Уч талоқ ҳақида

Номаълум сўради 1 йил аввал

Уч талоқ бир талоқ ҳисобланадими ёки учтага ўтадими?

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 1 йил аввал

«Кифоя»дан иқтибос:

«Жумҳури уламолар, жумладан, тўрт мазҳаб фуқаҳолари ҳам «Бир лафз билан айтилган «уч талоқ» уч талоқ ҳисобланади. Бундай ҳолда эру хотин ажрашади, қайта ярашиш имконига эга бўлмайдилар», дейишган.
Баъзи саҳоба ва тобеъинлар, шунингдек, Ҳанбалий мазҳабининг баъзи уламолари: «Бир лафз билан қилинган «уч талоқ»да бир талоқ тушади», деганлар.
Далил ва ҳужжатларни солиштириб, суриштирган уламоларнинг кўплари жумҳур ва тўрт мазҳабнинг қавли кучли эканига ишонч ҳосил қилганлар.
Жумҳур, жумладан Ҳанафий мазҳаби бир лафз билан айтилган уч талоқ учта тушишига кўплаб далилларни келтирганлар. Уларни мисол тарийқасида қисқача баён қиламиз.

  1. Қуръони Каримда талоқ ҳақида келган оятларда бир лафз билан айтилган уч талоқнинг учта тушишига ишора бор.
  2. Уваймир ал-Ажалоний хотини билан мулоъана қилганидан кейин уч талоқ қўйган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу ишини инкор қилмаганлар.

عَنْ رُكَانَةَ بْنِ يَزِيدَ t قَالَ: أَتَيْتُ النَّبِيَّ r فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي طَلَّقْتُ امْرَأَتِيَ الْبَتَّةَ فَقَالَ: مَا أَرَدْتَ بِهَا قُلْتُ: وَاحِدَةً قَالَ: وَاللهِ قُلْتُ: وَاللهِ قَالَ: فَهُوَ مَا أَرَدْتَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالشَّافِعِيُّ وُالْحَاكِمُ.
Рукона ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб:
«Ё Расулуллоҳ! Мен ўз хотинимни узил-кесил талоқ қилдим», – дедим.
«У билан нимани ирода қилдинг?» – дедилар у зот.
«Бир талоқни», – дедим.
«Аллоҳга қасамми?» – дедилар.
«Аллоҳга қасам», – дедим.
«Ундоқ бўлса, ирода қилганингдек», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Шофеъий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Биз «узил-кесил» деб таржима қилган ибора арабча матнда «ал-батта» — «кесилган» лафзи билан ифода қилинган. Бу, талоққа қўшимча сифат зиёда қилиб зикр этишдир. Бу ҳолда, ривоятда кўрганимиздек, талоқ қилувчининг ниятига боғлиқ бўлар экан. Агар Рукона ибн Язийд розияллоҳу анҳу «уч талоқни ният қилган эдим» десалар ҳам гаплари қабул қилинарди.
Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рукона розияллоҳу анҳудан қайта-қайта, қасам ичириб сўрадилар. Агар бир лафз билан айтилган уч талоқ битта тушадиган бўлганида бундай қилмас эдилар.

  1. Мусулмон уммати бир лафз билан айтилган уч талоқ учта тушишига қадимдан ижмоъ қилиб келган.
  2. Катта саҳобалардан кўплари ўзларига шу масалада савол тушганда уч талоқ тушиши ҳақида фатво берганлар.
  3. Қиёс қилинадиган бўлса, талоқ ҳам мулк ҳисобланада ва унинг эгаси хоҳлаганича тасарруф қилади.

Шундай бўлса ҳам, кейинги пайтларда бу масалада заиф қавлга амал қилишга ўтган томонлар бор. «Зарурат юзасидан расмий равишда заиф қавлни қабул қилинса, ўшанга амал қилса бўлаверади», дейишсади бу ишни маъқуллаганлар.

Баҳам кўринг