Менинг ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборган Рамазон
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Раҳматли бувам: «Аллоҳ таолонинг барча ишларида ҳикмат бор», дер эдилар. Зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган бу сўзнинг тасдиғини ўз ҳаётимда кўрдим. Келинг, сизга бошимдан ўтган ўша ибратли воқеани сўзлаб берай. Зеро, шу воқеадан сўнг менинг ҳаётим тубдан ўзгариб, яхши инсонга айландим. Мен табиатан шўх ва шаддод қиз эдим. Исмим Дийдора бўлишига қарамай, маҳаллада мени «Ўғилой» деб чақиришарди. Деярли ҳар куни бирор киши билан уришар эдим. Кунимни қўшиқ эшитиш ва телевизор кўриш билан ўтказардим. Ота-онага кўмаклашиш, қиз болалар билиши керак бўлган тикиш-бичиш, овқат пишириш каби фазилатлардан йироқ эдим. Ким билсин, ота-онамнинг ёлғиз фарзанди бўлганим учунми ёки бошқа сабабми, қиз болада топилиши керак бўлган латофат ва нозик ҳилқатлик мен учун бегона эди. Ёшим 17 ёки 18 га етгунга қадар шу зайлда ўсдим. Бир воқеа сабабли бутунлай бошқа қизга айландим, аниқроқ қилиб айтганда, барча ёмон сифат ва одатларимни тарк қилиб, яхши фазилатлар соҳибасига айландим. Буни мақтаниш учун эмас, Аллоҳнинг берган неъматини айтиш учун зикр қиляпман. Етмиш олти ёшга етган бувим бор эдилар. Рамазон ойи кириб келди. Дадам: «Қизим, Рамазон ойида бувингнинг олдиларида хизматларини қилиб, дуоларини оласанми?» дедилар. Мен рози бўлдим. Дадам Рамазон ойи киришидан бир кун олдин, бозорлик қилиб бувимнинг зиёратларига бордилар ва дуоларини олиб, мени у кишининг олдиларига қўйдилар. Кетаётганларида: «Қизим, бувингнинг дуоларини олгин. Бу кишидан бобонг рози бўлиб ўтганлар», дедилар. Дадамнинг ушбу сўзлари ҳануз ёдимда. Қалбларидан чиққан бу холис сўз ва ўша йилги Рамазон сабабли мен яхши инсонга айландим. Бувим билан бир ой рўза тутдим. Бувим менга ҳар куни аёл кишининг жаннатга кириши эрини рози қилишида деб, ҳаётларида қилган амалларини сўзлаб берар эдилар. Мен бувимнинг олтиндан қиммат сўзларини тинглаб, маънавий озуқа олар эдим. Билмадим, нимагадир у кишининг сўзлари менга жуда қаттиқ таъсир қилар, гўёки мендаги барча ёмон сифатларни юлиб ташлаётгандай бўларди. Рамазоннинг ўн бешинчи кечаси бувим иккинчи марта Қуръонни хатм қилишга киришиб, «Бақара» сурасини тугатдилар. Ва таровеҳ намозини ўқиб, саҳарликка тайёргарликни бошладилар. Мен бувим билан ўтаётган кунларимдан хурсанд эдим. Саҳарликка, тахминан, икки-уч соатлар қолганди. Бувим менга бир воқеани сўзлаб бердилар. Келинг, ушбу воқени бувим тилларида сўзлаб берайин: «Раҳматли бобонг жуда иймонли киши эдилар. Бирор марта шариатга зид амал қилганларини кўрмадим. Менга ҳар доим яхши муомалада бўлганлар. Ҳар доим менга яхшилик қилиб: «Мўминларнинг энг яхшиси аҳлига яхшилик қиладиганидир. Аҳлига яхшилик қилувчиларнинг энг афзали Пайғамбаримиз эдилар», дер ва уй юмушларида менга кўмаклашар эдилар. Ўн иккита фарзандимизнинг, деярли, барчасини тунда уйғониб қолса, ухлатишга ҳаракат қилар, агар ухламаса, кейин