Меҳрибон оналар учун Рамазон йўриқномаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муқаддас Рамазон ойи кириб келди. Рўзадорлар бу ойда Аллоҳнинг раҳматига эришиш учун сабр билан рўза тутадилар, ёшу қари мусулмонлар кўпроқ зикр қилишга, таҳажжуд намозларини кўпроқ адо этишга шошиладилар. Aхир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида ихлос билан рўза тутганларга ўтган гуноҳлари кечирилишининг хабарини берганлар. Бу муқаддас ой фақат катталар учунми?

Болаларни «катталарнинг иши»дан четлатиб қўйиб, фақатгина ҳайит совғалари билангина чекланиб қолиши яхшимикан? Йўқ, ахир бу сокин оилавий оқшомларни илм олишга сарфлаб ўтказиш учун ажойиб имконият! Болаларга Ҳайит байрами, Лайлатул Қадр ва бу ойдаги бошқа муҳим тарихий воқеалар ҳақида ҳикоя қилиб бериш мумкин. Келинг, бу борада болажонлар билан қандай шуғулланиш мумкинлиги ҳақида батафсилроқ тўхталамиз.

Китоб ўқиш

Исломнинг муҳим рукни ҳақида ҳикоя қиладиган, болалар билан бирга ўқиш мумкин бўлган соддароқ китобларни тайёрлаб қўйинг. Агар Рамазоннинг ҳар оқшомида фарзандингиз билан бирга мазкур адабиётни ўқишга вақт ажрата олсангиз, ўзингиз ҳам, фарзандингиз ҳам билимларингизни ошириб боришга эришасиз, Ҳайит байрамини янада бошқачароқ эҳтиром билан кутиб оласиз.

Аудио ва видео дарслар

Интернетдан Қуръон, Рамазон, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақидаги ишонарли фильм ёки видеоларни танлаб олинг, муқаддас қадамжоларнинг 3 Д тақдимотларини излаб топинг. Бу ҳам сиз ва фарзандингиз учун ажойиб машғулот бўлади. Видеолардаги шарҳлар фарзандингизнинг ёш савиясига монанд бўлишига ҳам эътибор беринг. Кўрганларингизни муҳокама қилинг, тушунарсиз жойларини шарҳлаб беринг. «Юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал», деб бежизга айтилмайди-ку! 

Қўл ишлари

Фантазиянгизни ишга солинг. Фарзандингиз билан масжид, ифторлик кабиларнинг расмини чизишингиз, пластилинда ясашингиз мумкин. Қутичалар, полиэтилен идишлар, уйдаги ортиқча нарсалар ― булардан ажойиб тарзда фойдаланиш мумкин. Асосийси, меҳр билан иш қилинг.

Рўза

Кўпчилик мусулмон оилалар муқаддас Рамазон ойида фарзандлари билан бирга рўза тутадилар. Болалар саҳарликка туриши ёки бутун кун давомида рўза тутиб юришлари шарт эмас. Лекин улар бир неча соат давомида овқат ва сувдан тийилиб туришлари мумкин, ота-оналар эса уларнинг худди катталардек рўза тутишга ҳаракат қилганлари учун, албатта, рағбатлантирадилар. Бу яхши одатдан воз кечманг. Фарзандингиз билан рўза тутсангиз, уни мақташни унутманг. Бундай шарафли кунларда еб-ичишдан сақланган одам қанчалик катта савобларга эга бўлиши ҳақида айтиб беринг.

 Дўстига жўнатма

Сиздан узоқда яшайдиган дўстингизга совға ёки табрикнома тайёрлаш, сўзсиз, фарзандингизни ҳам, жўнатма эгасини ҳам қувонтиради. Бу унутилган одат, конвертда табрикнома юбориш, жуда ҳам қизиқарли ва роҳатбахш. Почта қутисини очиб, бир дунё реклама қоғозлари орасида қўлда ёзилган конвертни топиш қандай яхши! Агар фарзандингизнинг бундай дўсти йўқ бўлса, фарзанди бор дугоналарингизга табрикнома алмашишни таклиф қилсангиз бўлади, шунда фарзандингиз ҳам шундай ёқимли сюрприз олади.

Эринманг! Табрикномаларни ҳарид қилиш ёки ўз қўлларингиз билан ясашингиз мумкин. Ўз вақтида етиб бориши учун эртароқ ҳаракат бошланг. Яқинларга – бувижон ва буважон, ака, сингил, дадажонга ҳам совға тайёрлашни унутманг.

Хонадонни безатиш

Катта байрамга тайёргарликни ҳозирданоқ бошлаш мумкин. Бу барча оила аъзолари учун ажойиб қувонч ҳисларини уйғотади. Бу кайфиятни ўзимиз ҳосил қиламиз, бу кунлар бошқа кунлар каби оддий ўтадими ёки байрамдан ёрқин хотиралар сақланиб қоладими, ўзимизга боғлиқ. Хонани қўлбола безаклар билан безатиш мумкин. Болалар билан бирга Ҳайит безаклари, фонуслар, ўйинчоқлар ясаш мумкин. Бу болалар билан мулоқотингизни ажойиб тарзда яхшилайди, уларнинг болалик хотираларида эса биргаликда ўтказган ушбу илиқ оқшомлар бир умрга муҳрланиб қолади.

Фитр закоти

Болаларга байрам арафасида тарқатиладиган закот ҳақида сўзлаб беринг. Улар билан биргаликда муҳтожларни меҳмон қилинг. Бу болани эҳтиёжмандларга ёрдам беришга, ҳамдардлик ҳиссини тарбиялашга хизмат қилади. Бу тадбирда унинг ҳам иштирокини таъминланг.

Байрам куни

Албатта, бу байрам намози, байрам дастурхони, совғалар ва меҳмонлар билан завқли. Агар сиз байрам кунлари меҳмонга боришга ёки меҳмон чақиришга улгурмасангиз, буни кейинги кунларга ҳам қолдирса бўлади. Байрам кунини эса оила бағрида ўтказиш, яхши спектакл ёки кўнгилочар боққа бориш мумкин. Ўз уйингизда байрам дастурини ташкил қилсангиз ҳам бўлади. Бунга олдиндан тайёрлаб қўйилган викторина саволлари, топишмоқлар ёки саҳна кўринишларини киритиш мумкин.

Мавзуга оид мақолалар
Муктасаб ақлга келсак, у туғма ақлнинг маҳсули, билишнинг юқори даражаси, тўғри тадбир ва фикрнинг нишонга давоми...

11:48 / 28.12.2016 2709
Aллоҳ таоло иймон аҳлига ният суратида шундай кимёвий элементни ато этганки, у ёрдамида инсон озгина давоми...

15:39 / 13.12.2016 5799
 Бу қиссани мулоҳаза қилиб кўринг  Эрхотин янги уйга кўчиб ўтишди. Кунларнинг бирида  нонушта қилиб давоми...

15:59 / 02.02.2017 5124
«Ҳаммамиз Аллоҳникимиз Ҳаммамиз Аллоҳга қайтажакмиз» Бирозгина олдин Ўзбекистон уламоларининг улуғи, давоми...

17:58 / 02.02.2017 4499