Мерос ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мусулмон шахс ва оила яхши билиши лозим бўлган масалалардан бири мерос масаласидир. Мерос деганда вафот этган шахс ўзидан кейин қолдирган моддий бойликлар кўзда тутилади. Мерос масаласи деярли ҳамма халқларда, қавмларда бор масала. Исломдан олдин мерос масаласи ўзига хос тарзда бўлган. Илоҳий низомга эмас, жоҳилий низомга хос бўлган. Мисол учун, арабларда меросга қурол кўтариб урушга чиқа оладиган эркакларгина ҳақдор деб топилган. Ўғил бўлсин, қиз бўлсин – ёш болалар, умуман, меросдан махрум қилинганлар. Аёллар эса мерос олиш у ёқда турсин, ўзлари мерос сифатида, ўлган эрининг қариндошларидан ким унинг устига ридосини ташлаб олса ўшанга мулк бўлганлар. Ўша одам бу бечора аёлни, хоҳласа, ўзи хотин қилган, хоҳласа, бошқага эрга бериб, маҳрини ўзи олган ёки умуман, қаровсиз ташлаб қўйган. Бунга ўхшаш ҳолатлар ҳамма ерда, ҳамма тузумларда, халқларда бўлган.

 Исломда мерос масаласига катта эътибор билан қаралади. Мероснинг ҳукмлари шунинг учун ҳам, асосан, Қуръони Каримда баён қилинган. Меросхўрлардан кимга қанча улуш мерос тегишини Аллоҳ таолонинг ўзи баён қилиб берган.

Меросга ҳақдорлик масаласида эса асосан, насаб қардошлиги ва эру хотинлик эътиборга олинган. Албатта, дин асосида. Кофир киши мусулмон одамдан, ким бўлишидан қатъий назар, мерос ола билмайди. Насаб қариндошлари, асосан, бир-бирларининг дунёга келишларига сабаб бўлган ёки дунёда бир-бирларининг оғирликларини кўтаришда масъул бўлган кишилардир. Ана ўша масъулиятлар юзасидан меросга ҳам ҳақдор бўладилар. Мисол учун, ота ўз болаларининг дунёга келишига сабаб бўлган шахс, уларнинг турмуш харажатларини кўтаришига масъул шахс бўлиш билан бирга, вақти келганда болалар унинг харажатларини кўтаради, баъзи бир жиноят содир этиб, молиявий масъулият остида қолса, уни адо этишда болалари ҳам қатнашишга мажбурлар. Ака-ука, амаки-жиян кабиларда ҳам шу ҳолат мавжуд. Ана шундай масъулият остидаги кишиларга меросга ҳақдорлик ҳуқуқи ҳам берилган. Эру хотин орасидаги алоқа ўз-ўзидан маълум. Меросни кимлар олади, кимга қанча ҳисса тегади, уни қандай бўлиб олинади каби масалалар билан алоҳида «Фароиз» деб номланган илм шуғулланади. Буни ҳар ким ҳам билавермайди. Махсус ўқиган ва ўрганган одамлар шуғулланади. Аввалари ҳам меросчи, деб номланган махсус илмли кишилар бу иш билан шуғулланганлар. Охирги замон Пайғамбари бўлмиш, севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида мерос илмининг йўқолиши, қиёматнинг аломатларидан бири дейилган. Бу мўъжиза содир бўлди, юртимизда мерос илми йўқолиб кетди. Баъзи бир кишиларгина бу илмдан бир оз хабардор бўлиб қолдилар. Оқибатда, ўз иймони асосида оилавий шароитда, динимнинг амрига, Роббимнинг амрига итоат қиламан, деган кишига ҳам, уни амалга ошириш имкони деярли қолмади. Мерос масаласида жоҳилият қонуни ҳукм сурмоқда. Бир жойда мерос ҳақида, умуман, гап-сўз йўқ. Бошқа бирида эса мерос ҳақида меросхўрлар орасида умр бўйи талаш бўлади. Учинчи бир жойда эса мерос қолдирувчи ўлимидан олдин ўз фикри бўйича бўлиб беради. Тўртинчи жойда яна бошқа муаммо. Қисқа қилиб айтганда бу масалада Раҳмоннинг йўлидан эмас, Шайтоннинг йўлидан юрилади. Оқибатда эса турли муаммолар келиб чиқади. Ҳаром-хариш ишларга йўл қўйилади. Мусибатлар етади. Булар ушбу дунёдагиси. Охиратда эса нималар бўлишини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло охиратда мислсиз азобларга дучор қиладиган, мислсиз кишанлар билан кишанланишга сабаб бўладиган ишлар ичида «Ва меросни яхшилаб ейсизлар» деб, меросни ноҳақ ейишликни ҳам санаб ўтган. Меросда ҳаққи борми ёки йўқми, қайси бир киши ўз ҳаққи бўлмаган меросни еса ана шундай қаттиқ азобларга дучор бўлади. «Мўмин-мусулмонман», деган, «Аллоҳдан, қиёматдан умидим бор», деган одам, ҳаққи йўқ бўлса, умуман, меросга яқинлашмаслиги, ҳаққи бўлса, ўз ҳаққидан ортиғини олмаслиги керак. Ҳар ким ўзига тегишли улушни олиш зарур. Ҳатто, меросхўрлардан бири онасининг қорнида ҳомилада бўлса ҳам, у туғилгунча меросни бўлмай, қараб турилади. Ҳомила туғилгандан кейин, ўғилми, қиз эканлиги аниқ бўлганидан сўнг, мерос барча ҳақдорлар орасида шариатга мувофиқ бўлинади. Шунингдек, ўлим тўшагида ётган киши, ўзидан кейин қолажак меросни ўзича бўла олмайди, меросхўрларидан баъзисини меросдан маҳрум қила олмайди ёки улушини кўпайтира олмайди ҳам, озайтира олмайди ҳам. Ўзидан кейин қолган молни меросхўрларга бермай, бошқа мақсадларда ишлатиш учун қилинган васият ҳам ўтмайди. Агар ўша васият қилинган иш Ислом шариатида савобли, ҳалол хисобланган иш бўлса, ўлимидан олдин савоб ишлаш нияти пучга чиқиб, ноумид ҳолда ўлмасин, дея молининг учдан бири васиятига сарфланиши, учдан иккиси меросхўрларга бўлиб беришига ҳукм қилинган.

