«Мени кечиринг!»

0 334

Рамазон – кечириш, оила муносабатларини мустаҳкамлаш ва, албатта, ярашиш ва муроса ойидир. Муборак Рамазон ойига кирар эканмиз, биз нафақат барча келишмовчиликларни ортда қолдиришимиз, балки севимли ва яқин инсонларимиз билан келажакда тинч-тотув яшашни ўрганишимиз лозим. Ҳаётда шундай пайтлар ҳам бўладики, энг керакли сўзларни ичимиздан чиқариш энг қийин ишга айланади. Кечирим сўраш жуда муҳим ҳисобланади, ваҳоланки ушбу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Албатта, биз фарзандларимизни ушбу икки оддий сўзга, яъни “Мени кечиринг!” дейишга болалик чоғидан ўргатишимиз лозим. Ўргатиш билан биргаликда уларнинг ўтинчини рад жавоби билан қадрсизлантирмаслигимиз керак. Барибир кечирмасликларини билган ҳолда ушбу сўзларни ким ҳам айтгиси келади?!

Аммо агар бизни – катта ёшли, кучли, ўз ўрнига эга бўлган инсонларни кечирим сўрашга ўргатмаган бўлсалар-чи?! Ёки бизга ушбу сўзларнинг нақадар ажойиблиги ва уларда яширинган сеҳр ҳақида айтмаган бўлсалар-чи?! Ҳақиқатда эса улар мисоли сеҳрли сўзларга ўхшайди, айтишингиз биланоқ атрофингиздаги дунё ўзгариб кетади.

Агар сиз кечирим сўраш нима учун кераклигини билмасангиз, тушунмасангиз ёки шунчаки инсонлар билан ярашиш қўлингиздан келмаса, у ҳолда ушбу мақола биринчи навбатда сиз учун. Келинг, Рамазон ойини кутиб олганимиз каби кузатмайлик. Келинг, Аллоҳ ва яқинларимизнинг муҳаббати ҳамда розилигига етакловчи нарсаларни ўрганайлик.

Табиийки, бизда кечирим сўраш кўникмасининг етишмаслиги Аллоҳ таолога тавба қилишимизда ўз таъсирини кўрсатади. Келинглар, барчасини Унга тавба қилишдан бошлайлик, аммо шу билан биргаликда “Мени кечиринг!” сўзлари билан ёнимиздаги барча инсонларга ҳам мурожаат қилайлик. Бунда ким айбдорлиги эмас, балки қандай чора кўришимиз муҳим ҳисобланади.

Ўйлаб кўринг, биз чексиз низо ва можаролар дунёсида яшаймиз, улар нафақат глобал дунёда, балки ўзимизнинг кичиккина, шинам, оилавий дунёмизда ҳам содир бўлади. Ваҳоланки, ушбу кичик олам биз учун бутун олам ўрнини боса олиш имкониятига эга. Шундай экан, агар жанжаллар уйимизда келиб чиқса, ҳаётимиз шунчаки даҳшатли тус олади. Бир-биримизни айблаган ҳолда, ўзимизнинг ҳақлигимизни исботлай бошлаймиз.
Ер шарида юз бераётган урушларга бир назар ташлайлик – баъзан ким ҳақ, ким эса ноҳақлигини аниқлаш имконсиз бўлиб қолади. Ушбу катта мисоллар бизнинг кичик ҳаётимизда бўлаётган ҳолатларнинг оқибатини ёрқин кўрсатиб беради. Қон тўкилиши ҳеч ким урушга бормасагина, тўхтайди. Ҳақиқий урушда ҳақ киши йўқ, барча ўз ҳолича айбдор. Агар ҳар бири айбдор экан, ким кечирим сўраши керак бўлади? Албатта, ҳар бири, лекин кимдир бу ишни биринчи бажариши лозим. Кўпчилик биринчи бўлиб айбдор инсон кечирим сўрайди, деб ҳисоблайди. Шунинг учун бўлса керакки, иккала тарафнинг ҳам айбловлари чексиз давом этади, яъни бошқа инсоннинг биринчи кечирим сўрашини хоҳлашади. Ранж-аламларимизни санаб чиқар эканмиз, улар ўйлаб топилган ёки арзимас бўлсалар ҳам, биз янада кўпроқ хафа бўламиз. Шунчаки биринчи бўлиб “Мени кечиринг!” сўзларини айтгимиз келмайди.

