Мен билан ўйнанг, ота!

0 272

Қуръоннинг болалар тарбияси тўғрисида ўрганишингиз мумкин бўлган энг гўзал қисми Юсуф сурасидир. Аниқроғи, Ёқуб алайҳиссалом ҳақида ҳикоя қилувчи қисми шундай. Қуръонда Пайғамбар Ёқуб алайҳиссалом намунавий ота сифатида зикр қилинади. Барчамиз Юсуф алайҳиссаломнинг болалигида туш кўргани ҳикоясини биламиз. Эртаси куни эрталаб у ташвишланиб уйғонади. Қуръонга кўра, суҳбатлашиш учун у кимнинг олдига борди? У суҳбатлашиш учун отасини танлади.

Тасаввур қилинг, ҳаётингизда бирор нохушлик бўлса, “Отам билан гаплашиб кўрсаммикан?” деб ўйлайсизми? Одатда бу катта муаммо бўлса, катта эҳтимоллик билан бу ҳақда онангизга сўзлаб берасиз. Яна гапирганда «Бу ҳақда отамга айтманг», деб қўшиб ҳам қўясиз.

Юсуф алайҳиссаломнинг отасига бориб, барча гапни айтиб беришида катта маъно, оталар учун ибрат бор. У зот алайҳиссалом фарзандлари билан шу қадар мустаҳкам ришта ўрната олганларки, ўғиллари каттами, кичикми, ҳар қандай муаммосини келиб, ўзларига айтган. Бу ҳолатда ҳатто бирор реал ҳодиса эмас, шунчаки кўрган тушини ҳам отаси билан муҳокама қилмоқда.

Болалар билан ишончли муносабатлар ўрнатиш муаммоси кўпроқ оталарга тааллуқли бўлиб қолган. Биз уйга узоқ иш кунидан сўнг келамиз ва ҳеч нима қилмай, бироз дам олишни истаймиз. Ўша пайтда беш ёшли фарзандимиз: “Дада, қаранг, нима ясадим!”, “Дада, мен билан ўйнанг”, “Дада, келинг, бирга бунақа қилайлик”, деб келади.

Сиз-чи? Сиз нима қиласиз?

“Мени бироз тинч қўйинглар, бироз дам олмоқчиман! Онаси, мен ҳозиргина ишдан чарчаб келдим, буларга ўзинг қара”, дейсиз.

Кейин-чи?! Худди ўша болакай 10 йилдан кейин энди ўсмир. Уни мактабдан олгач, бироз суҳбатлашмоқчи бўласиз:

  • Ўғлим, ишлар қалай?
  • Яхши…
  • Нималар қилдинг?
  • Дарс…
  • Дўстларинг билан алоқанг яхшими?
  • Ҳа…
  • Бирор жойга бормоқчимисизлар?
  • Билмасам…
  • Нима қилмоқчисан?
  • Билмасам…

У сиз билан гаплашмайди, гаплашишни истамайди, шунчаки минғирлаб жавоб бериб туради. Ана шундан сўнг имом ёки олимга бориб маслаҳат сўрашга тушамиз: “Фарзандим мен билан гаплашгиси ҳам келмайди”. Нима кутгандингиз? Ўзингиз у билан суҳбатлашмас, фарзандингиз сўраганда у учун вақт топмас эдингиз-ку!

Бошқа жиҳатдан, 10, 11, 12, 13 ёш – ўсмирларда айнан ўтиш ёши. Бу ёшда болаларда ота-онаси у билан фахрланишлари учун қаттиқ хоҳиш туғилади. Бу тажриба билан тасдиқланган руҳий ҳолат. Болалар ота-оналари улар билан фахрланишлари учун ҳамма нарсага тайёр бўлишади. Бу дегани ота-она бола учун энг катта таъсир манбаси бўлиши мумкин. Муаммонинг қанчалар муҳим экани ҳам шунда кўринади.

