Миллионер камбағаллар ёҳуд, жигарга берилган жигар ҳақида

0 2 963

-Уйни ҳам сотамиз, жигаримни ҳам бераман, фақат болам тирик қолса бўлди, — онанинг бўғзидан отилиб чиққан бу нола қалбидаги кечинмаларнинг сўздаги акси эди. Ёлғизгина қизи жигар касалига чалиниб, тузалмас дард билан оғриётгани унга тунлари уйқу бермас, кундузларини машаққат ила, ўзини қийнаётган ўй-ҳаёлларда ўтказишга мажбур қиларди.

Жамила бу хасталикка қачон чалинганини ҳеч ким билмайди. Бирдан мазаси қочдию, шу билан ўнгланмади. Олиб бормаган шифокори, кўрсатмаган табиби қолмади. Кўз олдида дилбандининг сўниб боришига она чидай олмаётганди. Бир неча йил аввал узатилган, икки фарзанди бор Жамила касал бўлгач, албатта на эрига ва қайнонасига керак бўлди. Ёлғизгина кўзлари жавдираб турган фарзандларию, ўзининг жигарлари куюнишди холос.

Давосиз экан деб, чорасизликдан қийналиб турган пайтларида Жамиланинг холаваччаси зўр бир гап топиб келди: «Бу касални тузатса бўларкан. Жамила яшайди, хола! Ҳиндистонда операция қилса бўларкан».

Ўша куни уйларида гўё Жамила дарддан батамом халос бўлгандек байрам бўлиб кетди. Шу хабарнинг ўзиёқ эгилиб қолган бошларни кўтарди. Қалбларда умид уйғотди.

«Лекин операцияси жуда қиммат экан. Йўл ҳаққи, шифохонанинг ҳар бир куни фалон пул, меҳмонхона, ҳаммасини аввалдан тайин қилиш керак». Жияннинг бу гапи ҳаммани сергак торттирди.

-Топамиз,- деди ота. -Мана ҳовлини сотамиз. Машинани ҳам сотамиз. Болам тузалса бўлди.

Одатда ота — она шу, фарзанди учун ҳамма нарсадан воз кечиб юборишга тайёр. Ҳаттоки, бошидаги бошпанасини ҳам. Ўзи қаерда қолади, қаерда яшайди, кимга сиғинди бўлади? Бу ҳақида у ҳозир ўйлай олмайди. Чунки унинг фарзанди ўлим бўсағасида.

Таниш билишлардан операция ҳақида суриштиришди. Тошкентдаги энг яхши шифокорлардан маслаҳат олишди. Лекин масаланинг яна бир нозик томони чиқиб қолди. Операция учун беморнинг жигари батамом олиб ташланади ва унга мос бошқа инсоннинг жигаридан учдан бир қисм олиб, ўрнатилади. Энг қийин жойи эса, беморга мос жигар топиш ва жигари мос келадиган инсоннинг батамом соғлом бўлишидир.

Хуллас маслаҳат бир жойга қўйилди. Ота ва она ҳовлини сотадиган бўлишди. Унгача эса амаки ўз уйидан бир хонани укасига ва унинг оиласига таклиф этди. Қариндошлик, аҳилчилик яхшида. Шунақа пайтда дарров жонингга оро киради. Жиянлардан яна бири эса операция вақти кечикмаслиги учун олдиндан пул бериб турадиган бўлди. Ҳовли сотилгач, пул унга қайтарилишига келишилди.

Шифокорлар тавсиясига кўра жигари мос келиши мумкин бўлганлар билан бирга бемор Ҳиндистонга учиб кетди. Шифохонага боришди. Аввал жигарнинг мос келиши текширилди. Жамилага мос келадиган жигар фақат онасиники бўлиб чиқди. Она бундан ниҳоятда хурсанд: ака-укалариники ёки отасиники тўғри келиб қолса, улар фикрларидан қайтиб қолишса-чи, деб жоним ҳалак эди. Яхшиям меники тўғри келди.

Боласи учун қонини берган, жонини фидо қилган, мана энди жигарини ҳам унга бермоқчи. Бундан ҳадиксираш, иккиланиш ва ёхуд бошқа бир нарсани эмас, она бахт ҳиссини туймоқда. Ахир у фарзандининг яна бир бор яшаш имконига сабаб бўлмоқда. Онаси сабаб дунёга келган эди, онаси сабаб яна яшаб қолиши мумкин.

