Мавлид ойини қандай ўтказамиз? (Танловга келган 2-мақола)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   Мавлид ойини қандай ўтказамиз?

Ҳар йили рабиул аввал ойи келганда бутун дунёдаги кўп сонли мусулмонлар қалбларида Аллоҳ таоло Ўз Китобида «Ва албатта, сиз буюк хулқдасиз» ( Қалам сураси, 4-оят) деб шарафлаган, жамики эзгу инсоний фазилатлар соҳиби, севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотиралари қайта жонлангандек бўлади. Дунёнинг барча бурчакларида у кишининг муборак сийратларини ёдга олиш ниятида мавлуд тадбирлари ўтказилади. Саодат асрида мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ичида яшаганлар. Бу муборак ҳаётнинг ҳар бир қисми уларга маълум бўлгани учун у кишининг ҳаётларини алоҳида ўрганишга эҳтиёж бўлмаган. Тобеинлар даврида ҳам одамлар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳаёт йўлларидан яхши хабардор бўлишган ва ҳадисларни тўлалигича сингдиришга ҳаракат қилишган. Шунинг учун бу даврда ҳам сийрат илмини ўрганишга у қадар кучли талаб йўқ эди. Кейинчалик мусулмон халқлари кўпайиб, мусулмон диёрлари кенгайиб бориши асносида илм аҳллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни одамларга танитиш мақсадида махсус илм мажлислари ташкил қила бошлаганлар. Бугунги мавлуд маросимлари тарихи шунга бориб тақалади. Албатта, Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётларини ҳар вақт ўрганишимиз, У кишининг муборак хотираларини йилнинг ҳар қандай вақтида эслаб туришимиз керак. Лекин ўзлари таваллуд топган ойда севикли Пайғамбаримиз(соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни хотирлашга рағбатимиз ортади. Бу ой бизга у кишининг сийратларини ёдга олишга яна бир қулай фурсат беради. Хўш, бу ойни қандай ўтказамиз? Оиламизга манфаатли бўлиши учун бу ойда қандай амалларни қилсак мақсадга мувофиқ бўлади? Келинг, бу борада нималар қилишимиз мумкинлигини биргаликда ойлаб кўрамиз: • Суннатга риоя қилиш. Ҳар бир қадамимиз суннатга мувофиқ бўлишига имкон қадар ҳаракат қилиш. • Хатм. Қуръони Каримни хатм қилиб, савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, ўтган мусулмонларга бағишлаш. • Салавот. Ҳар куни салавотларни бир неча ададда айтишни мақсад қилиш ва амалга ошириш. Болаларга осонроқ сийғаларни ўргатиб, уларга ҳам ададини ҳисоблашга чақириш. • Кунлик мутолаа. Ҳар куни сийрат китобларининг биридан 15-20 саҳифа ўқиб боришга вақт ажратиш. • Оилавий илм мажлислари ўтказиш. Ҳафтада 1-2 ҳамма учун мос кунни танлаб, унда бирор ҳадис китобни ўқиб, фикр алмашиш. • Нафл рўзалар. Суннатга мувофиқ ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш. • Таомлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўриб еган таомларни дастурхонга тортиш. • Болалар билан машғулотлар. Ҳар куни болаларга тушунарли тилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан сўзлаб бериш. Сийратга доир машғулотлар қилиш (шажара дарахтини ўрганиш, ҳар хил савол-жавоблар билан олинган билимларни мустаҳкамлаш). • Илмий суҳбатлар. Шариатга мақбул доирада мавлид маросимларини ўтказиш, илм аҳллари суҳбатларидан баҳраманд бўлиш. • Садақа. Муҳтожларга садақа беришни кўпайтириш. Дўстларга сийратга, ҳадисга оид китоблардан ҳадялар қилиш. Мавлуд ойи бизга сийрати набавийя билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари, гўзал хулқлари билан боғланишимиз учун бир имкониятдир. Зеро, у кишининг фазилатлари ва сифатларини билиш билан ул Зотга мукаммал иймон келтира оламиз. У Зоти муборакнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб чиқиш орқали садоқат билан чуқур муҳаббат қўя оламиз. Аллоҳ таоло Ўз Китобида марҳамат қилган: «Биз қалбингни саботли қилиш учун сенга Пайғамбарлар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз. Бу (сура)да сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди» (Ҳуд сураси, 120-оят).

Зарнигор Аҳмадалиева

Мавзуга оид мақолалар
Ҳаром. Шариат тарк қилишни шубҳасиз, қатъий далилга суяниб, жазм ила талаб қилган нарса ҳаромдир. Одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино ва ўғрилик қилиш кабилар шу давоми...

02:30 / 21.04.2017 2776
Диндор одам бўлганим учун ўртоғим мендан уйида содир бўлаётган нотинчлик ва ғайритабиий ҳолатлар сабабини сўраб қолди. Шаҳримиздаги машҳур олимлардан бири давоми...

04:09 / 05.12.2016 3959
Шайх Муҳаммад Аввома   беназир муҳаддис олим биринчи қисм Аввал хабар берганимиздек, муҳаддис олим Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ Ўзбекистонга ташриф давоми...

06:23 / 26.09.2018 4850
Шубҳасиз, умид қилиш керак, лекин шу билан бирга ҳавф ҳам лозим. Баъзи уламоларнинг фикрича, бундай тахаллусланишларда нафсни поклаш бордек. Яна Аллоҳ билади. давоми...

03:42 / 23.04.2019 2023