чунки мақсад оғизни тозалашдир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир», дедилар». Бухорий, Шофеъий ва Насаийлар ривоят қилишган. Ҳанафий мазҳабида оғизни тозалаш мумкин бўлган ҳамма нарса билан, жумладан, латта ёки бармоқ билан бўлса ҳам, оғизни тозалаш, мисвок қилиш ўрнига ўтади. Буни мисвок бўлмаганда қилиш дурустдир, дейдилар. Мисвок қилиш соф табиат талаб қиладиган амаллардан биридир. Биз тирноқ олиш, бурунга сув олиб тозалаш каби соф табиатимиздан бўлган амалларни қилишга қандай одатланган бўлсак, доим мисвок қилиб юришга ҳам шундай одатланмоғимиз лозим. Зеро, мисвок қилиш Роббни рози қилувчи амаллардан. Биз ҳам шу ниятда ушбу амалда бардавом бўлсак, иншааллоҳ, Аллоҳ таолонинг розилигига эришишимизга сабабчи бўлади. Шу ўринда маълумот сифатида айтиб ўтадиган бўлсак, мисвок қилиш ниҳоятда фойдали, тарғиб қилинган амал бўлганидан қуйидаги маънодаги ҳадисларга асосан баъзи уламолар «Ҳар намоздан олдин мисвок қилиш вожиб» деганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда, уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим», дедилар». Молик ва Бухорий ривоят қилганлар. Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда эса бу амал суннати муаккада амал ҳисобланади. Суннати муаккада амал ҳам вожибга яқин амалдир. Лекин ҳаммамиз ҳам бундай амалларни, хусусан, мисвок қилишни доимий қилиб юришни йўлга қўймаганмиз. Қуйидаги маълумотларни доимо ёдда тутсак, мисвок қилиш учун доимо кучли рағбатда бўламиз, деб ўйлайман. Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтганлар: «Уч нарса: мисвок ишлатиш, рўза тутиш ва Қуръон қироати хотирани кучайтириб, балғамни кетказади». Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мисвок билан ўқилган икки ракъат намоз мисвоксиз ўқилган етмиш ракъат намоздан афзалдир», дедилар». Аҳмад ва Дора Қутний ривоят қилганлар.
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф тайёрлади.
Мавзуга оид мақолалар
Масаллиқлар 500 гр балиқ 1 кг картошка 350 гр помидор 100 гр пишлоқ майонез туз давоми...

01:26 / 20.11.2016 3076
Ота уйга катта, гўзал халталарни кўтарган ҳолда келди ва«Ассаламу алайкум ва рfҳматуллоҳ», деди. Она «Ва давоми...

02:16 / 26.12.2016 3949
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фарзанди аржуманди давоми...

18:04 / 02.02.2017 8533
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мўминларнинг иймони давоми...

14:20 / 12.11.2016 5060