Барча текширувлардан ўтган она — бола жарроҳлик хонасига киришди. Операция бошланди. Она қаттиқ синовларга бардош бериши керак бўлди. Оғриқлар ўта азобли эди. Аммо қонун-қоидага кўра, жигарини бераётган инсон бирор оғриқни сезса, операция ўша заҳотиёқ тўхтатилар экан. Шу сабаб сезаётган аламини на юз ифодасидан, на овоз орқали билдирмай, она чидади, сабр қилди. Ахир у дилбандининг ҳаётини сақлаб қолмоқчи.

Операция муваффақиятли ўтди. Она ҳам хурсанд, фарзандининг тузалишига умид уйғонди. Жамила ўзига келди. Аҳволи анча яхши. Кундан кун яхшиланиб борди. Она ҳам жигари тикланиб бораётганидан хурсанд. Операцияга киришдан аввал:

organlar


Ўзимга келмасам ҳам майли, ўлиб қолсам ҳам розиман, фақат қизим тузалса бўлди, у яшаса бўлди, деган экан. Она бола хурсанд бўлиб туришса, бир кун эрталаб уларни шифохонадан ҳайдаб чиқаришибди. Ҳали тузалмаган беморларни кўчага чиқариб қўйишибди. Иккови учун бу хатарли. Гап нимада эканлигини базўр аниқлаган она — бола, тўланган пул тугаганлигини билишибди. Ҳатто «бир-икки кун ичида Ватанимиздан пул жўнатишади», дейишса ҳам «мумкин эмас», деб шифохонага қўйишмабди. Ўша заҳоти яна ўша ҳожатбарор жиянга қўнғироқ бўлган. У пул жўнатиш тизими орқали кечиктирмай, ўша куннинг ўзидаёқ пулни юборган. Она-бола яна шифохонага қайтиб, даволанишни давом эттиришган. Ҳозир улар Тошкентга қайтиб келишган, икковлари ҳам соғ-омон. Тинч ҳаёт кечиришмоқда.

Бу воқеани ҳикоя қилишимизга сабаб, баъзан ўзимизга берилган неъматларга шукр қилмаслигимиздир. Тафаккур қилиб кўринг, донор инсонга пул тўланмагани ҳолда бир жигарни кўчириб бериш 50 000 доллар бўлса, агар донордан олинса бу операция 100 000 долларга тушар экан. Хўш, унда жами аъзоларимиз қанча туради? Уларнинг нархи борми?

Ҳозир дунёда юрак кўчириш бўйича операциялар 250 000$, битта кўз шохпардаси 5000  $,  жигар 50 000$,  буйрак   40 000 — 50 000 $,  орқа мия  40 000$  атрофида баҳоланмоқда. Умуман олганда бир инсоннинг жами аъзолари учун тўланадиган миқдор: 1 миллион АҚШ долларига тенг!

Ҳурматли миллионерлар! Барча нарсаларни унутиб, ўзингизга диққат билан аҳамият беринг: тани жонингиз соғ, ўзингиз омонмисиз? Ҳамма аъзоларингиз борми? Унда нимадан нолийсиз?! Ахир сиз миллионер экансизку! Аллоҳнинг неъматлари ичида ғарқ бўлиб яшаб, неъматларга шукр қилаяпмизми? Қадрига етмаган неъматларимиз қанча? Биз ҳозир эслаб ўтганимиз шунчаки нархлар холос. Лекин ҳеч ким сизга бу органлар ишлаб кетишига кафолат бермайди. Бироқ Аллоҳ бизни бус-бутун ва саломат яратди. Юрагимиз дукиллаб уриб турибди, нафас олаяпмиз ва нафас чиқараяпмиз. Ахир дунёда ҳаво ололмайдиганлар қанча, юрагини сунъий урдирадиган аппаратлар ўрнатилган инсонлар қанча. Қачон буларнинг қадрига етамиз?! Уйимизда гўшт йўқлигидан, фарзандимиз янги кийим киймаётганлигидан нолиймиз. Хорижга дам олишга бориш орзуимиз ҳамон орзулигича қолаётганлигидан нолиймиз. Лекин бор неъматларни кўрмаймиз. Аслида ухлаб ётган шукр кўзини очиш, борига шукр қилишни ўрганиш пайти аллақачон етиб келган.

Аллоҳим, соғ-омон яратганингга, неъматларингга ғарқ қилиб қўйганингга шукр. Парвардигор, доимо ўзингга шукр қилувчилардан қилгин!

Ирода Асилбекова

Баҳам кўринг

Leave A Reply