Мавлуд маросимининг минтақавий хусусиятлари (танловга келган 3 мақола)

0 948

Мавлуд маросимининг минтақавий хусусиятлари

Ҳар қандай маросим халқнинг маълум бир тарихий тараққиёт босқичидаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий ривожланиш даражасини кўрсатувчи асосий белгиларни ўзида мужассамлаштирган ҳолда вужудга келади[1]. Улар минг йиллар давомида халқнинг турмуш тарзи, маданиятининг ривожланиши таъсирида шаклланиб, баъзан ўзгартириб ва қўшимчалар қўшиб бойитилиб боради.

Ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар янги маросимларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Масалан, юртимизга Ислом дини кириб келиши билан ақиқа, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари билан боғлиқ ифторлик, қурбонлик каби маросимларни нишонлаш имкониятлари кенг йўлга қўйилди. Халқимизда имконият топганда, бирор бир хайрли иш ёки тўй бошлашдан олдин қўни-қўшни, қариндош- уруғ, маҳаллани чақириб, дастурхон ёзиб зиёфат бериш одати қадимдан мавжуд. Бундай маросимлар “Қуръон ўқитди”, “Эҳсон” ва шунга ўхшаш номлар билан аталган. Шунингдек ҳар йили анъанавий тарзда ҳижрий йил ҳисоби бўйича Раби ул аввал ойи (халқ тилида “Мавлуд ойи” деб ҳам аталади) келганда “мавлуд” маросими ўтказилади.

“Мавлуд” сўзи ўзбек тилида – туғилган кун, Мавлуд тўйи, Муҳаммад пайғамбарнинг туғилган куни ва унинг шарафига бериладиган зиёфат, Пайғамбаримизнинг таржимаи ҳоллари ўқиладиган зиёфат, таваллуд каби маъноларни англатади[2].

Аслида халқимизда ишлатиладиган “мавлуд” сўзи арабча “мавлид” сўзининг маъносига тенг келади. “Мавлид” (ар. –»مَوْلِد») луғатда “Мавлидун-набий” («مَوْلِدُ النَبي») ёки “ал-Мавлид ан-набавий” («المَوْلِدُ النَبَوي») тарзида қўлланганда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари маъносини англатади. Бироқ ўзбек тилида мазкур маъно учун “мавлуд” (ар. مَوْلُودٌ) сўзи ишлатилиб, у луғатда “туғилган”, “гўдак”, “янги туғилган бола” маъноларини билдиради[3]. Манбаларда ушбу маросимга нисбатан “мавлид” сўзи ҳам, “мавлуд” сўзи ҳам  қўлланилган. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳар иккала сўзда бир маъно, яъни Пайғамбаримизнинг туғилган кунлари шарафига атаб ўтказиладиган маросим кўзда тутилади, дейиш мумкин.

Мусулмон мамлакатлари орасида кенг тарқалган мазкур маросим одатда Рабиул аввал ойининг 12-кунида нишонланади. Кўпгина араб мамлакатларида, шунингдек, юртимизда ҳам мазкур ойда Имом Абу Жаъфар Барзанжий (ваф. 1763 й.) қаламига мансуб араб тилида ёзилган “Мавлид ан-набий” қасидасини ўқиш учун масжид ва хонадонларда махсус маросимлар ўтказилади”[4].

Аввало шуни таъкидлаш керакки, мавлуд маросими пайғамбаримиз даврларида ҳам, ундан кейинги 3-4 аср давомида ҳам ўтказилмаган. Чунки у пайтда саҳобалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганлари ва барча воқеаларга гувоҳ бўлганлари учун  Расулуллоҳ уларнинг қалбида ва хотирасида муҳрланиб қолганлар. Вақт ўтиши билан одамлар бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни унута бошлаганлар ва уларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибратли сифатлари ва кўрсатган қаҳрамонликларини ёдга олишга эҳтиёж туғила бошлаган. Шу сабабли бир қанча янгиликлар пайдо бўлди[5].

Айрим манбаларга кўра мазкур маросим дастлаб XI асрда Убайдийлар (Фотимийлар) даврида фақат Шиа имомлари доирасидагина ўтказилиб, унга омма жалб этилмаган. Кейинчалик XIII аср бошларида сунний ҳукмдорлар томонидан ҳам ўтказила бошланган[6]. Ироқ ҳукмдори Музаффариддин 1207 йил оммавий маросим сифатида мавлудни нишонлагани, унда қурбонликлар қилиб, катта зиёфат ҳозирлагани ва совға-саломлар улашгани ҳақида маълумотлар мавжуд[7].

