Мавлид ҳақида бир оғиз

0 194

 

Ҳижрий тақвимнинг учинчи ойи рабиъул аввал ҳисобланади. Бу ойда башарият саййиди, саховат соҳиби, пайғамбарлар хотами Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар.
Бошқа пайғамбарлардан фарқли ўлароқ, Аллоҳ у зотни бутун инсониятга элчи қилиб юборди. Олдинги расуллар бир қабила ёки бир қишлоққа пайғамбар бўлган бўлишса, у зот бутун олам учун юборилган эдилар.
Аввалги набийларнинг рисоласи маълум таълимотлар ва муайян вақтга чегараланган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган таълимот барча замону маконга мўлжалланган ҳамда қиёматга қадар давом этиши оламлар Робби томонидан ирода қилинган эди. Шунингдек, илгариги пайғамбарлар вафот этишлари билан нубувватлари якунланиб, кейинги набий рисолатни давом эттирарди. Пайғамбаримизнинг нубувватлари эса дунё ниҳоясига қадар инсонларни тўғри йўлга бошловчи ҳидоят машъалидир.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам арабу ажамга, оқ танли-ю қора танлига, бойу камбағал – барча-барчага саодатни олиб келдилар. Зеро, Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб жўнатишдан кўзлаган асосий мақсадини баён қилиб шундай деган:

وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ [الأنبياء : 107]

«(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат* қилиб юборганмиз».
Шунинг учун инсу жиннинг барчасига, оддий одамдан тортиб пайғамбарларгача – ҳамма-ҳаммага ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларига иймон келтириш вожиб.
Набий алайҳиссалом маънавий сўниб бораётган башариятни ўзларининг ҳидоят ва маърифат сувлари билан суғориб ҳаётга қайтардилар. Одамлар орасидан йўқ бўлиб кетаёзган биродарлик ва меҳр-оқибат уруғларини экиб, уларни қайта ундирдилар ҳамда йигирма уч йил ичида парваришлаб, қиёматга қадар асло йўқ бўлиб кетмайдиган даражада мустаҳкам ўрнатиб кетдилар.
Инсоният Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарофатлари билан дунё торлигидан унинг кенглигига, зулмидан адолатига, шак ва гумондан ишончга, ноумидликдан саодатли келажакка, жаҳолатдан маърифатга, йўқликдан кенгчиликка, залолатдан ҳидоятга эришди.
Бутун инсоният умумий тарзда, мусулмонлар эса хусусий тарзда бу зотнинг олдиларида қарздор.
Бугун уммат мавлиди шариф ўқиш ёки у зотга салавот айтиб, сифатларини васфлаш билан бу қарзини уза олмайди. Бугун ҳар бир уммат Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларини авваламбор ўзида, кейин оиласида, кейин ён-атрофида, кейин маҳалласида, кейин туманида, кейин вилоятида, кейин юртида, кейин дунёда тирилтириши, унга амал қилиш орқали кенг тарқалиши лозим.
Бежизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир оят бўлса ҳам, бошқаларга етказинг», демаганлар!
Аслида фақат бу ойда эмас, бошқа ойларда ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиб, уни ҳаётимизда татбиқ қилишимиз керак.
Рабиъул аввал ойида мавлид ўқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва у зотнинг гўзал ахлоқлари-ю сифатларини эшитиб, хулқи ҳасана билан хулқланиш матлуб амал ҳисобланади.
Лекин “умматман” деган ҳар бир мусулмон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларини эшитиб ўрганиш учун фақат мавлид тадбирлари билан кифояланиб қолмасдан, у зот ҳақларида ёзилган китоблар, мақолалар, илмий иш ва рисолаларни ўқиши, у зотга бағишланган маърузаларни эшитиши лозим.
Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир амалларидан воқиф бўлиш ва у зотнинг суннатларига амал қилиш мақсадида навбатчилик тайин этиб, ўзаро келишиб, Ҳабибимизнинг ҳузурларидан кетишмаган. Масалан, Умар розияллоҳу анҳу шерикларига: «Менинг ишим чиқиб қолганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида турасан ва мен келгандан кейин у зот қилган ишларини менга айтиб берасан! Сенинг ишинг чиқиб қолса, мен у зотнинг ҳузурларида қоламан ва келганингдан кейин кўрганларимни сенга айтиб бераман», деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан бир лаҳзага ҳам кетмас эдилар.
Келинглар, барчамизнинг ҳидоятимизга сабабчи бўлган суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиб, ўзимизда суннатларини тирилтирайлик!
Аллоҳумма солли ъала Муҳаммад ва ъала али Муҳаммад!

«Мазоҳирул улум» университети мударриси
Шайх Муҳаммад Рошид Надавий

Баҳам кўринг

Leave A Reply