Айбсиз бўлган томон кечирим сўраган ҳолатда ҳам жавобан “Сиз ҳам мени кечиринг!” сўзларини эшитиши – жуда кўп синаб кўрилган ҳолат. Аммо ушбу сўзларни ҳаётда қўллаш нақадар қийин! Ахир буни нафсимиз хоҳламайди-ку! “Айбинг бўлмаса ҳам, кечирим сўрайсанми?! – дейди у пичирлаб. – У сени назарига ҳам олмайди, сен эса кечирим сўрайсанми?!” дея оғзимизни ўз кафти билан ёпади. Унинг нима хоҳлаётганини била туриб, кўп ҳолатларда нафсимизни ким бошқаришга ҳаракат қилаётганини унутиб қўямиз. Жанжал нақадар даҳшатли бўлмасин, у ушбу икки сеҳрли сўз айтилиши биланоқ тугайди. Лекин мазкур ҳолат фақатгина бу сўзлар самимий, чин қалбдан айтилгандагина юз беради. Ахир уруш бўлаётган бир вақтда кечирим сўраш шу қадар мушкулми? Қалбларимизга қилинган зарба қанчалар кичик, аҳамиятсиз бўлмасин, улар бор, мавжуд. Нима учун кечирим сўрашни билмаётган бўлсангиз, берилган озор учун узр айтинг, вақтида таслим бўлмаганингиз учун кечирим сўранг. Шунчаки шуни англаб етингки, ҳар қандай ҳолатда ҳам сизнинг ҳам айбингиз бор, ҳаттоки кўзларингиз кибр билан кўр бўлиб, буни кўра олмаётган бўлсангиз ҳам.

Шу ўринда ушбу ибратли ҳикояни ўринли деб билдик:

“Қадим замонларда янги турмуш қурган икки ёш бўлган экан. Улар ҳар куни жанжаллашар, бир-бирини айблаб, бир фикрга кела олмас экан. Қўшни ҳовлида эса уларнинг тескариси, яъни аҳил ва тотувликдаги бир оила яшар экан. Кунлардан бир куни улар ушбу аҳилликнинг сабабини билишга қарор қилибди. Эр уларнинг уйига меҳмон сифатида ташриф буюрибди ва қуйидаги ҳолатга гувоҳ бўлибди: аёл сув тўла челакни йўлда қолдирган экан, эри буни пайқамай, қоқилиб тушибди. Бир-бирларидан кечирим сўрай бошлашибди: эр сувни тўкиб юборгани учун, аёл эса челакни йўлда қолдиргани учун. Маҳзун ҳолатда эр уйига қайтибди ва аёлининг “Нима бўлди?” деган саволига шундай жавоб берибди: “Бизда иккаламиз ҳам айбсиз, уларда эса иккиси ҳам айбдор экан!”

Бу ерда ким биринчи кечирим сўрашни бошлагани эмас, балки оилада шундай анъана борлиги муҳим ҳисобланади. Зеро, ҳолат бутунлай бошқа тус олиши, яъни эр аёлини челакни йўлда қолдиргани учун, аёл эса эрининг бепарволиги учун айблаши мумкин эди. Ушбу ҳолатда улар жанжаллашиб, бир-биридан норози бўлган бўлар эдилар. Бу ерда ким биринчи бўлиб узр сўрагани эмас, балки уларнинг иккаласи ҳам бунинг заруриятини тушунишлари аҳамиятлидир. Биз ўз нафсониятимизни бировларни айблаб овутишни яхши кўрамиз, айбни ўзимизга олиш эса ҳар доим ҳам ёқимли бўлавермайди. 

Ўзингизни, қандай қилиб кичик айбларингизни бошқаларга ағдаришингизни бир кузатиб кўринг: пирогингиз куйиб кетди – бола айбдор, уйда тартибсизлик – эрингиз нарсаларни вақтида жойига қўймайди ва шу кабилар.

Шунингдек, ўз фарзандингиздан ҳам кечирим сўраш уятли ҳисобланмайди, балки айнан шу уларнинг ўз хатоларини тан олишига ўрнак бўлиб хизмат қилади. Агар сиз ўз ҳиссиётларингизни сақлаб туролмай, фарзандингизга бақириб юборган бўлсангиз, масалан, унга ушбу сўзларни айтинг: “Сенга бақириб юборганим учун кечир”. Ушбу сўзлар унинг “Жаҳлингизни чиқарганим учун сиз ҳам мени кечиринг”, дейишига рағбатлантиради. Ушбу малака, яъни кечирим сўраш малакаси, катта-ю кичик барчамизга жуда муҳимдир. У бизга ва шу билан бирга ёнимиздаги инсонларга ҳам жуда керак, чунки уйимиздаги урушлар бизни қаттиқ яралайди ва оила аъзоларимизни ногиронларга айлантиради.

Рамазон ойи муборак! Келинг, Аллоҳ таолодан ушбу Рамазон энг тотув ой бўлишини сўраб қолайлик!

Лейла Наталья Бахадори

Баҳам кўринг

Leave A Reply