“Мавлудун-набий”, “мавлуди Али”, “мавлуди Фотима”, “мавлуди Ҳасан”, “мавлуди Ҳусайн” ва “мавлуди халийфа” каби мавлуд маросимлари ҳам мавжуд. Бироқ сунний мусулмонлар орасида асосан “мавлудун-набий” кенг тарқалган. Миср, Сурия, Саудия Арабистони, Покистон, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Гамбия, Нигерия, Туркия ва бошқа мамлакатлар, жумладан, юртимизда ҳам кенг тарқалган мазкур маросим моҳиятан деярли барча мусулмонлар ўртасида бир хил бўлса-да, минтақавий хусусият ва турли халқларнинг менталитети таъсирида ҳар бир ҳудудда ўзига хос шаклда ўтказилади. Масалан, Ғарбий Африкадаги Гамбия Республикасида янги йил, мустақиллик куни, Рамазон ва қурбон ҳайитлари қатори мавлуд ҳам миллий байрам сифатида ҳар йили кенг нишонланади[8]. Саудия Арабистони, Эрон, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Сурия, Нигерия республикаларида ҳам мавлуд расмий байрам ҳисобланиб, «дам олиш куни» деб эълон қилинган[9]. Бошқа жойларда эса анъанавий диний маросим сифатида ўтказиб келинади.

Ўзбек халқи ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи мазкур маросимни юртимизга кириб келиши ҳақида “ал-Ислоҳ” журналида шундай дейилади: “Миср, Арабистон, Туркия каби Ислом мамлакатларида фаҳрул коинот афандимизнинг туғулғон кечаларини таъзим этиб, аввал муборак зотнинг руҳларини шод этмак нияти ила ташкил этилган мавлуди шариф ўқулиб, аввал ул жанобнинг таржимаи ҳоллари баён этилғони учун бизларнинг мамлакатларимизда ҳам холис ният ва оқ кўнгиллик уламои асримиз ҳам бу суннати ҳасанани Ислом мамлакатларина тақлидан тантана рўшде[10] эҳйо[11] этиб аввал муборак кечада расулимизнинг руҳи шарифларина хатм қилиб, бахшиш этмак ва онинг Исломға кўрсаткон хидматлари, ахлоқ ва шамойилларини халойиқға англата туруб бир миллий байрам машруъ[12] рўшдегини талаққи[13] эткон эдилар”[14]. Ушбу маълумот мавлуд маросими бизнинг ҳудудга бошқа мусулмон мамлакатлардан кириб келгани ва уламоларимиз яхши ният билан унга рухсат берганларини тасдиқлайди.

Халқимизда “Мавлуд маросими қилинган хонадонга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳлари киради, хонадонга файз-барака ёғилади ва унда хизмат қилганларни қиёмат куни Пайғамбаримиз ўз шафоатларига олишлари мумкин” деган халқона тушунча мавжудлиги сабабли, одамлар юксак ҳурмат ва ихлос билан Рамазон ойида ифторлик маросимини ўтказиш кунларини ўзаро бўлиб олгандек, ушбу маросимни ҳам навбатма-навбат туриб, ўтказадилар.

Шунингдек, халқ орасида мавлуд баракотли ой ҳисобланиб, унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан ҳаво ҳарорати ҳам мўътадил, ёқимли бўлиши, ёмғир ёғишини кутаётган жойларга ёмғир ёғиши ёки қуёшни кутаётган жойларда қуёш чиқиши каби ҳодисалар ҳам  кузатилган.

Мавлуд маросимига миллий урф-одат ва анъаналаримизнинг синкретлашуви натижасида, ҳар бир вилоят, шаҳар, туманларда ўзига хос анъана ва тартибда ўтказилади.  Масалан, мазкур маросим бошқа жойларга нисбатан Тошкент шаҳрида анча кенг тарқалган бўлиб, уни имомлар бошчилигида эркаклар ҳам, отинойи бошчилигида аёллар ҳам ўтказадилар. Фарғона водийсида эса асосан эркаклар, айрим ҳолатларда аёллар иштирокида ўтказилади. Маросимда ихчам тарзда зиёфат уюштирилиб, унда йиғилганларга Пайғамбаримизнинг тавсифлари битилган китоблардан, хусусан Имом Абу Жаъфар Барзанжийнинг «Мавлид ан-набий» китобидан парчалар ўқиб, таржима қилиб берилади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ этувчи мадҳиялар, қасидалар ва салавотлар ўқилади. Қуръон тиловат қилинади, садақалар берилади ва савоби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланади.