Ота – энг яхши дўст

Орамизда ким ҳар куни фарзандлари билан бирга кечки овқатда ўтиради? Кечки овқатни оиласи билан тановул қиладиганлардан қанчаси ҳақиқатан ҳам болалари билан суҳбатлашади? Бугунги технология, мобиль телефонлар асрида, ижтимоий тармоқлар асрида биз одамлар билан реал мулоқот қилишни унутиб қўйдик, фарзандларимизни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Бироқ биз уларни эшитишни ўрганмоғимиз лозим. Бунинг учун ҳар биримиз ўз устимизда ишлашимиз керак.

Мен оталарга қарата шундай дейишни истардим: агар фарзандларингиз Исломда улғайишини истасангиз, улар учун энг яхши дўст бўла олишингиз шарт. Бунинг учун эса жиддий ёндашиб, ўз устингизда ишлашга тўғри келади. Ҳар доим фарзандингиз билан бирга нимадир қилинг, нима эканининг аҳамияти йўқ. Бу орангиздаги тўсиқларни бартараф қилишнинг энг яхши йўли. Ишонинг, болада ҳамиша ўз муаммолари ҳақида ким биландир суҳбатлашиш истаги бўлади. Ўша “кимдир” Исломдан бошқа йўлда маслаҳат берадиган бегона киши эмас, балки ўзингиз бўлишни истамайсизми?

Чиройли сабр

Мақолани тугаллашдан аввал яна бир мулоҳазани айтмоқчиман. Барчамиз Юсуф алайҳиссалом ҳикоясининг давомини биламиз. Ёқуб алайҳиссаломнинг фарзандлари даҳшатли ишга қўл урадилар. Улар машинани бузиб қўйишмади, ошхона жиҳозини синдириб қўйишмади ёки бошқа бир қимматга тушадиган ишни қилишмади. Улар ўз укаларини ташлаб келишди. Бу жиддий иш! Болалар Ёқуб алайҳиссаломга Юсуф алайҳиссаломнинг гўёки қонга беланган кийимини бердилар. Ёқуб алайҳиссалом нима қилдилар? Ривоятдан бехабар киши “Энди бу болалар таъзирини ейди, кўрадиганини кўради”, деб ўйлаши турган гап.

Аслида нима бўлди? У зот алайҳиссалом уларга “…чиройли сабр…”, дея жавоб бердилар. Пайғамбар уларнинг ёлғон гапираётганларини билар эди, бироқ сабр қилди. Чунки у бундай ҳолатда бақир-чақир, жанжаллардан фойда йўқ эканини яхши биларди. Бунда ягона йўл сабр қилиш эди. Чиройли сабр…

Фарзандларимиз улғайиб борар экан, бизга фақатгина сабр билан уларнинг ҳаққига дуода бардавом бўлиш қолади. Натижага шошилмаслик керак. “Уч кундан бери сабр қиляпман, ҳали зиғирча ҳам ўзгариш йўқ”, дейиш нодонлик бўлади.

Ёқуб алайҳиссалом сабр қилган эдилар, натижада нима бўлди? Аллоҳнинг раҳмати билан барча фарзандлари бағрига қайтди. Бу қанча вақтда содир бўлди? Бир ҳафтадами? Бир ойдами? Икки ёки уч йилдами? Йўқ! Бу анча кўп муҳлат олди. Шунчаки Аллоҳга ишонинг ва сабр қилинг!

Бу Аллоҳ таолонинг Китобидан асосий ўрганадиганимиздир. Бу шунчаки ривоятлар эмас. Бу ривоятларнинг энг яхшиларидандир. Уларнинг ҳар бири ҳаётимизни яхши тарафга ўзгартиради. Барчамизга фарзанд тарбиясида сабр ва хайр сўрайман, фарзандларимиз биз ота-оналар учун икки дунёда ҳам кўзимиз қувончлари бўлсин! Омин…

Абдулла Муслимов,

рус тилидан эркин таржима

Баҳам кўринг

Leave A Reply