мени уйғотиб, ухлатишимни сўрар эдилар. Рамазон ойи кириб келди. Мен Рамазон ойида, деярли, ухламасдим. Рамазон ойи мен учун катта ажрларни қўлга киритиш ойи деб билардим. Кундузлари бир пора Қуръон ўқиб, бобонг вазифа қилиб берган 100 та салавот ва 1000 та истиғфорни айтиб юрардим. Дуо ижобат бўладиган соатларда фақат ва фақат бобонгнинг ҳақларига дуойи хайр қилганман. Бирор марта ўзим учун бирор нарса сўрамаганман. Бобонгнинг баракаларидан уйимизда ҳеч қачон озиқ-овқат борасида камчилик бўлмаган. Бобонгни рози қилиш учун ҳар куни ифторликда икки-уч хил овқат пиширар эдим. Раҳматли хўжайиним уларнинг фақат биттасини еб қолганларидан оз-оздан ер ва «булардан қўшниларга ҳам беринг», дер эдилар. Бир куни бандалик қилиб саҳарликка кеч туриб қолдим. Шоша-пиша бир-икки нарсадан едик. Маҳалла масжидидан муаззиннинг азони эштилиши биланоқ ейишдан тўхтадик. Мен хўжайинимни кўнгилдагидек овқат тайёрлаб, саҳарлик қилдира олмадим, деб роса йиғладим. Бобонг табассум қилиб, «Онаси нафсингизга раҳмингиз келсин. Ҳаммаси яхши бўлди. Худо хоҳласа, ҳеч ҳам очликни сезмаймиз», дедилар. Мен эса бу ишим учун ўзимни кечиролмай ҳар кунгидан кўпроқ истиғфор ва салавот айтиб, ўзим билмаган ҳолда ухлаб қолибман. Туш кўрдим. Тушимда манзараси жуда чиройли жойда дур ва лаълдан қурилган қасрни кўрдим. Унинг яқинида жуда нурли одамлар бир-бирларига: «Йўл очинглар, йўл очинглар, мана эрини рози қилган аёл келяпти. Бу қаср – уники. У – ҳар доим эрини рози қилишга шай турган ва ижобат бўладиган дуоларини фақат эрига атаган солиҳа аёл. Бу қаср бугун саҳарда у аёл учун бино қилинди. У бу қасрга амали учун эмас, қалбидаги ўзига шиор қилиб олган нарсаси сабабли эришди», дейишар эди. «Ким экан?» деб, у ёқ-у ёққа қарадим. Ҳеч ким келмаётган эди. Кейин билсам, ҳалиги нурли одамлар менга ишора қилаётган эканлар. Шу пайт амакинг Аҳмаджон: «Ойи, ойи, туринг, аср вақти кирди», деб уйғотиб юборди. Бир тарафдан аср намози учун уйғонганимга хурсанд бўлсам, бир тарафдан шундай чиройли тушнинг узилиб қолганига хафа бўлдим. Ўша куни қандайдир бошқача кун бўлди. Кейин бобонг ишдан қайтдилар. Мен ифторликка ҳар доимгидек уч-тўрт хил тансиқ таом тайёрлаб қўйган эдим. Ифторлик дастурхони атрофида ўтирганимизда бобонг менга қараб: «Бугунги тушингизни мен икки кун олдин кўрган эдим. Тушимда ўша қаср сизга берилиши ваъда қилинди», дедилар. Йиғлаб юбордим. Ўшандан буён бирор марта раҳматли эримни рози қиладиган амалдан ғафлатда қолмаганман. Вафотларидан олдин: «Аллоҳим, Ўзинг, фаришталаринг ва бутун махлуқотларинг гувоҳ бўлсинким, мен бу солиҳа, бутун умрини мен учун бахшида қилган бандангдан розиман. Ўзинг ундан рози бўлгин ва Ўша қасрни ато қилгин», деб шаҳодат калимасини айтган ҳолда жон таслим қилганлар». Бувимнинг бу гаплари менга шу даражада таъсир қилдики, этларим жимирлаб кетди. Кўзларимдан ёш чиқиб кетганини билмай қолибман. Мен бувимдан: «Қалбингизда ўзингизга шиор қилиб олган нарса нима?» деб сўрадим. Бувим: «Баъзилар