 Худодан қўрққан, Унинг амрига бўйсунаман, қиёматдан умидим бор, деган шахслар, оилалар бошқа шаърий ҳукмлар қатори мерос масаласига ҳам катта эътибор беришлари лозим. Аввал айтиб ўтганимиздек мерос бўлиш алоҳида илм, уни махсус таълим олган кишиларгина биладилар. Шунинг учун мерос масаласи юзага чиққанда биладиган уламоларга мурожаат қилишлари керак. Мерос бўлиш мажлисида, ҳақдорларнинг барчаси, гувоҳлар, бизнинг шароитимизда ҳақдорликни даъво қилувчилар ҳам қатнашишлари керак. Ҳамманинг кўз олдида қолган мерос ҳисоб-китоб қилинади. Сўнгра ҳақдорларга шариат ҳукми асосида бўлиб берилади. Ҳақдорлардан бирортаси мерос бўлинмасдан туриб ўз ҳиссасидан кечмаслиги керак. Агар бирор киши аввал сафдан чиқиб олса, тавозун бузилади ва ҳақиқий улуш олиш юзага келмайди. Ҳамма, ўз улушини олгандан кейин, ким нимани хоҳласа, ўзи билади. Ўша мажлиснинг ўзида баъзи тушунмовчилик ёки эътирозлар бўлса, очиқ айтиб, орани очиқ қилиб олиш керак. Меросга даъвогар бўлган, аммо шариат бўйича улуши йўқ қилишларга уламолар Аллоҳнинг ҳукмини баён қилиб беришлари керак. Мисол учун, ўғил бор жойда ўлган кишининг ота-онаси, хотини ва қизлари ҳам ўша ўғилга қўшилиб меросдан ўз улушларини оладилар. Аммо бошқа қариндошлар ола олмайдилар. Бунга ўхшаш нозик масалалар кўп. Энг муҳими менга мерос тегмай қолди, деб кейинчалик қариндошлар орасида келишмовчиликлар чиқиб юрмаслиги керак.

Хулоса қилиб айтганимизда, бу ўта муҳим масалага мусулмонлар катта эътибор билан қарашлари лозим.
Мавзуга оид мақолалар
Tribuneнинг хабар беришича, Ислом динида тақиқланган маълумотларни блоклаш хусусиятига эга бўлган янги Halalgoogling давоми...

14:26 / 24.12.2016 3388
Изтироб Одам одам кўзини ўйса, Ҳамиятсиз яшамоқ душвор. Отабола бирбиридан тўйса, Иймонни бўғма, қўйиб давоми...

08:45 / 06.03.2017 3659
embedhttpswww.youtube.comwatchvMuVMBNJqgG0embed

09:51 / 09.12.2016 3605
24.Савол Муҳаммад соллалллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Оминанинг вафотидан кейин боболари давоми...

11:10 / 30.11.2017 2389