Мисрлик насроний ёд олган оятлари билан масжидларга безак бермоқда

0 951

Мисрлик насроний-қибтий Юсуф қўшни мусулмонлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун хаттотлик қобилиятини  ишга солмоқда. Хаттот, унинг ишларига қарши чиқаётган баъзи одамларнинг гапларига эътибор  бермай, масжидларга Аллоҳнинг исмлари ҳамда Қуръон оятлари билан оро бермоқда.

Юсуфнинг айтишича, мусулмон қўшни ва дўстларининг завқ билан қарашлари, таббассумлари уни бахтиёр қилар экан. У хаттотлик билан жиддий шуғулланишни Миср Қуролли Кучлари хизматига чақирилган йилларида бошлаган. Бу ерда Юсуф хат ва ҳужжатлар тузишга ихтисослашган қисмда хизмат қилган.

Шундай қилиб, Юсуф араб хаттотлик санъатининг  турларини ўрганди, китоблар мутолаа қилиб, малакасини янада оширди. Хизматдан сўнг бир қанча қийинчиликларга дуч келса-да,  орттирган кўникмаларини амалда қўллади. Бир куни дўсти янги масжидга Аллоҳнинг 99 та исмини ёзиб беришни сўради. Юсуф  баъзи мусулмонларнинг салбий муносабатидан хавотирда эди, аммо дўсти уни кўндирди.

«Саиф Наср масжидини безаш ишларига киришдим. Масжид одобларига риоя қилган ҳолда, киришда оёқ кийимимни ечардим, баланд овозда гаплашмас эдим ва ҳоказо. Масжидга нисбатан эҳтиромда бўлиш керак, чунки бу Аллоҳнинг уйи», дейди Юсуф.

Ишини тугатар экан, хаттот бирон марта иш ҳаққи ҳақида сўз очмади. Лекин масжид бошқарувчиси уни кўндирди. Юсуфни иш ҳақининг миқдори қизиқтирмади, чунки энг катта мукофот ҳаётида биринчи бор масжидга безак беришдан олган таассуротлари эди.

Шундан буён хаттот ўн бешга яқин масжидда ўз ҳунарини намоён  қилган. У одамларнинг ҳайр-эҳсони билан қурилган масжидлардан иш ҳақи олмайди. Юсуфнинг давлат томонидан қурилган масжидлардаги меҳнатига келсак, у таклиф қилинган ҳар қандай иш ҳақига рози.

Юсуф, хаттотлик истеъдодини ривожлантириш учун Қуръон ўқиб, уни ёд олиш лозим, деб ҳисоблайди. Унда Қуръон мусҳафи бор бўлиб, нимани ёзаётганини билиш учун доимо ундан оятлар ёд олиб юради. Насроний йигит ўз пайтида мумтоз араб тили грамматикасини ўрганганидан жуда хурсанд.

islamisemya.com

Баҳам кўринг

Leave A Reply