Юртимизнинг турли ҳудудлари, хусусан Тошкент, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларида ўтказиладиган аёллар иштирокидаги мавлуд маросимида Пайғамбаримиз ҳаётлари давомида рўй берган мўъжизалар, гўзал ахлоқлари ва маросим тарихига оид турли ривоят ва афсоналар билан бошланишига алоҳида эътибор берилади. Отин қироат давомида қўлидаги тасбиҳ билан бир неча марта аввалдан тайёрлаб қўйилган патнисдаги таомларга “дам солади”. Айрим хонадонларда отин фақат китоб билан чекланиб қолмай, аёлларга кундалик турмуш тарзида мавжуд муаммолар ҳақида амру маъруф ҳам қилади. Қироат тугагач уй бекаси ҳар бир аёлга олдиндан тайёрлаб қўйган мушк*ни узатади. Аёллар боқий ҳаётда фаришталар топиб олиши учун мушкдан бир неча томчи суртадилар. Маросим сўнгида уй бекаси отиннинг хизмат ҳаққи қўйилган алоҳида патнис олиб киради. Патнис даврада айлантирилиб, ҳар бир аёл атаганини унга солганидан сўнг, отинойига узатилади. Бундан ташқари уй бекаси отинойига ширинлик ва бошқа нарсалар солинган тугун ҳамда бошқа аёлларга битта нон ва ширинликлардан беради. Аёллар мавлуди шариф баракотидан оила аъзоларини ҳам баҳраманд қилиш умидида уларни олиб кетадилар.

Мавлуднинг бундай тарздаги кўриниши нисбатан кенг тарқалган. Маросимни юқори савияда ўтказиш, аёлларнинг диний тасаввур ва тушунчаларини шакллантиришда отинойилар асосий роль ўйнайди. Чунки аёллар бундай маросимлардан диний тушунчаларини кенгайтириш билан бирга ахлоқий-тарбиявий ва маънавий озуқа оладилар. Отин ойи ҳамда ёши улуғ онахонлар билан суҳбатда бўлиб, улардан ҳаёт сабоқларини оладилар. Тадқиқотчилар ҳам мавлуд аёллар учун “руҳий таскин топиш имконини беради ва мулоқот, яъни бир-бирини янгиликлардан хабардор қилишнинг ҳамда кундалик муаммоларни муҳокама қилишнинг бир усули”[15], деб ҳисоблайдилар.

Бугунги кунда диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллаган, ҳаётий тажрибаси етарли аёлларнинг отинойилик қилаётгани ва аёлларга илм-маърифат зиёсини улашаётгани қувонарли ҳол. Лекин баъзи ҳолларда диний маросимлар, хусусан, мавлуд маросимига отин сифатида чақирилаётган аёлларнинг диний ва дунёвий билимлари саёзлиги сабабли айрим камчиликлар, жумладан, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликларга йўл қўйилаётгани, ножўя амаллар, ирим-сиримларнинг бажарилиши ихтилофларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Бундан фойдаланишга уринган баъзи оқимлар, маросимни ўтказиш куфр, ширкка олиб боради, деган даъво билан ҳам чиқдилар. Жумладан, мавлудни нишонлаш ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатидан умидвор бўлишни инкор этиш ғоясини илгари сурган сохта салафийларнинг иддаоларига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар мавлудни нишонламаганлар. Одамларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпчилик бўлиб салавот айтиши эса диндаги бидъат бўлиб, у залолатга етаклайди. Уларнинг фикрича, Аллоҳдан бошқани улуғлаш ва ҳурмат кўрсатиш ширк амал ҳисобланади. Бу эса куфрга олиб боради. “Сизлар мени насронийлар Исо Масиҳни улуғлагандек улуғламанглар!” мазмунидаги ҳадис бундай хулоса учун асос бўлади, деб ҳисоблайдилар. Аслида эса, бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини илоҳ сифатида улуғламаслик кераклигини таъкидлаганлар[16].