эрнинг хизматини қилишдан малолланади. Мен сенга бир сирни ўргатаман. Ўшанга амал қилсанг, эрнинг хизмати малолланишингга эмас, роҳатланишингга ва ҳузурланишингга сабаб бўлади. Аёллар учун турмуш ўртоқлари Аллоҳ томонидан жаннатга кириш учун берилган чипта ҳисобланади. Ким эрини рози қилса ва унинг хизматида қоим бўлса, чипта унинг қўлида. Ким бу ишларни қилишдан малолланса, катта имкониятдан маҳрум бўлиб, уни зое қилган бўлади. Менинг шиорим: «Эрнинг хизмати Аллоҳнинг ва диннинг хизмати, эрнинг розилиги Аллоҳ ва Русулининг розилиги». Мана шу шиор сабабли тушимда менга жаннатда қаср ваъда қилинган», дедилар ва ўша кеча ҳаққимга узундан-узоқ дуойи хайрлар қилдилар. Рамазон тугагач, бувимнинг уйларидан кетгим келмади. Фақатгина ота-онанинг розилиги деган нарсагина уйимга келишга мажбур қилди. Энди мен ҳам ўзгариб қолган эдим. Барча уй юмушларини бажарадиган, намозларни вақтида ўқийдиган, бўш вақт топдим дегунча китоб ўқийдиган, салавот ва зикр учун алоҳида вақт ажратадиган қизга айланган эдим. Орадан икки йил ўтиб, турмушга чиқдим. Ҳозир учта фарзандим бор. Мен ҳам раҳматли бувим айтгандек, умр йўлдошимни рози қиладиган солиҳа аёл бўлишга интилмоқдаман. Гарчи бувим кўрган тушни ҳали кўрмаган бўлсам-да, бувим айтган шиорни ўзимда мужассам этиб, шу шиор остида яшамоқдаман. Сўзимнинг бошида «Аллоҳ таолонинг барча ишларида ҳикмат бор», деган эдим. Аллоҳ ўн икки ой ичида Рамазонни танлаб, бу ойда шайтонларни кишанбанд қилди. Шайтонларнинг кишанбанд бўлиши ва илоҳий раҳматнинг ёғдирилишининг асосий ҳикматларидан бири менга ўхшаган ибодатдан йироқ одамларни ибодатга чорлаш, ибодат қиладиган, лекин дангаса мусулмонларни эса серғайрат қилишдир. Зеро, аввалида фосиқ, кейинчалик солиҳ зотларга айланган шахсларнинг тарихига назар ташласак, уларнинг кўплари Рамазон ойи шарофати билан динда мустаҳкам, ибодатда полвон инсонга айланган. Албатта, Аллоҳ таолонинг Рамазон ойини жорий қилишидаги улуғ ҳикмат бу бандаларини бир ойлик ибодатда бардавом бўлишлари натижасида ўзларида кўникма ҳосил қилиб, кейинги ўн бир ойни мана шу руҳда ва мана шу кайфиятда ибодат билан ўтказишдир. Бувим билан ўтказган Рамазон ойи мен учун бутун умр саодатлар ва яхшиликларни тақдим қилган ойга айланди. Мен ҳар доим Рамазон ойи келганда бувимнинг қимматбаҳо насиҳатлари ва тундаги ибодатларни эслайман ва зулматдан нурга чиқишимга сабаб бўлган бувижонимнинг ҳақларига дуо қиламан. Дийдора Аҳмедова

Мавзуга оид мақолалар
  gallery linkfile sizemedium ids8086,6057,5915,5809,5808,5807,5806,5804,5571,6241,6256,6193,6100,6171 Ҳазратсиз Рамазон Бисмиллаҳир давоми...

05:33 / 07.02.2017 7547
Тез орада янги ой кўриниб, ражаб ойи кириб келади. Ражаб ойи муҳаррам ойлар қаторига киради. Аллоҳ субҳанаҳу давоми...

19:50 / 23.03.2019 7262
Йўлдаги азиятни олиб ташлаш садақадир Ухдуд эгалари қиссаси Қуръони Каримнинг Буруж сурасида келган давоми...

03:35 / 26.01.2017 3012
httpswww.youtube.comwatchvTli0yJUAvSQ

06:31 / 06.03.2019 2451