Машҳур исломшунос олим, фақиҳ Юсуф ал-Қардовий шундай таъкидлайди: “Мен ушбу маросим ўзининг ижобий натижасини беришига, яъни мусулмонларнинг Исломга янада яқинлашиши ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан ибрат олишларига ишонаман. Унда тақиқланган амаллар бажарилса, қандай ва ким бажаришидан қатъий назар, нотўғри деб ҳисоблаймиз”[17].

Мавлудун-набийни ўтказиш Ислом шариатига мувофиқ амаллардан ҳисобланади. Азҳар уламолари фатвосидаги “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз туғилган кунларини ҳар йили эмас, балки, ҳар ҳафтанинг душанба куни нишонлардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар душанба куни рўза тутардилар. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима учун ҳар душанба рўза тутишларини сўраганларида: “Мен шу куни туғилганман”, деганлар. Жумҳур уламоларнинг “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилиш савобли амаллардан ҳисобланади”, деган фикри ҳам бунинг исботи бўла олади[18].

Умуман олганда халқимиз ижтимоий ҳаётида диний қадрият сифатида сақланиб келаётган мавлуд маросимини ўтказиш, уламоларимиз томонидан «маъқул» деб топилган. Пайғамбаримизнинг ҳадисларига биноан у зотга салавот айтиш савобли иш бўлиб, мавлуд ўтказишдан мақсад ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга жамоат бўлиб дуруд салавотлар йўллаш, у кишининг сийратлари ҳақида маълумот олишдир. Ортиқча исрофгарчилик ва бидъат-хурофотларга йўл қўйилмаса, ушбу маросимни ўтказишдан зарар йўқлиги таъкидланган.

Наргиза Каримова

[1] Саримсоқов Б. Маросим фольклори.// Ўзбек фольклори, очерклар. – Т.: 1988. – Б.152.

[2] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Икки томлик. I А–Р. – М.: “Рус тили”, 1981. – Б. 438.

[3] Қаранг: Ан-на‘йм. Арабча – ўзбекча луғат. – Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2003. – Б. 933.

[4] Қаранг: Ислом. Энциклопедия. А-Ҳ /З.Ҳусниддинов таҳрири остида. Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. – Б.146.

[5] Юсуф аль-Кардави.Современные фатвы. – М.: “Андалус”, 2004. – С. 168.

6 Kaptein, N.J.G. (1993). Muhammad’s Birthday Festival: Early history in the Central Muslim Lands and Development in the Muslim West until the 10th/16th Century. Leiden: Brill.

[7] Қаранг: Schussman, Aviva (1998). «The Legitimacy and Nature of Mawid al-Nabi: (Analysis of a Fatwa)». Islamic Law and Society Vol. 5 (No. 2): p. 216.

[8] Қаранг: Гамбия – Энциклопедия “Вокруг света”. http://www.vokrugsveta.ru/encyclopedia/index.; Официальные праздники и выходные дни в Гамбии. http://www.basha.lv/?wp=1461&lg=1

[9] Саудовская Аравия, Иран, Малайзия, Индия, Пакистан, Нигеpия. Официальные праздники и выходные дни. http://www.basha.lv/?wp=1281&lg=1;

Сирия. http://www.geosap.com/cgi-bin/ph.cgi?l=rus&page=country&country=153&action=articles&action1=showart&artid=281

[10] Рўшд –ривожлантирмоқ.

[11] Эҳйо – қайта тикламоқ, жонлантирмоқ.

[12] Машруъ – шаръий, шариат руҳсат берган.

[13] Талаққа – қабул қилмоқ, олмоқ, …деб қабул қилмоқ.

[14] Мавлуди шариф ҳақинда. // Ал-ислоҳ. – Т.: 1916. – Ж. 2. – № 6. – Б. 170.

* Мушк – хушбўй атир.

[15] Тўхтахўжаева М. Ўтмиш толиқтирган аёллар. – Т.: 2002. – Б.80.

[16]Мелиқўзиев Ж. Ҳалокат тузоғи. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2010. – Б. 9.

[17] Юсуф аль-Кардави.Современные фатвы. – М.: “Андалус”, 2004. – С. 169 — 170.

[18] Мелиқўзиев Ж. Ҳалокат тузоғи. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2010. – Б. 9. Қаранг: Ҳидоят ортига яширинган залолат. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2010. – Б. 25.

Баҳам кўринг

Leave A Reply